Линклар

Шошилинч хабар
02 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:19

Яна бир ўзбек рус армиясида Украинага қарши жангга ёллангани учун судланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоятидаги суд Россиянинг Украинага қарши урушида Россия томонида қатнашгани учун 26 ёшли маҳаллий фуқарога озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Суд ҳужжатлари билан танишган Gazeta.uz нашрининг ёзишича, Кўкдала тумани жиноят ишлари бўйича суди Украинанинг Луганск вилоятида ҳарбий хизматда бўлган ўзбекистонликка нисбатан 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.

Нашр, судда бу ўзбекистонлик урушга мажбуран юборилгани ва ҳатто бош тортгани учун уни калтаклашгани ҳақида кўрсатма берганини хабар қилмоқда.

Луганскдан қочган қашқадарёлик

"Урушга боришдан бош тортганим учун жағимни синдиришди", дея иқтибос келтиради Gazeta.uz нашри Қашқадарёда судланган 26 яшар ўзбекистонликдан.

Судланувчи М.Р. Россияга ишлаш учун борганидан сўнг у ерда жиноят учун маҳкум қилинган ва кейинчалик Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузгани айтилмоқда.

Суд ҳужжатларига кўра, М.Р. 2019 йилда ишлагани Россияга борган. У ерда Қирғизистон фуқароси билан боғлиқ жанжал ортидан "оғир тан жароҳати етказиш ва жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиш"да айбланиб, 9 йилга қамалган.

У жазони Удмуртиянинг Ижевск шаҳридаги колонияда ўтаётган вақтда Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизмат шартномасини имзолаган.

Тергов материалларида айтилишича, у Луганск вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда тайёргарликдан ўтган ва қурол-яроғ ҳамда портловчи воситалардан фойдаланиш бўйича машғулотларда қатнашган.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, судда сўзга чиққан М.Р. ҳарбий хизматга бўлмагани, рози бўлмагач унга куч қўлланганини айтган.

"Рози бўлмаганимдан кейин менга нисбатан босим кучайди. Мени бир неча бор изоляторга жойлаштиришди, калтаклашди. Жағим синдирилганини айтдим", дея иқтибос келтиради судланувчидан нашр.

Шунингдек, судланувчи фронтдан қочиш учун Луганскда ҳарбий тайёргарлик вақтида гранатани қасддан ўзига яқин жойга отгани, сўнгра жароҳатланиб Луганскдаги ҳарбий госпиталга ётқизилгани, у ердан эса қочганини айтган.

"М.Р. судда айтишича, бир муддат Донецк вилоятида бўлган, сўнг танишлари ва яқинлари кўмаги билан Москвага етиб борган. У ерда Ўзбекистон элчихонасидан Ватанга қайтиш учун ҳужжат олиб, 2026 йил февраль ойида Тошкентга қайтган", деб хабар қилади нашр.

Суд бу шахсни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) ҳамда 154-1-моддаси (чет давлат ҳарбий хизматига кириш) бўйича айбдор деб топган. Унга, айбига қисман иқрорлигини инобатга олган ҳолда, 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

"Украинада ўлган ўзбекистонликлар 481 нафар"

Украинадаги “Хочу жить!” (Яшашни истайман) давлат лойиҳасига кўра, Россия армияси сафида жанг қилиб Украинадаги урушда ўлган ўзбекистонликлар сони 481 нафар, аммо аниқ рақам бундан кўп бўлиши мумкин.

Лойиҳа муаллифларига кўра, бугун Россия армиясида хизмат қилаётган хорижлик ёлланма аскарлар сони бўйича Ўзбекистон етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Айни пайтда, Украина томонида туриб, рус армиясига қарши жанг қилаётган ўзбеклар ҳам бор.

2025 йилда BBC ва "Медиазона" очиқ манбалар орқали фронтда 118 139 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, деган ҳисоботни эълон қилган.

Ҳисоботга кўра, булар орасида 28 та давлатдан борган 523 хорижлик ҳам борлиги, энг кўп ҳалок бўлган хорижликлар орасида Тожикистон фуқаролари 72 нафар, Ўзбекистон фуқаролари 66 нафар экани айтилганди.

Аммо турли мустақил манбаларда йиғилган бу рақамлар Ўзбекистон томонидан тасдиқлангани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Шунингдек, Россияда қамоқда бўлган мигрантлар, жумладан ўзбекистонликлар ҳам таҳдид ва руҳий босим орқали урушга мажбурланаётгани ҳақида ҳуқуқшунослар огоҳлантириб келмоқда.

2022 йилда бошланган Россия—Украина уруши тўрт йилдирки давом этмоқда.

Украина томонидан — ўлган ва бедарак йўқолган ҳарбийлар сони бир неча ўн мингдан 100 минггача, деб тахмин қилинади. Ғарбдаги таҳлил марказлари умумий қурбонлар (ўлган ва яраланганлар) сонини бир неча юз минг, деб ҳисоблайди.

Россия томонидан — мустақил таҳлилчилар ва Ғарб разведкалари баҳосига кўра, ўлганлар сони 100–200 минг оралиғида бўлиши мумкин.

Тинч аҳоли ўрасидаги талафот, БМТ маълумотларига кўра, Украинада минглабни ташкил қилади, ҳақиқий рақамлар томонлар бераётган расмий рақамлардан юқори кўрилади.

Сўнгги ойларда АҚШ воситачилигида эҳтимолий сулҳ ёки вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар кузатилди. Вашингтон дипломатик каналлар орқали икки томонни музокара столига қайтаришга уринмоқда, аммо Донбасс минтақасида ҳудудий баҳс ва хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳануз келишилгани йўқ.

Аксар таҳлилчиларга кўра, яқин истиқболда тўлиқ тинчликдан кўра, фронт чизиғини номаълум муддатга музлатиш ёки чекланган сулҳ келишуви эҳтимоли юқори бўлиб турипти.

Форум

XS
SM
MD
LG