Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2026, Тошкент вақти: 22:23

Эрон раҳбарлари ўнлаб миллион долларни мамлакатдан чиқармоқда - АҚШ Молия вазири

Нархларнинг кескин ошиши, инфляция ва миллий валюта қадрининг тушиб кетиши сабаб бўлган оммавий норозиликлар фонида эронликлар кўчаларга чиқди — бу сўнгги йилларда исломий режим учун энг жиддий таҳдид ҳисобланади.

Озодликнинг Эрон хизмати — Фардо радиоси журналистлари воқеа жойидан сўнгги янгиликлар, таҳлиллар ва репортажларни тақдим этмоқда.

19:42 12.1.2026

Намойишчиларни полиция ўлдирмади - Эрон полицияси бош қўмондони

Эрон полицияси бош қўмондони Аҳмад Радан, суд-тиббий экспертиза хулосаси марҳумларнинг аксари совуқ қурол ва пичоқ ярасидан ўлганини кўрсатди ва бу намойишчиларнинг хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилмаганини билдиради, деб баёнот берди.

Полиция бош қўмондонига кўра, оломон орасидаги махсус «ўқитилган ва бошқарилаётган элементлар» намойшчилар ўлими учун жавобгардир.

Аҳмад Радан ҳукумат бу намойишларни тартибсизлик, деб ҳисоблаши ва шунга кўра, кескин чора кўришидан огоҳлантирди:

«Намойишчилар орасида қуролланган элементлар кузатилди, улар нафақат хавфсизлик кучлари ва полиция, балки оддий одамларга қарата ҳам отганини аниқладик. Америка президенти жаноб Трамп айтган эди: агар одамлар ўлса, биз аралашамиз, деб. Аммо муҳими шуки, Трампнинг баёнотлари ортидан тартибсизлик юзага келтиришни истаган элементлар, эҳтимол АҚШни аралашишга жалб қилиш умиди билан, ўлим сонини оширишга ҳаракат қилди».

Озодлик Эрон хизмати - Фардо радиосига кўра, вазиятни биргина полиция эмас, балки Эрон хавфсизлик кучлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзаро мувофиқлаштирган ва кучайтирилган режимда назорат қилишга уринмоқда.

Фардо радиоси ва CNN телеканалининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, ҳозир мамлакат бўйлаб касалхоналар жасадларга тўлиб кетган. Гувоҳларга кўра, келтирилаётганлар яқин масофадан отадиган - дробовик каби қурол ва жанговор ўқлардан яраланган ёки ўлдирилганлардир.

Теҳроннинг шарқий қисмидаги гувоҳнинг сўзларига кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бўлинмалари киритилгандан сўнг шаҳар де-факто ҳарбийлар назоратига олинган, кўчалар намойишчилар учун хавфли ва тунлари тўхтовсиз ўқ овозлари эшитилмоқда.

Намойишчилар дафн маросими, Эрон
Намойишчилар дафн маросими, Эрон


19:46 12.1.2026

Эронликлар фақат Starlink терминалидан интернетга уланиши мумкин - Эксперт

Netblocks сайти маълумотларига кўра, Эронда интернет ўчирилган. Шунга қарамасдан, сунъий йўлдош ва муқобил каналлар орқали Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги намойишларга оид видеогувоҳликлар пайдо бўлмоқда.

Тадқиқотчиларга кўра, бу сафар мамлакатда интернет ўчирилиши 2022 йилдаги намойишлардагидан ҳам жиддийроқ тус олган.

Экспертларга кўра, ҳозир Эронда интернетга кирувчи ҳамма йўллар ёпилган, ташқи дунё билан боғланишнинг ягона эҳтимолий йўли — Starlink сунъий йўлдош терминалидан фойдаланиш бўлиб қолмоқда, аммо бу ҳам тўлиқ хавфсиз эмас.

БМТнинг мустақил миссияси Теҳрон раҳбариятини зудлик билан интернетни тиклаш ва репрессияни тўхтатишга чақирмоқда. Ташкилот ҳисоботига кўра, 28 декабрда бошланган намойишлар камида 46 шаҳарни қамраб олган.


19:51 12.1.2026

Намойишлардаги шиорлар: "Диктаторга ўлим!" - "Яшасин, Шоҳ!”

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилган ҳамда 1979 йилги Ислом инқилобида ҳокимиятдан ағдарилган Эрон собиқ шоҳининг ўғли - Ризо Паҳлавийнинг қайтишини сўраётган намойишчилар кўринмоқда.

Мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар бўлган Машҳаддаги намойишларда “Паҳлавий ҳокимиятга қайтмоқда”, деган ҳайқириқлар янгради.

Reuters агентлиги тарқатган видеоларда Исфаҳон, Табриз, Бабол каби йирик шаҳарларда Хоманаий суратига «Диктаторга ўлим!», Паҳлавийнинг суратига эса “Яшасин, Шоҳ!” деган ёзувлар битилгани кўринди.

Президент Масъуд Пезешкиён, гарчи аввалига, тинч намойишчиларга қарши куч билан «чора кўрмаслик» ҳақида фармон берган бўлса-да, кейинчалик ҳокимият органлари чораларни кескинлаштиргани кузатилди.

Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши намойишчиларни «қуролланган вандаллар» ва «тинчлик ҳамда хавфсизликни бузувчилар» деб атаб, уларга нисбатан «қатъий ҳуқуқий чора» кўрилишини маълум қилди.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) разведка бўлинмаси буни «террористик ҳаракат" деб атаб, унга жавобан тоқат қилмаслигини ва «душман режаси тўлиқ барбод бўлгунга қадар» операцияни давом эттиришини билдирди.

Эрон армия эса мамлакат миллий манфаати, стратегик инфратузилмаси ва давлат мулкини ҳимоя қилишини ваъда қилди.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён


19:56 12.1.2026

"Эронга зарбанинг бир неча варианти тақдим этилган" - АҚШ ОАВ

The New York Times ҳарбий доиралардаги манбаларга таяниб хабар беришича, сўнгги бир неча кун ичида АҚШ президентига Эронга ҳарбий зарба беришнинг бир неча варианти тақдим этилган, аммо у ҳозирча якуний қарорни қабул қилмаган.

Илгарироқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва республикачи сенатор Линдси Грэм Эрондаги намойишчиларни қўллаб-қувватлаб чиқиш қилган, хусусан Грэм X ижтимоий тармоғида «ёрдам аллақачон йўлда» деб ҳам ёзганди.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғалибоф АҚШ раҳбариятининг баёнотларига жавобан, АҚШ томонидан амалга оширилган ҳар қандай ҳужум Теҳроннинг Исроил ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари билан қарши олиниши, яъни бу объектлар «қонуний нишон»га айланишидан огоҳлантирган эди.

Теҳрон жанубидаги морг, январ, 2026
Теҳрон жанубидаги морг, январ, 2026



Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG