1 апрелда учирилган кема Ойга қўнмайди. Режага кўра, у Ойга яқин масофадан парвоз қилиб ўтади. Бу жараён тахминан олти кундан кейин амалга ошиши кутилмоқда. Ўн кундан сўнг экипаж Ерга қайтиб келади.
“Артемида‑2” АҚШнинг янги ой дастуридаги ҳал қилувчи босқич ҳисобланади. Парвоз давомида астронавтлар чуқур космос шароитида ҳаётни таъминлаш тизимларини синовдан ўтказади.
Миссия муваффақияти дастурнинг кейинги босқичини - Ойга қўнишни ўз ичига олган парвозни амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Дастурнинг умумий бюджети тахминан 93 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Миссия экипажи қуйидагилардан иборат: командир Рид Уайзман, пилот Виктор Гловер, мутахассис Кристина Кох ва канадалик астронавт Жереми Хансен.
Orion космик кемаси (Integrity модули билан) эркин қайтиш траекторияси бўйлаб ҳаракатланади: кема Ой орбитасига кирмасдан, унинг юзасидан тахминан 8 минг километр масофада айланиб ўтади ва Ерга қайтиб келади. Кеманинг Ердан энг узоқ масофаси қарийб 400 минг километрга етади.
АҚШ президенти Доналд Трамп америкалик астронавтларнинг 50 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор амалга ошираётган ушбу миссияси билан табриклади. У Truth Social тармоғидаги саҳифасида шундай ёзди:
“50 йилдан ошиқ вақт ичида Америка Ойга қайтмоқда! “Артемида‑2” - тарихдаги энг қудратли ракеталардан бири, бизнинг жасур астронавтларимизни инсоният ҳеч қачон бормаган даражада чуқур космосга олиб бормоқда. Биз ғолибмиз, космосда ҳам, Ерда ҳам, улар орасида ҳам: иқтисодий жиҳатдан, ҳарбий жиҳатдан ва энди юлдузлар оша ҳам. Америка фақат рақобатлашмайди, биз етакчилик қиламиз, ва бутун дунё бунга гувоҳ. Бизнинг ажойиб астронавтларимизни Худо асрасин, NASA’ни Худо асрасин ва тарихда мавжуд бўлган энг буюк миллат - Америка Қўшма Штатларини Худо асрасин!”.
Fox News ёзишича, “Артемида” дастури Доналд Трампнинг биринчи президентлик муддати давомида, 2017 йилда, америкалик астронавтларни Ойга қайтаришга қаратилган кенг қамровли ташаббус доирасида ишга туширилган.
Форум