Украиналик катта ҳарбий қўмондоннинг маълум қилишича, мамлакатда Россиядан фронтда ташаббусни тортиб олиш ва тинчлик музокараларида ўз позициясини кучайтириш учун олти ойлик имконият мавжуд.
У тўрт йилдан ортиқ давом этган урушда яқин орада “бурилиш нуқтаси” юз беришини тахмин қилди.
Россия қўшинлари 2022 йил февралдаги тўлиқ кўламли босқиндан бери секин-аста илгарилаб келмоқда, аммо бу йил бу силжиш суръати пасайди ва Украина қўшинлари уларни ортга суриш учун фронтда босимни кучайтирмоқда.
Украинанинг энг кучли жанговар бўлинмаларидан бири — Учинчи армия корпусига қўмондонлик қилувчи бригадир генерал Андрий Билецкий Россия армияси чарчаган ва катта ёрилувларга қодир эмас деб ҳисоблашини айтди.
- Менимча, келгуси олтидан тўққиз ойгача бўлган давр бурилиш нуқтасидир. Аниқроғи, менимча, келгуси олти ой энг муҳим давр. Чунки ҳозир ёки биз уларни тўлиқ тўхтатиб, олдинга силжишни бошлаймиз, ёки вазият ўзгармай қолади. Ҳозир бу барқарор жараён эмас. Бир неча ойлик ҳолат — бу фақат тенденция, лекин ҳали факт эмас, дейди украиналик қўмондон Алдрей Билецкий.
Унинг айтишича, агар Украина қўшинлари бир неча ой давомида ушбу суръатни ушлаб турса, фронт чизиғида ташаббусни қўлга киритиб, Россияни Донецк вилоятининг ҳали эгалланмаган қисмидан воз кечишга мажбур қилиши мумкин.
Россиянинг илгарилаши Илон Маск томонидан Starlink интернет хизматидан Россия қўшинларини фойдаланишдан маҳрум қилиш қарори билан услубан мураккаблашган.
Шу билан бирга Киев ўрта масофали дрон ҳужумларини кучайтириб, Россиянинг ҳаво мудофааси ва логистика тизимларига зарба бермоқда. Бу узоқ масофали зарбаларнинг Россия нефт ва ҳарбий объектларига етиб боришига ёрдам бермоқда.
- Россияда алоқа соҳасида жуда катта муаммолар бор. Уларда ‘Комета’ каби яхши навигация тизимлари бор ва уларни ‘Шаҳед’лар ёки бошқариладиган авиабомбаларда қўллашади, лекин алоқа масаласи ҳал қилинмаган. Бу муаммони улар бартараф эта олмаяпти. Масалан, Starlink’ни фақат Starlink’нинг ўзи тўлиқ алмаштира олади. Бунга ўхшаш тизим ҳозир дунёда йўқ. Ҳатто Хитойда ҳам бу даражадаги паст орбитали сунъий йўлдошлар тизими мавжуд эмас, дейди қўмондон.
Президент Владимир Зеленский ўтган ҳафта Украина 2026 йилда қарийб 600 квадрат километр ҳудудни қайта назоратга олганини айтган.
Реuters бу рақамни мустақил тасдиқлай олмаган. Ҳозирда Москва Украина ҳудудининг қарийб бешдан бир қисмини назорат қилмоқда.
Билецкий бу муваффақиятлардан хулоса чиқариш ҳали эрта эканини айтди, бироқ Украина буни давом эттириб, ўрта масофали зарбаларни кучайтириши ва “эҳтиёткорлик билан” илгарилаши мумкинлигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Starlink’dan фойдаланиш чеклангандан кейин Москва фронтдаги алоқа соҳасида “жиддий ютқазмоқда”.
Бироқ у технологиялар ривожида томонлар ўртасида мувозанат борлигини таъкидлади. Унга кўра, Украина — ер усти дронлари ва оғир бомбаловчи дронларда олдинда, Россия эса жамлаш мумкин бўлмаган фибро-оптик дронлар бўйича устун.
У бошқараётган корпус Украина армиясини модернизация қилиш намунаси сифатида янги технологияларни, жумладан ер усти дронларини ҳарбий стратегияга интеграция қилиш ишларини бошлаган.