Линклар

Шошилинч хабар
02 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:19

Киевдаги Голодомор музейи ўз коллекцияларини хавфсиз жойга кўчиришни бошлади

Россиянинг Украинадаги маданий ва тарихий объектларга қарши ҳужумлари кучайиши фонида Киевдаги Голодомор музейи ўз коллекцияларини хавфсиз жойларга кўчиришни бошлади.

Музейдаги буюмлар 1932–1933 йилларда совет раҳбари Иосиф Сталин даврида юз берган сунъий очарчилик қурбонлари хотирасини сақлаб келади. Украина ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари бу фожиани геноцид деб баҳолайди.

Ўтган қишда энергетика инфратузилмаси асосий нишон эканини билардик. Аммо кейинги икки ой ичида Россия ҳужумларининг йўналиши ўзгарди. Энди асосий нишон Киевнинг тарихий маркази бўлмоқда. Сўнгги ҳафталар тажрибаси шуни кўрсатдики, Россия маданий мерос ва маданий муассасалар билан боғлиқ объектларга атайлаб зарба бермоқда. Голодомор мавзуси Россия учун жуда нозик масала ҳисобланади. Россия ўзининг кўплаб расмий баёнотларини Голодоморни геноцид сифатида тан олмаслик атрофида қурган. Шу сабабли музейимиз яқин келажакда Россия ҳужуми нишонларидан бирига айланиш эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди, - деди Голодомор музейи кўргазмалар бўйича бош директор ўринбосари Ольга Мельник.

Мельникнинг тушунтиришича, кўчирилаётган экспонатларнинг аксарияти очарчиликда қурбон бўлган оилаларга ўз аждодларидан мерос қолган буюмлардир. Улар совет даврида хавф-хатарларга қарамай авлоддан авлодга ўтказилиб сақлаб келинган.

Украина маданият вазирининг биринчи ўринбосари Иван Вербицкийнинг билиришича, Россия 2022 йилда босқин бошлаганидан буён мамлакатда қарийб 2000 та маданий мерос объекти ва 2500 та маданий муассаса зарар кўрган.

Июнь ойида Россия дронлари ЮНЕСКО муҳофазасидаги XI асрга мансуб Киево-Печерск лавраси ҳудудига тушиб, унинг марказий собори томида ёнғин келтириб чиқарди.

Зарбалар натижасида Украинадаги энг қадимий санъат тўпламларидан бири сақланадиган Харков санъат музейи, Днепр шаҳридаги йирик галерея ҳамда Киевдаги кино студиялари ҳам зарар кўрди.

Йил бошида эса мамлакат ғарбидаги Львов шаҳрининг тарихий марказига кундуз куни дрон ҳужуми уюштирилганди.

Россия маданий объектларни атайлаб нишонга олаётгани ҳақидаги айбловларни рад этади. Кремль Киевдаги соборга етган зарарни Украина армияси томонидан ишлатилган АҚШда ишлаб чиқарилган ҳаво мудофаа ракета тизимининг носоз ишлаши оқибати, деб изоҳлаган.

Россия президенти Владимир Путин шунингдек очарчилик украин халқига қарши геноцид бўлгани ҳақидаги айбловларни қатъий рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG