Линклар

Шошилинч хабар
02 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:10

"НАТОга яқинлашув". Туркия Ўзбекистон армиясини қайта қурмоқчими?

Ҳарбий экспертлар фикрича, Ўзбекистон советча моделдан воз кечиб, янада мослашувчан бригада ва тезкор жавоб кучлари тузилмасига ўтмоқда.
Ҳарбий экспертлар фикрича, Ўзбекистон советча моделдан воз кечиб, янада мослашувчан бригада ва тезкор жавоб кучлари тузилмасига ўтмоқда.

Ўзбекистон қуролли кучлари Туркияда ҳарбий машқларида қатнашди. Бу машғулотлардан кейин Анқара Ўзбекистонга махсус ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳини юборди.

Сўнгги йилларда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Қўшма машқлар, ҳарбий таълим, дрон технологиялари ва маслаҳатчилар алмашинуви бу муносабатларнинг янги босқичга чиққанини кўрсатмоқда.

Айниқса, Туркия Озарбайжон армиясини модернизация қилишда қўллаган модел ҳақидаги муҳокамалар энди Ўзбекистон мисолида ҳам тилга олинмоқда. Турк матбуоти Анқара Тошкент билан хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштираётганини ёзмоқда.

20 апрелдан 21 майгача Туркиянинг Измир вилояти, Сефериҳисор туманидаги Дўғанбей ҳарбий полигонида ўтказилган машқларда АҚШдан Япониягача, Озарбайжондан Италиягача бўлган 50 давлат иштирок этди.

Умумий иштирокчилар сони 10 мингдан ошган EFES-2026 машқларида хориждан борган 1305 нафар ҳарбий қатнашди.

Ўзбекистондан нечта ҳарбий қатнашгани расман очиқланмади. Аммо, айнан шу ҳарбий машғулотларидан кейин Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер, Анқара Ўзбекистонга махсус ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳини юборганини маълум қилган.

Яшар Гулер Ўзбекистонни Туркия учун “дўст ва қардош давлат” деб атади. Унинг айтишича, Тошкент турк армияси тажрибасига катта қизиқиш билдирмоқда.

Туркиядаги нашлар ўтган ҳафта генерал-майор даражасидаги тажрибали қўмондон бошчилигида маслаҳатчи гуруҳ Ўзбекистонда расман иш бошлагани ҳақида хабар берганди.

Туркиядаги ҳарбий машқлардан эллик давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам қатнашган.
Туркиядаги ҳарбий машқлардан эллик давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам қатнашган.

“Yenigun” нашрида босилган мақолада айтилишича, ушбу делегация аввал Озарбайжон армиясини модернизация қилиш ва уни турк ҳарбий стандартларига мослаштириш жараёнида муҳим роль ўйнаган моделни Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш ниятида.

Уларнинг вазифаси — Ўзбекистон Қуролли кучларини модернизация қилиш ва турк армияси тажрибасини жорий этиш, дейилади мақолада

Ўзбекистон ўзининг мудофаа салоҳиятини кучайтириш, ўз Қуролли Кучларини турк модели асосида модернизация қилишга интилаётгани ҳақидаги хабарлар Украина уруши ва дунёда кучайиб бораётган геосиёсий танглик манзарасида ўртага чиқмоқда.

Шу йил апрель ойида Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев ва Туркия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Метин Гуракни қабул қилган.

Айнан ўша учрашувда ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш, мудофаа соҳасидаги стратегик алоқалар, минтақавий хавфсизлик каби масалалар муҳокама қилинган эди.

Туркия НАТОга аъзо нафақат ягона мусулмон давлати ва балки дунёдаги энг йирик туркий тилли мамлакат ҳамдир.

Ўзининг илғор қуруқлик, ҳаво ва денгиз салоҳияти ҳамда жадал ривожланаётган маҳаллий мудофаа саноати билан Туркия дунёнинг ҳарбий жиҳатдан энг кучли давлатлар ўнталигига кириши айтилади.

“Марказий Осиё билан Туркиянинг хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлиги янги жараён эмас. Мустақиллик йилларида бу жараён ривожланиб кетди. Хаттоки Туркия йўлидан борамиз деган шиорий ёнлашув ҳам мавжуд эди. Биринчи маъмурият даврида Туркия билан стратегик шерикдик деган қараш ҳам бор эди. Ҳарбий ҳамкорлик томон ҳам йўл олинган эди. Иккинчи маъмурият даврида бу ҳамкорлик янада авж олди”, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келиши ортидан Туркия билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни кучайтиришга киришди.

2017 йилнинг ўзидаёқ икки давлат мудофаа вазирликлари ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжат имзолади.

“Гап шундаки охирги йилларда туркий ташкилот доирасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар кузатиляпти. Уларнинг йўналиши олдинги йилларда кўпроқ маданият, таълим ёки иқтисод соҳаларини қамраган эди. Охирги йилларда хавфсизлик сохаси бу ташкилотда кўзда тутиляпти.Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни бошлаш ҳақида гап кетяпти. Аслида бу ҳавоий орзу ҳам эмас. Бунинг реал амалий натижаси оҳирги пайтларда бўлди ҳам.Туркий давлатлар ташкилотининг бир аъзоси бўлмиш Озарбайжонни Туркия билан айнан ҳарбий, мудофаа соҳасида иттифоқдошликни биз кузатдик. Қорабоғ урушида Озарбайжон Туркиянинг мисли кўрилмаган кўмагини олганини кўрдик”, дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистон армиясига тегишли ҳарбий машиналар.
Ўзбекистон армиясига тегишли ҳарбий машиналар.

Ўзбекистон армиясидаги техниканинг катта қисми ҳали ҳам совет давридан қолган платформаларга таянади. Айниқса танклар, бронетехника, артиллерия ва авиациянинг асосий қисми 1980–1990 йиллардаги техника ҳисобланади.

Танк паркининг асосини Т-72 ташкил қилади. Уларнинг айримлари модернизация қилинган, аммо кўп қисми эски платформа ҳисобланади.

Ҳаво кучларида МиГ-29 ва Су-27 каби совет самолётлари сақланиб қолган. Айрим вертолётлар ва авиация тизимлари янгиланган бўлса-да, паркнинг маълум қисми эскирган.

“Ўзбекистон аста-секин қуйи даражадаги қўмондонлар ва сержантларга кўпроқ ваколат беришга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, у қаттиқ советча артиллерияга асосланган моделдан воз кечиб, янада мослашувчан бригада ва тезкор жавоб кучлари тузилмасига ўтмоқда. Бу Ўзбекистонда узоқ вақтдан бери давом этаётган тенденция ҳисобланади”, дейди Мудофаа ва хавфсизлик таҳлилий маркази директори Майкл Хиллард.

Артиллерия ва бронетехникада ҳам совет мероси устун. Бироқ охирги йилларда Туркиядан янги техника, айниқса дронлар олмоқда.

Замонавий уруш тажрибаси, айниқса Украина уруши ва Қорабоғдан кейин дронларга қизиқиш ортган.

Туркиянинг замонавий қирувчи дронлари Ўзбекистон ҳарбий арсеналига қўшилмоқда.

Энг салмоқлиси - Bayraktar TB2 дронлари.

Ўзбекистонда камида тўртта Bayraktar TB2 дронлари борлиги айтилади.
Ўзбекистонда камида тўртта Bayraktar TB2 дронлари борлиги айтилади.

Ўзбекистон Туркиянинг Baykar компанияси ишлаб чиқарган Bayraktar TB2 дронларини сотиб олгани ҳақидаги илк хабарлар 2023 йилда ўртага чиқди. Уларнинг аниқ сони очиқланмаган, лекин очиқ манбаларда Ўзбекистон ихтиёрида камида 4 та TB2 дрони борилиги айтилади.

Ўзбекистон Туркиядан дронлардан ташқари “Аждар Ёлчин” бронемашиналарини ҳам сотиб олган.

Ҳозир Ўзбекистон армиясида Туркияда ишлаб чиқарилган 24 та “Аждар Ёлчин” бронемашинаси борлиги айтилади.

Бу машиналарни Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқариш режаси ҳам тузилган.Бу машиналар асосан Афғонистон чегараси хавфсизлиги, махсус операциялар,мина ва портлашларга қарши ҳимоя учун фойдаланилади.

Ўзбекистон Туркиядан ANKA дронларини ҳам ҳарид қилган.

2025 йилда Туркиянинг TUSAŞ компанияси Ўзбекистонга ANKA дронларини сотгани ҳақида хабар берилган.

Туркиядан сотиб олинган ҳарбий жиҳозлар, дронлар ва қурол яроғ миқдори ва шартномалар қиймати махфийлаштирилган.

“2021 йилдан кейин Туркия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бўйича шартномалар сони сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, қўшма ҳарбий машқлар, қурол-яроғ харидлари ва ҳатто айрим қуролларни биргаликда ишлаб чиқариш, яъни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнлари ҳам кучайди. Бунинг барчасини бугунги кунда аниқ кўриш мумкин.

Айниқса, жорий йилда ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик жуда катта суръатларда фаоллашди. Марказий Осиё давлатлари СССР парчаланганидан кейин хавфсизлик соҳасида Россияга маълум даражада қарам ва таъсирчан бўлиб қолган эди. Энди эса бу борада Туркияни муайян маънода муқобил ҳамкор сифатида кўриш мумкин”, - дейди Жамоат дипломатияси фонди таҳлилчиси Александр Гдинюк.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат қуролли қучлари таркибини кўздан кечирмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат қуролли қучлари таркибини кўздан кечирмоқда.

Сиёсий таҳлилчилар Марказий Осиё устидан геосиёсий рақобат кучайиб бораётгани, икки энг кўзга кўринган рақиблар - Россия ва Хитой ҳозирда кучайиб бораётган учинчи давлат - Туркия билан рўбарў келаётганини айтишади.

Минтақадаги турк таъсири, айниқса Озарбайжоннинг Анкара кўмагида Қорабоғда эришган ғалабасидан сўнг кучайди.

Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar дронлари Озарбайжоннинг олти йил аввал Арманистон кучларини Озарбайжондаги баҳсли Тоғли Қорабоғ анклавидаги жангда мағлуб этишида муҳим рол ўйнади.

Туркия ва Озарбайжон ҳозирда ҳарбий алоқаларини чуқурлаштиришда давом этмоқда.

Мамлакатлар яқин этник ришталарга эга ва ўзаро муносабатларни “бир миллат, икки давлат” деб белгилайди.

Баъзи таҳлилчилар Анқара ташқи сиёсатда Яқин Шарқдан Марказий Осиёга юз бураётганини айтишади.

“Бу ерда бир нечта муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш керак. Аввало, Туркия шубҳасиз Марказий Осиёдаги туркий тилли давлатлар учун муҳим ва ишончли ҳамкор ҳисобланади. Айниқса, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жуда фаол ривожланмоқда. Бу жараён айниқса 2021 йилдан, яъни Россия ва Украина ўртасидаги тўлиқ масштабли уруш бошланишидан аввал ҳам яққол кўрина бошлаган эди.

Туркия Тоғли Қорабоғдаги операция вақтида Озарбайжонга катта ҳарбий ёрдам кўрсатди. Бу эса Россиянинг Жанубий Кавказдаги, шунингдек қисман Марказий Осиёдаги таъсирини сезиларли даражада камайтирди”, дейди Гдинюк.

Сурия, Ливия ва Қорабоғдаги операцияларда Туркия армиясининг самарали ҳаракатлари кўплаб давлатларда турк ҳарбий моделига қизиқишни кучайтирди.

Сўнгги йилларда Туркия эски ва оғир бошқарув тизимларидан воз кечиб, замонавий ва ҳаракатчан армия яратишга катта урғу бермоқда.

Ўзбекистон ҳам замонавий таҳдидларга жавоб бера оладиган, тезкор ва технологик армия шакллантиришни мақсад қилган.

Бунинг асосий сабаблари —Афғонистондаги беқарор вазият, трансчегаравий терроризм хавфи, жанубий чегараларни мустаҳкамлаш зарурати ва эски совет ҳарбий тизимидан босқичма-босқич воз кечиш истагидир.

Мутахассислар фикрича, Туркия билан ҳамкорлик Ўзбекистонга нафақат ҳарбий кадрлар тайёрлаш, балки замонавий технологияларга ҳам кириш имконини бермоқда.

Булар замонавий дронлар, алоқа тизимлари ва автоматлаштирилган бошқарув технологиялари.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Туркиядаги машғулотларда мунтазам иштирок этмоқда.

Ўзбекистонлик зобитлар эса турк ҳарбий академияларида таҳсил олмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик Анқаранинг Марказий Осиёдаги стратегик сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.

Анқара минтақадаги таъсирини ошириш, туркий давлатлар интеграциясини кучайтириш
ва ўз мудофаа маҳсулотларини экспорт қилишни мақсад қилган.



Форум

XS
SM
MD
LG