Саида ва Шаҳноза Мирзиёевалар саҳифаларида сиёсий фаолият билан бирга шахсий ҳаёт лаҳзаларини ҳам мунтазам бўлишади. Шу каби фаоллик кичик куёв Отабек Умаровда ҳам кузатилади, катта куёв Ойбек Турсунов бу борада камнамо.
Сўнгги пайтларда эса президент оиласининг кичик вакиллари - набиралар иштирокидаги видеолар ҳам кўпайган. Бундай контентлар одатта мақтовга йўғрилган изоҳлар билан тарқалади.
Давлат раҳбарининг иккинчи қизи Шаҳноза Мирзиёева ва унинг умр йўлдоши Отабек Умаровнинг фарзанди - Раниа 2025 йил декабрида республика миқёсида ўтказилган “Моҳир фортепианочи” танловида иккинчи ўринни эгаллаган. Бу ҳақда Отабек Умаров шахсий Telegram канали орқали хабар бериб, видеолавҳа жойлаган ва қизининг муваффақияти билан фахрланишини билдирган.
12 октябрда Шаҳноза Мирзиёеванинг мушуги йўқолгани ҳам унинг "Инстаграмдаги" шахсий саҳифасида ташвишли эълон сифатида берилди. Ўн минглаб лайк ва изоҳлар остида мушук қидирилди ва ўша куннинг ўзидаёқ топилди.
Тўнғич қиз, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг ўғли - кичик Шавкат ҳам жамоатчилик эътиборида тез-тез намоён бўлади. У онаси билан тадбирларда, шунингдек, оилавий лаҳзалар акс этган контентларда кўринади.
Саида Мирзиёеванинг “миссияси” сифатида тақдим этилган кўп серияли, қисқа ҳужжатли фильм форматдаги видеоларда ҳам унинг иштироки кузатилади. Шу билан бирга, президент набиралари оналари билан бирга чет эллик юлдузларнинг концертларида ҳам томошабинларнинг олди қаторидан жой оладилар.
Сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар президент оиласининг таъсирини кучайтиришда муҳим роль ўйнашини белгилайди:
“Жаҳон тажрибасида ҳам бундай кўриниш бор, лекин у монах тизимидаги мамлакатларга хос. Масалан, Буюк Британияда монах оиласи шаҳзодани ёки шаҳзоданинг фарзандини бошқа президентларга таништириши мумкин. Ёки унинг ҳаётидаги воқеалар хақида элга маълум қилиб туриши мумкин. Ўзбекистонда эса Республика тизими. Бу тизимда ҳамма бир хил, хон йўқ, бек йўқ, амир йўқ. Лекин бизникилар ўзларини монахдек тутишади”.
“Гуров ва ҳамкорлар – Марказий Осиё” коммуникация гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори, тарих фанлари номзоди Қанатбек Мурзаҳалилов эса одатта бундай контентлар сиёсий пиар хизматини ўташини айтади:
“Классик коммуникация тилида бу юмшоқ услубдаги пиар деб ҳисобланади. Иккинчидан, буни ҳокимиятнинг авлодлар орасидаги алоқасини легитимлаштириш воситаси сифатида фойдаланиш деб айтиш ҳам мумкин. Мен ҳозир конкрет бир давлат ҳақида эмас, умумий тарзда гапиряпман”.
27 август куни Тошкентдаги “Бунёдкор” футбол академиясида Ўзбекистон ва дунё футбол афсоналари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтган. Роберто Карлос, Фабио Каннаваро, Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов, Игнатий Нестеров ва бошқа собиқ машҳурлар қаторида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўғли Миралишер ҳамда Саида Мирзиёеванинг ўғли Миромон ҳам иштирок этган. Баъзи тармоқ фойдаланувчилари қўйган "президент ўғли ва неварасининг жаҳон ва ўзбек футболи афсоналарига нима алоқаси бор?" - деган савол эса жавобсиз қолган.
“Ёш боланинг болалиги бўлиши керак. Мактабга бориши керак, тенгдошлари билан ўйнаши керак. Катта амакиларни олдида юриши шарт эмас. Уларни пиарлаб, оммага чиқариш керакмас, бу болаларда қийин кечади ва улар юлдузлик касалига эрта учраши мумкин” – дейди таҳлилчи Сатторов.
Президент оиласи фарзандлари ва набиралари иштирокидаги видео ва суратларнинг бир қисми оила аъзоларининг шахсий саҳифаларида эълон қилинса, бошқалари фан-клублар сифатида юритиладиган саҳифаларга чиқарилади. Уларда президент ва унинг оиласи меҳрибон, элпарвар ва самимий қиёфада тасвирланади. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларнинг катта қисми мақтов ва оилани улуғлаш руҳида ёзилади. Орасида норозилик руҳида ёзилган ёки қайси бир ҳудуддаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратишга чақирган фикрлар ҳам учрайди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова сўнгги пайтларда президент оиласи, айниқса Саида Мирзиёеванинг ишларини мақтаб, тез-тез видеомурожаатлар қилиб келмоқда. Унинг айтишича, аввал ҳал этилмаган ва одамлар ҳаётига қийинчилик туғдирган кўплаб масалалар ҳозирги ҳокимият томонидан бартараф этилмоқда.
“Баракалла! Азизлар, кўряпсизларми, Администрация раҳбари Саидахон Шавкатовна қандай ишлаяпти. Бизга ўхшаган одамлар бўлса, аллақачон саросимага тушиб қолар эдик. У эса ортиқча гап-сўзсиз, ишни жойига қўйиб, ҳам тартибга соляпти, ҳам тарбия беряпти. Жуда чиройли иш, ростдан ҳам таҳсинга лойиқ. Қарсак чалсак арзийди” – деган у 3 декабрда тармоқларга тарқатилган видеода.
Шунингдек, хонанда Тошкент шаҳри устида тарқалаётган қора қурум муаммоси ҳам айнан президентнинг қизи томонидан ҳал этилганини алоҳида таъкидлаган.
"Озодлик" журналистлари кузатувига кўра, президент оиласининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги Марказий Осиёдаги давлатлар орасида Ўзбекистонда кўпроқ кўзга ташланади. 38 миллион аҳолиси бор мамлакатда Instagram, Telegram, Facebook энг оммабоп платформалардан ҳисобланади.
Президент қизлари ўз саҳифаларида Ўзбекистондаги мавжуд муаммолар, асосан ижтимоий масалаларни ҳам кўтариб туришади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай эътибор баъзи масалаларнинг ечимини тезлаштириши мумкин. Шу билан бирга, биринчи оиланинг бундай жараёнлардаги иштироки жамоатчилик томонидан кўпинча ижобий қабул қилинади ва айрим танқидий фикрларни сояда қолдиришда муҳим роль ўйнайди.
“Шахсий ҳаёти орқали халққа ўзини кўрсатиш – “ўз оиласига қилган ғамхўрлигини давлатга ҳам кўрсатади, оиласига яхши қараган одам давлатга ҳам ғамхўр бўлади” деган фикрларни шакллантириш деб қараш мумкин. Бу сиёсий технологиянинг бир элементидир” – дейди эксперт Қанатбек Мурзаҳалилов.
Президент оиласининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги жамоатчиликка очиқлик ва ҳисобдорлик сифатида тақдим этилса-да, расмий ва оилавий контентнинг бир вақтда кўпайиши шахсий ва расмий образни мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳам айтилади.
Экспертлар фикрича, президентнинг ҳар икки қизи амалдор бўлгани учун уларнинг турли ҳудудлар ва чет мамлакатларга қилган расмий ташрифлари оддий аҳолига ҳукумат иши эмас, президент қизларининг саёҳати сифатида туюлиши мумкин.
“Бундай кўз-кўз қилишни, ортиқча ҳашаматга қурилган пиарни бироз тийган маъқул. Чунки жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, айниқса Осиё мамлакатларида бундай йўл узоққа олиб бормайди. Биз буни Бангладешда ҳам, Непалда ҳам, Филиппинда ҳам кўрдик, элитага яқин шахсларнинг фарзандлари ёки қариндошлари ижтимоий тармоқларда ҳашаматли ҳаётини намойиш қилиб келган. Бундай “понт” жамоатчиликда ғазаб уйғотади. Албатта, ҳасад омили ҳам бўлиши мумкин. Аммо асосийси шундаки, мулкий тафовут тобора чуқурлашаётган, электр энергияси, сув ва газ таъминотида қийинчиликлар юзага келиб, нархлар ошиб бораётган бир пайтда бундай кўз-кўз қилиш жамият учун зарарли. Бу пиар эмас, бу понт. Камтарроқ бўлган яхши”- дейди таҳлилчи Рафаэл Сатторов.
Бошқа давлатлар мисоли
Бундай тенденция айрим мамлакатлар раҳбарларининг оилаларида ҳам кузатилади. Масалан, Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев президентлиги даврида унинг қизлари - Дариға ва Алия Назарбоевалар, шунингдек айрим набиралари ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда жуда фаол кўринган. Набиралардан Айсултан Назарбоев эса ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан кўп муҳокамаларга сабаб бўлган, у 2020 йилда вафот этган. Мамлакатдат президент алмашгач ва Назарбоевнинг сиёсий таъсири камайгач, унинг оила аъзоларининг оммавий фаоллиги ҳам кескин пасайган.
Озарбайжонда президент Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева ва қизлари Лейла ва Арзу Алиевалар маданий, хайрия ва халқаро лойиҳаларда тез-тез кўриниб турадилар. Улар ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлиб, расмий ташрифлар ва жамоатчиликка оид тадбирлардан лавҳалар билан бўлишадилар.
АҚШда президент оиласининг оммавий ҳаётдаги иштироки анъанавий ҳолат ҳисобланади. Оқ уйдаги расмий тадбирларда президентнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари иштирок этиши одатий амалиёт бўлиб, биринчи хоним одатда ижтимоий лойиҳалар билан шуғулланади. Президент оиласи миллий байрамлар, хайрия акциялари ва оммавий тадбирларда қатнашади. Ижтимоий тармоқларда эса улар расмий ташрифлар, жамоатчиликка оид ташаббуслар ёки оилавий лаҳзалардан лавҳалар билан бўлишиб туради. Шу билан бирга, улар ҳақидаги барча маълумотлар, ташрифлар ва расмий қарорлар Конгресс ҳамда ахборот воситалари томонидан қатъий назорат қилинади.
Буюк Британия қироллик оиласи эса дунёдаги энг кучли институционал пиар тизимларидан бирига эга. Қироллик маиший ва расмий фаолиятини ёритиш учун махсус коммуникация гуруҳлари, Букингем саройи матбуот хизмати ва Кенсингтон саройининг медиа жамоаси доимий ишлайди. Қироллик оиласи ҳақидаги маълумотлар қатъий тартибга солинган тарзда эълон қилинади, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари миллионлаб обуначига эга ва контент профессионал тарзда тайёрланади.
Форум