Линклар

Шошилинч хабар
26 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:24

АҚШ ва Ўзбекистон савдо ҳамкорлигини тезлаштиришга келишди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир билан, 25 июнь, 2026
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир билан, 25 июнь, 2026

АҚШ ва Ўзбекистон икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида савдо соҳасидаги қатор келишувлар бўйича “эрта натижа”(early harvest)га эришганини билдирди.

Бу ҳақда АҚШ томони берган расмий баёнотга кўра, 25 июн куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир ўртасидаги музокараларда шундай келишувга эришилган.

Баёнотда айтилишича, “эрта натижа” - савдо алоқаларида эрта жорий этишга келишилган чоралар булардан иборат:

- Ўзбекистон АҚШдан келадиган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўлланиладиган айрим бож тўловларини бекор қилади ёки камайтиради;

- АҚШ эса ўз навбатида Ўзбекистон товарларига нисбатан тариф сиёсатини кўриб чиқишда қулай шароитлар яратиш, бу жараённи миллий қонунчилик доирасида амалга оширади;

- Томонлар инвестиция соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш йўлларини ўрганади.

Шунингдек, ўзаро савдо ва инвестиция бўйича алоҳида битим тузиш музокараларини жадаллаштириш режалаштирилгани айтилди.

Расмий баёнотга кўра, бу қарорлар АҚШ президенти Доналд Трамп ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида 2025 йилда ўтган учрашувлар келишилган кейинги иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришнинг бир қисмидир.

Ўтган йили эълон қилинган 32 миллиард долларлик қўшма тижорий келишувларда, жумладан, Boeing компанияси билан 8,5 миллиард долларлик шартнома тилга олинганди. Қолган келишувлар нодир қазилмалар, тоғ-кон, энергетика, молия ва ахборот технологиялари каби соҳаларни қамраб олган.

Айни пайтда, АҚШ томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлашини билдирмоқда. Грирнинг Тошкентга сафарига оид баёнотда Тошкент бу йўналишда “сезиларли ютуқларга эришгани” қайд этилган.

Томонлар эришилган келишувлар яқин ҳафталарда ҳужжат сифатида расмийлаштирилишини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG