Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2026, Тошкент вақти: 23:53

Эрон раҳбарлари ўнлаб миллион долларни мамлакатдан чиқармоқда - АҚШ Молия вазири

Нархларнинг кескин ошиши, инфляция ва миллий валюта қадрининг тушиб кетиши сабаб бўлган оммавий норозиликлар фонида эронликлар кўчаларга чиқди — бу сўнгги йилларда исломий режим учун энг жиддий таҳдид ҳисобланади.

Озодликнинг Эрон хизмати — Фардо радиоси журналистлари воқеа жойидан сўнгги янгиликлар, таҳлиллар ва репортажларни тақдим этмоқда.

15:46 13.1.2026

Iran International: қонли воқеаларда камида 12 минг киши ҳалок бўлган

Ушбу тасвирларда Теҳрон вилояти суд-тиббий экспертиза ва лаборатория марказидаги жасадлар акс этган.
Ушбу тасвирларда Теҳрон вилояти суд-тиббий экспертиза ва лаборатория марказидаги жасадлар акс этган.

Эронда миллий валюта - риалнинг қадрсизланиши ва инфляциянинг ўсишига қарши 2025 йил 28 декабрда бошланган оммавий норозиликлар мамлакат раҳбариятига қарши кенг қамровли норозилик ҳаракатига айланиб кетди. Ҳукумат мамлакатда интернетни ўчиргунга қадар норозиликлар 120га яқин шаҳарга тарқалди. Маълумотларга кўра, Теҳрон намойишларни қурол ва куч ишлатиш орқали бостиришга уриняпти. Кузатувчилар Эронда давом этаётган норозиликларни 1979 йилги Ислом инқилобидан бери диний ҳокимият учун энг катта синовлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Лондонда жойлашган Iran International агентлиги 13 январда эълон қилган ҳисоботида 8–9 январдаги қонли воқеаларда камида 12 000 киши ҳалок бўлгани ҳақида даъво қилди. Агентлик буни Эроннинг яқин тарихидаги энг йирик қирғин сифатида баҳолаган. Маълумотлар, уларнинг таъкидлашича, Эрон Олий Миллий Хавфсизлик Кенгаши, президент аппарати, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва тиббий манбаларга таяниб, бир неча босқичли текширув орқали тўпланган. Эрон ҳукумати Iran International агентлигини “душман медиа” деб атайди ва мамлакатда тақиқлаган.

Эрондаги интернетни ўчириш ва ахборот олиш йўллари чеклангани сабабли бу рақамларни мустақил равишда тасдиқлаш имкони йўқ.

Норвегияда жойлашган Iran Human Rights (IHR) нодавлат ташкилоти 12 январь кунги маълумотида, мамлакатдаги норозилик намойишлари давомида камида 648 нафар намойишчи ҳалок бўлганини билдирган. Улар орасида 18 ёшга тўлмаган тўққиз нафар бола ҳам бор. Ташкилот минглаб одамлар яраланганини қўшимча қилган. Қамоққа олинганлар эса 10 мингдан зиёд.

Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти ҳам 12 январь куни эълон қилган ҳисоботида Эрон ҳокимияти томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш кучайганини маълум қилди. Ҳисоботга кўра, 8 январдан бери хавфсизлик кучлари томонидан мамлакат бўйлаб оммавий ўқ отиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилгани ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд.

"Фардо" радиоси 12 январда эълон қилган видеоларда Теҳрондаги сўнгги намойишларда ҳалок бўлганлар учун ўтказилаётган дафн маросимлари акс этган. Унда одамлар Эрон олий раҳбарига қарши шиорлар айтаётганини кўриш мумкин.

Айни дамда, Эронда ҳукуматга қарши норозилик намойишларини қоралаган тадбирлар ҳам ташкил этилди. 12 январь куни гўёки “хорижий кучлар томонидан рағбатлантирилаётган тартибсизликлар”га қарши Теҳронда йирик намойишлар ўтказилди. Уларда иштирок этган ҳукумат тарафдорлари АҚШ ва Исроилнинг Эрон ички ишларига аралашуви ҳақидаги даъволарни танқид қилиб, миллий барқарорликни ҳимоя қилиш лозимлигини таъкидладилар.

Эрон расмийлари ҳозирча мазкур баёнотлар ва халқаро ташкилотлар ҳисоботларига нисбатан расмий муносабат билдирмаган. Аммо ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Арақчий душанба куни ўтказилган брифингда мамлакатдаги норозиликлар учун АҚШ ва Исроилни жавобгар деб атади. Унинг таъкидлашича, дастлаб саноат уюшмалари ва иқтисодий мутахассислар ташаббуси билан тинч тарзда бошланган намойишлар кейинги кунларда кенгайиб, зўравон тўқнашувларга айланган. Арақчийнинг айтишича, 8 январдан бошлаб гўёки қуролланган гуруҳлар намойишчилар ва полицияга ҳужум қилиб, вазиятни қонли тўқнашувларга айлантирган. Шу билан бирга, у Эрон уруш изламаслигини, аммо эҳтимолий таҳдидларга тайёр эканини билдириб, АҚШ билан адолат ва ўзаро ҳурмат асосида амалий музокаралар ўтказишга тайёрлигини қайд этди.


15:37 13.1.2026

АҚШ фуқароларини Эрондан зудлик билан чиқиб кетишга чақирди

Эронда 2025 йилнинг 28 декабридан норозилик намойишлари давом этмоқда.
Эронда 2025 йилнинг 28 декабридан норозилик намойишлари давом этмоқда.

АҚШ 13 январь куни Теҳрондаги виртуал элчихонаси орқали ўз фуқароларини Эрондан зудлик билан чиқиб кетишга чақирди.

Баёнотда америкаликлар АҚШ ҳукуматидан ёрдам кутиб ўтирмасдан чиқиш режасини тайёрлаб қўйиши, имкони бўлмаса хавфсиз жой топиб, озиқ-овқат ва дори-дармон захира қилиб қўйиши айтилган.

Шунингдек, интернет чекланиши эҳтимолига тайёр туриш, зарурат бўлса Арманистон ёки Туркия орқали мамлакатни тарк этиш тавсия қилинган.

АҚШнинг Эронда дипломатик ва консуллик ваколатхоналари йўқ, унинг манфаатлари Швейцария элчихонаси орқали ҳимоя қилинади.

“Медуза” нашрининг ёзишича, шунга ўхшаш огоҳлантириш 2025 йил июнида ҳам берилган ва унинг ортидан АҚШ Эроннинг бир неча ядровий объектларига зарба берган.

Швеция ҳам ўз фуқароларини Эронга бормасликка чақирган, Франция эса Теҳрондаги элчихонаси ходимларининг бир қисмини эвакуация қилган. Франция Ташқи ишлар вазирлиги элчихона ишлаётганини ва Эрондаги фуқароларига хизмат кўрсатиш давом этаётганини билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча Эрондаги норозиликлар ёки мамлакатдаги вазият юзасидан очиқ баёнот бермади. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Эрондаги ўзбекистонлик фуқароларга қаратилган алоҳида мурожаат ёки огоҳлантириш эълон қилингани ҳақида ҳам маълумотлар учрамади.

15:32 13.1.2026

Зеленский Эрондаги вазиятга эътибор қаратишга чақирди



Эрондаги воқеалар чет эллик лидерлар томонидан ҳам кузатилмоқда. Украина Президенти Владимир Зеленский X ижтимоий тармоғида форс тилида эълон қилган баёнотида жаҳон ҳамжамиятини Эрондаги вазиятга эътибор қаратишга чақирган. Унинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар ва давлатлар жавобгар шахсларни аниқлаш ва аҳолига ёрдам бериш жараёнида иштирок этиши керак.

19:56 12.1.2026

"Эронга зарбанинг бир неча варианти тақдим этилган" - АҚШ ОАВ

The New York Times ҳарбий доиралардаги манбаларга таяниб хабар беришича, сўнгги бир неча кун ичида АҚШ президентига Эронга ҳарбий зарба беришнинг бир неча варианти тақдим этилган, аммо у ҳозирча якуний қарорни қабул қилмаган.

Илгарироқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва республикачи сенатор Линдси Грэм Эрондаги намойишчиларни қўллаб-қувватлаб чиқиш қилган, хусусан Грэм X ижтимоий тармоғида «ёрдам аллақачон йўлда» деб ҳам ёзганди.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғалибоф АҚШ раҳбариятининг баёнотларига жавобан, АҚШ томонидан амалга оширилган ҳар қандай ҳужум Теҳроннинг Исроил ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари билан қарши олиниши, яъни бу объектлар «қонуний нишон»га айланишидан огоҳлантирган эди.

Теҳрон жанубидаги морг, январ, 2026
Теҳрон жанубидаги морг, январ, 2026



Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG