Украина сешанба куни Россияни ўз дронларидан бирини Эстония ҳаво ҳудудига йўналтирганликда айблади. У ерда дрон НАТОга тегишли қирувчи самолёт томонидан уриб туширилган.
Бу Болтиқбўйи давлатларида катта сиёсий шов‑шувга сабаб бўлган навбатдаги чегара орти дрон ҳодисаси ҳисобланади.
Эстония ҳарбийларининг баёнотига кўра, дрон Россия томонидан учиб келиб, мамлакатнинг жануби‑шарқий қисмида ҳаво ҳудудига кирган.
У ўқув парвози олиб бораётган Руминияга тегишли НАТО қирувчи самолёти томонидан уриб туширилган.
Эстония ҳарбийлари айтишича, дрон мамлакат ҳудудига киришидан олдинoқ кузатув остида бўлган ва уни уриб тушириш қарори тинч аҳоли ва инфратузилмага таъсирни камайтириш мақсадида қабул қилинган.
НАТО Руминия қирувчи самолёти Эстония ҳаво ҳудуди устида дронни уриб туширганини тасдиқлади ва ҳозирда текширув олиб борилаётганини билдирди. Альянс “ҳар қандай эҳтимолий ҳаво таҳдидларига жавоб беришга тайёр ва қодир” эканини таъкидлади.
- Кечагина НАТОнинг Болтиқ ҳаво полицияси доирасида Руминиянинг F‑16 самолётлари Эстония устида дронни уриб туширди. Бу украин дрони эди, аммо у ерда бўлишига Россия агрессиясидан бошқа сабаб йўқ. Асосийси — НАТОнинг ҳаво мудофааси яна бир бор самарали ишлади ва биз ҳудудимиз ёки халқларимизга қаратилган ҳар қандай таҳдидга жавоб бериш имкониятларимизни янада кучайтирамиз, деди НАТО бош котиби Марк Рютте.
Латвия ҳам ўз ҳаво ҳудудига дрон кириб келиши мумкинлиги ҳақида биринчи ҳаво таҳдиди огоҳлантиришини эълон қилди.
Россия билан чегарадош ҳудудларда яшовчи аҳолига уйда қолиш тавсия этилди ва НАТОнинг Болтиқ ҳаво полицияси қирувчилари ҳудудга чақирилди.
Кейинроқ Латвия дрон ҳаво ҳудудига кирганини тасдиқловчи далил топилмаганини айтди. Шундан сўнг Россия билан чегарадош икки туман учун иккинчи ҳаво таҳдиди огоҳлантиришини эълон қилди ва НАТО қирувчи самолëтларини ўша ҳудудга жойлаштирди.
Эстония уриб туширилган дронни украин дрони эканини аниқлади, аммо ҳар икки Болтиқ давлати ҳодисада Москва айбдор эканини билдирди ва Украина Россиянинг уруш олиб бориш қобилиятини заифлаштириш учун унинг ҳарбий нишонларига зарба беришга ҳақли эканини таъкидлади.
Украина ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Георгий Тихий X тармоғида болтиқ давлатларидан узр сўради.
“Россия электрон кураш воситалари ёрдамида украин дронларини Болтиқ давлатлари томон йўналтиришда давом этмоқда. Бундай билмасдан содир бўлган ҳодисалар учун Эстония ва барча болтиқ дўстларимиздан узр сўраймиз.”
У, шунингдек, Киев Россияга қарши дрон ҳужумлари учун Латвия ёки Эстония ҳудудидан фойдаланмаётганини айтди. Болтиқ давлатлари ҳам буни тасдиқлади.
“Бизнинг қонуний ҳарбий нишонларимиз Россия ҳудудида жойлашган ва биз уларга етиб бориш учун Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланамиз”, — деди у.
Россиянинг Эстония ва Латвиядаги элчихоналари изоҳ сўровларига дарҳол жавоб бермади.
Украина президенти Владимир Зеленский ўтган ҳафта Украина Латвияга ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишга ёрдам бериш учун мутахассислар юборишини айтган эди.
НАТО ҳаво кучлари адашиб кирган украин ҳарбий дронини уриб туширганидан сўнг, Эстония далаларида номаълум металл парчалари сочилиб ётгани кузатилди. Бу ҳам Болтиқ давлатларида катта сиёсий резонансга сабаб бўлган навбатдаги чегара орти дрон ҳодисаси ҳисобланади.