АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги стадион - Ўзбекистон терма жамоасининг Португалия билан ўйин давомида - ўзбекистонлик ва Марказий Осиёлик мухлислар билан гавжум бўлди.
Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келган минглаб мухлис Ўзбекистон байроқларини кўтариб, шаҳар марказий кўчаларидан стадион сари тантанали юриб бордилар.
23 июн кунги ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси 0:5 ҳисобида оғир мағлубиятга учраган бўлсада, мухлислар учун бу - Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатдаги дебюти сифатида катта тарихий воқеа бўлиб қолди.
Қуйида бу ўйинни АҚШдан туриб ёритаётган Озодлик мухбири Улан Асаналиевнинг репортажини ўқинг.
Мухлисларнинг Хьюстондаги юриши
Ўзбекистон терма жамоаси илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда.
Мухлислар сафида фақат ўзбекистонликлар эмас, балки Марказий Осиёдан борганлар — қозоғистонлик, қирғизтонлик, тожикистонлик ва туркманистонликлар ҳам кўп бўлди.
Мухлислар сафига Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси ҳам шахсан қўшилди.
Алоҳида эътиборни тортган жиҳатлардан яна бири — ўзбек миллий нақшлари билан безатилган Tesla Cybertruck автомобили бўлди. У Калифорниядан Техасгача минглаб километр масофани босиб ўтди. У нафақат транспорт воситаси, балки мухлислар қўлловининг рамзига айланди.
Трибуналардаги мухлисларнинг энг ёрқин образлардан бири — Амир Темур қиёфасидаги чавандоз эди. У “Криштиану Роналду” деб лақаб қўйилган отга минган ҳолда стадион атрофида кўринди.
Хьюстон стадионида 23 июн кунги ўйинни томоша қилиш учун қарийб 70 минг томошабин йиғилди. Ўзбекистон секторидан янграган қўшиқ ва ҳайқириқлар ўйин давомида тўхтамади.
Ўзбек термаси учун машаққатли ўйин
Майдондаги кураш эса Ўзбекистон термаси учун осон бўлмади. Турнир фаворитларидан бири саналган Португалия ҳисобни жуда тез очди ва биринчи бўлим охирига бориб 3 та гол билан устунлигини янада оширди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўйиннинг катта қисмини ҳимояда ўтказди. Тўп назорати, асосан рақиб томонга тегишли бўлди, хавфли вазиятлар кам кузатилди.
Ўзбекистонлик мухлислар эса бутун ўйин давомида тинмай жамоани қўллаб‑қувватлади. Ҳатто, ҳисоб тинимсиз рақиб томон фойдасига ошган пайтда ҳам сектор сукутга чўмгани йўқ.
Ўйин тугагач, кутилмаган манзара кузатилди — 0:5 ҳисобидаги мағлубиятга қарамай, мухлислар тарқалиб кетмади. Улар трибуналарда қўшиқ айтди ва рақс тушишни давом эттирди.
Бу кайфият стадиондан ташқарига ҳам кўчди. Чиқиш жойларида қўшиқлар, доира садолари ва рақслар яна давом этди. Яъни, майдондаги байрам кўчага ҳам кўчди.
Рақиб мухлисларининг муносабати ҳам диққатга сазовор бўлди. Португалиялик мухлислар ижтимоий тармоқларда ва стадионнинг ўзида ўзбекистонлик мухлисларнинг шижоати ҳамда садоқатига қойил қолганини билдирди.
“Бунёдкор” стадионидаги тартибсизликлар
Ўзбекистон терма жамоаси Хьюстонда майдонга тушган бир пайтда, Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони атрофида ҳам юзлаб мухлислар йиғилди.
Бироқ, Тошкентдаги мухлислар вазияти АҚШдаги каби байрамона эмас, балки тартибсизликлар билан якун топди.
"Бунёдкор" клуби ўйинни катта экранларда намойиш қилишини эълон қилган эди.
Кечқурун стадионга жуда кўп мухлис борди. Айримлари панжаралар орқали киришга уринаётгани, ички ишлар ходимлари эса уларни куч билан тўхтатгани акс этган видеолар интернетда тарқалди.
Тармоқлар яна тренерларни эслатди
Мағлубият ортидан ижтимоий тармоқларда тортишувлар авж олди.
Жаҳон чемпионатига тайёргарлик арафасида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси алмаштирилгани ҳам яна муҳокама марказига чиқди.
Жамоани илк бор мундиалга олиб чиққан Темур Кападзе ўрнига италиялик, жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро тайинланган эди.
“Бу ўйиндаги мағлубият 5:0 ҳеч нарса эмас. Бизнинг асосий энг катта мағлубиятимиз — Каннаварони олиб келганимиз. Бу натижани, агар шу бўладиган бўлса, ўзимизнинг Кападзе ҳам берарди. Ҳайф шунча пул. Осиё чемпионатига Каннаваро билан бориб бўлмайди. Жамоага келиб ҳеч нарса қилмагани аён бўлди”, деб ёзди жумладан тармоқ фойдаланувчиси Ислом Авезов.
Яна бир фойдаланувчи Мўмин Исроил эса: “5:0 ҳисобни нима учун танқид қилмайлик? Битта Ўзбекистон эмас биринчи қатнашаётган. Мана Кабо-Верде — кичкингина оролча, Ғарбий Африкада, аҳолиси 574 минг. Испания билан 0:0 қилиб очко олди, Уругвай билан 2:2 қилди. Ёки ундан ҳам кичик Кюрасао — бир оролча, 130 минг аҳолиси бор, футболчилари ярим профессионал, кеча Эквадор билан 0:0 қилиб очко олди. Булар ҳам биринчи бор иштирок этишяпти”, деб ёзди.
Кичик қизнинг кичик қизи Роналду билан
Тармоқлар улашган яна бир манзара — Ўзбекистон президентининг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёева ва турмуш ўртоғи, мамлакатда зиддиятли фигура сифатида танилган Отабек Умаров томонидан эълон қилинган видео-фотолар бўлди.
Видеолардан бирида бу оила футболчилар кийиниш хонасида ўйинчилар билан учрашгани ҳамда уларга далда бераётгани акс этган.
Президентнинг кичик қизи ва айни пайтда Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари бўлган Шаҳноза Мирзиёева, тармоқларда эълон қилган видеолардан АҚШдаги ўйинни томоша қилиш учун оиласи билан боргани кўринади.
Хьюстондаги ўйинда таниқли санъаткорлар ва амалдорлар ҳам мухлислар сафида кўринди. Уларнинг кўпчилиги натижадан кўра терма жамоанинг чемпионатдаги иштироки муҳим эканини таъкидламоқда.
Терма жамоа муносабати
Бош мураббий Фабио Каннаваро ўйиндан кейинги чиқишида жамоасини ҳимоя қилди. Унинг айтишича, терма жамоалар ўртасидаги савия фарқи катта бўлган.
Шундай бўлса, бу ўйинда бешта голни ўтказиб юбориш хато эканини тан олди:
“Албатта, мураббий жавобгар. Агар 5 та гол фарқи билан ютқазган бўлсак, бу футболчилар эмас, менинг хатоим”.
Жамоа сардори Элдор Шомуродов эса мухлислардан узр сўраб, кейинги ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўришга ваъда берди:
"5:0 албатта жуда катта ҳисоб. Лекин боримизни бериб ўйнадик. Португалия каби кучли жамоага қарши ўйнаганингда 100 фоиз кучинг билан ўйнашинг ҳам камлик қилиши мумкин. Омадинг ҳам келиши керак. Чунки рақиб таркибида индивидуал ва бошқа томонлама жуда кучли ўйинчилар бор. Катта ҳисобда ютқазганимиз учун мухлислардан узр сўраймиз".
Ўзбекистон термасининг вазияти
Ҳозирги турнир ҳолатига кўра, Ўзбекистон икки турдан кейин “К” гуруҳида очкосиз қолмоқда ва сўнгги ўринда бормоқда.
Олдинда — Конго Демократик Республикасига қарши ўйин - 28 июнь куни, Тошкент вақти билан соат соат 4:30 да бўлади.
Вазият мураккаб ва бу ўйиндаги ғалабанинг ўзи кейинги босқичга чиқиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Техник жиҳатдан, Ўзбекистон жамоаси учун гуруҳдан чиқиш имкони бор бўлсада, аммо амалда бу имконият фавқулодда кичик.
Аммо Хьюстон кўчаларида юриш қилган, Cybertruck’ни безаган ва бутун Марказий Осиёни бирлаштирган мухлислар улар учун бу ўйинларнинг натижаси муҳим эмас, демоқда.
Мухлисларга кўра, Ўзбекистон термаси майдонда мағлуб бўлди, аммо трибуналар ва АҚШ кўчаларидаги мухлислари асл қаҳрамонга айланди.
Спорт одатан - мусобақалар натижасидан кўра, каттароқ маънони касб этади — одамларни бирлаштиради.
Бу галги Жаҳон чемпионати Ўзбекистон учун айнан шу жиҳати билан муҳим воқеа бўлиб қолмоқда.
Форум