Линклар

Шошилинч хабар
30 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:28

Эрон МБ: йиллик инфляция суръати тахминан 58 фоизга етди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Эронда йиллик инфляция суръати июн ойи ҳолатига кўра тахминан 58 фоизга етган. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки маълум қилди.

Эрон Миллий статистика марказига кўра, мамлакатда озиқ-овқат, ичимлик ва тамаки маҳсулотлари нархи май ойида қарийб 130 фоизга қимматлаган. Аҳолиси тахминан 90 миллион бўлган давлатда нархлар кескин кўтарилишда давом этмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) таҳлилларига кўра, Эронда инфляция даражаси 2026 йилда қарийб 69 фоизга етиши мумкин.

Агар бу тахмин рост бўлиб чиқса, бу - 1979 йилги Ислом инқилобидан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлади.

Мутахассислар фикрича, Эрон иқтисодиёти кўп йиллардан бери АҚШнинг қаттиқ санкциялари ва давлат бошқарувидаги муаммолар таъсирида оғир аҳволга тушган.

Сўнгги ойларда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари мамлакатдаги иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштирган. Жанглар натижасида муҳим инфратузилма ва саноат объектлари зарар кўриб, ички ишлаб чиқариш издан чиққан ва бу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига олиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG