Линклар

Шошилинч хабар
21 May 2026, Тошкент вақти: 04:19

Ҳарбий таҳлилчилар: Россия ичкарисига берилган ҳужумлар Украина ҳарбий салоҳиятининг ўсиши белгиси

Украина Россиянинг Рязань шаҳрига берган зарбаси натижасида осмонга улкан қора тутун кўтарилди. Шу билан бир вақтда Украинадаги фронтда Россия ҳужуми секинлашиб бормоқда.

Россия ичкарисига берилган ҳужумлар ҳам, фронтдаги қийинчиликлар ҳам Украина ҳарбий салоҳиятининг ўсиши — ўрта масофали дрон зарбалари билан боғлиқ, дейишмоқда ҳарбий таҳлилчилар ва украиналик қўмондонлар.

Уларнинг айтишича, фронт ортида ўнлаб километр чуқурликда Россия ҳаво мудофааси ва логистикасини нишонга олиш орқали Украина нефть объектлари ва ҳарбий иншоотларга узоқ масофали зарбалар учун йўл очмоқда.

Украина расмийлари сўнгги ойларда “ўрта масофали зарбалар”га кўпроқ ресурс ажратилганини айтмоқда.

- Ўрта масофали зарбалар кампанияси жанг майдонида ўз таъсирини кўрсатаётгани аниқ. Агар ўша ҳудуд устидан ўт очиш назорати ўрнатилса, Украина у ерда ҳаракатланаётган ҳар қандай объектни доимий равишда кузатиб, қайта‑қайта зарба бериши мумкин, деди Финляндиядаги Black Bird Conflict Analysis Group таҳлилчиси Эмил Кастехелми.

“Магонйи” чақирув номи билан танилган украин дрон операторининг айтишича, Россия қўшинлари фронтдан тахминан 50 километр узоқликда ўзларини хавфсиз ҳис қилган ва кўпинча техникани яширишга ҳаракат ҳам қилмаган.

Лондондаги бир таҳлилчи эса Украина томонидан Россия ичкарисига берилган чуқур зарбалар Москвани мудофаасини фронтдан янада орқага суришга мажбур қилганини айтди. Бу эса Украина ўрта масофали дронларига Россия ҳарбий техникасини нишонга олиш учун кенгроқ имконият яратмоқда.

АҚШдаги Урушни ўрганиш инстититу маълум қилишича, Россиянинг жанг майдонидаги илгарилаши октябр ойидан бери секинлашган. Бу қисман ўрта масофали зарбалар, қисман эса маҳаллий мустаҳкамланишлар ва релеф билан боғлиқ.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, бундай ҳужумлар ёлғиз ўзи уруш тақдирини ҳал қилиб юбора олмайди, аммо улар сезиларли таъсир кўрсатмоқда ва уруш динамикаси аста‑секин ўзгариши мумкин.

XS
SM
MD
LG