Линклар

Шошилинч хабар
17 Aprel 2026, Тошкент вақти: 01:35

Ҳафтада бир кун "спорт куни" - Мирзиёевнинг янги ташаббуси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрел куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Унда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.

Шунингдек, фаол резидентлар орасидан соғлом турмуш тарзи кўнгиллилари корпусини яратиш режалаштирилган. Улар маҳалла миқёсида спорт ва соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилади.

Таҳлилчилар амалдорларни маъмурий усул билан семизликдан қутқариш каби бундай серҳаражат тадбирлар коррупция хавф-хатарларини ўртага чиқаради демоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳоким ва амалдорлардан спорт билан шуғулланишни қатъий талаб қилмоқда.

“Раҳбарлар ўз ходимларига спорт борасида ўзи ўрнак бўлсин”, деди Мирзиёев 7 апрел куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида.

Президент топшириғига кўра, давлат идораларида энди ҳафтада бир кун “Спорт куни” деб эълон қилинади.

Йилига тўртта спорт тури бўйича камида икки марта ходимлар ўртасида мусобақа ўтказилиб, ғолиблар тақдирланади.

Дастур доирасида спорт турларини ривожлантириш учун давлат бюджети ҳисобидан 2021 йилдан бери ҳар йили 104 миллиард сўм ажратиб келинмоқда.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон президентининг кенжа куёви Отабек Умаров ҳам кўринди.

Президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева соғлом спорт кўнгиллилари корпусини шакллантиришга масъул этиб тайинланди.

“Отабек Умаров Ўзбекистонда барча спортга асосий масъуллардан бири. Уни таъсири нуфузи ниҳоятда катта”, дейди журналист Сирожиддин Ислом.

Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари лавозимидан олинганидан сўнг, Отабек Умаров ўз эътиборини тўлиқ спорт соҳасига қаратди. Ҳозирда у Ўзбекистон Олимпия қўмитасини бошқармоқда. Хотини Шаҳноза Мирзиёева эса Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллайди.

Бу эри-хотин ўзбек спортини назорат қилади ва деярли барча спорт тадбирларидан ўз видеоларини тарқатади.

Умаровга алоқадор “7Saber” бренди барча спорт тадбирларида реклама қилинмоқда.

Умаров пайдо бўлган тадбирларда у маҳаллий мулозимлар томонидан алоҳида кутиб олинади.

Тармоқда тарқалган видеода тадбирга борган Умаровни кутиб олган аёллардан бири уни қўлидан ўпгани акс этган.

Аввалроқ маҳаллий матбуот президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб давлат хизматчиларининг йиллик тиббий кўрикдан ўтишини мажбурий жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонлик давлат хизматчилари тиббий кўрикдан ўтишдан олдин жисмоний тайёргарлиги бўйича тестлардан ўтиб, тана массаси индексини баҳолаш учун ўлчаниши керак бўлади.

Семизлик ва коррупция

Шунингдек, давлат муассасаларидаги буфетлар аутсорсингга ўтказилиши маълум қилинди.

Давлат хизматчиларининг ширинликлар, шакарли ва ёғли овқатлар танаввул қилиши чекланади.

“Соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш, албатта, давлатнинг қонуний мақсадларидандир. Ҳозирги вақтда билвосита маъмурий босим тизими пайдо бўлмоқда. Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан бу бир қанча жиддий саволларни туғдиради”, Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.

Надежда Атаева фикрича, бу ташаббус шахсий дахлсизликка таъсир қилади. Жисмоний фаоллик шахсий ҳаёт масаласи бўлиб, агар у давлат назоратига айланса, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади.

“Билвосита мажбурлаш механизми яратиляпти. Босим ҳуқуқий санкциялар орқали эмас, балки маъмурий механизмлар ва рағбатлантириш тизими орқали амалга оширилиши керак. Ўзбекистонда спорт нафақат ижтимоий сиёсат элементи, балки юмшоқ интизом назорати механизми сифатида ҳам қўлланила бошланяпти”, дейди Атаева.

Таҳлилчилар ортиқча ҳаражат қилувчи тадбирлар коррупция хавф-хатарларини ўртага чиқаришини ҳам айтишади.

Ўзбекистон раҳбари ҳукумат мажлисида спорт ва семизлик ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ.

2018 йилда соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган йиғилишда Мирзиёев "ўтроқ турмуш тарзи ва нотўғри овқатланиш туфайли" мамлакат аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга эканлигини айтиб, давлат муассасалари ходимларини зудлик билан озишга чақирди.

2019 йилдаги ҳукумат мажлисида “мамлакатга ортиқча вазнли милиция ходимлари керак эмас” деб эълон қилди.

Ўзбекистон раҳбари 2020 йилда ҳам ҳукумат мажлисида Ўзбекистон амалдорлари орасидаги семизликка эътибор қаратганди.

Бунинг учун "Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" алоҳида фармон ҳам имзолаганди.

Мақсад иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлар жисмоний тарбия билан шуғулланишини таъминлаш бўлган.

Ташаббус аввалига жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларни бошлаб берди. Кейинчалик нима бўлгани номаълум. Бугунга келиб унинг ҳануз давом этаётгани ёки тўхтатилгани хусусида очиқ маълумот мавжуд эмас.

Табиийки, ортиқча вазн муаммоси инсонларнинг мансаб ваколатига алоқадор эмас. Бу ҳар бир кишининг жисмоний фаоллиги, овқатланиш режими ва кун тартиби каби турли сабабларга боғлиқ.

"Мен Мирзиёевнинг бу ташаббусини юз фоиз қўллаб қувватлайман, иш тўғри йўлга қўйилса бу ишлайди", дейди журналист Бахтиёр Шоҳназаров.

Мирзиёевнинг самизликни камайтириш, спорт билан шуғулланиш кераклиги ҳақидаги аввалги чиқишлари ортидан баъзи вилоят ҳокимлари ҳам семизликдан қутилган, югурган одамларга миллионлаб сўм мукофот бериш ғоясини илгари суриб чиққанди.

Аҳолига мурожаат қилган учта вилоят вилояти ҳокими семизликдан қутилган, югурган одамларга миллионлаб сўм мукофот бериш ташаббуси билан чиқди.

Бир вақтнинг ўзида жамоатчиликда ҳокимларда бюджет пулларини бу тарзда тақсимлашга қанчалик ваколат бор деган, савол пайдо бўлган.

Шунингдек, рағбатлантириш орқали ҳокимлар тилга олган муаммолар қанчалик қанчалик ҳал бўлгани ҳам номаълум.



Форум

XS
SM
MD
LG