Линклар

Шошилинч хабар
03 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:32

Исроилда Тожикистон фуқароси Эрон фойдасига жосусликда гумон қилиниб қўлга олинди

Исроилда Россия ва Тожикистон фуқароси Беҳруз Собирғон Эрон фойдасига жосуслик қилиш ва агентлар ёллашда гумон қилиниб қўлга олинди.

Бу ҳақда Haaretz ва The Times of Israel нашрлари полиция, Умумий хавфсизлик хизмати ҳамда Исроил Мудофаа вазирлигининг қўшма баёнотига таяниб хабар қилди.

Тергов тахминига кўра, Собирғон 2026 йил январидан буён эронлик куратор билан алоқада бўлган ва унинг фаолияти асосий қисми Эрон билан уруш даврига тўғри келган.

Тергов даъвосича, у уруш пайтида "Эроннинг тезкор муваффақиятга эришиши ва халқаро майдондаги мақсадларини илгари суришига” ёрдам бериш ҳаракат қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, унинг вазифалари қаторига Эрон ракеталари зарба берган жойларнинг координаталари, Тель-Авивдаги Azrieli миноралари ҳақидаги маълумотлар ва Ҳайфа порти суратларини узатиш кирган.

Шунингдек, у Исроил шимолидаги "хавфсизлик учун алоҳида аҳамиятга эга объект"ни суратга олишга урингани ҳам даъво қилинмоқда.

АҚШ ва Исроил Эронга қарши қўшма ҳарбий операцияни 28 февралда бошлади. Бунга жавобан Теҳрон Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйди ва Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари, жумладан Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар ва БААга зарбалар берди.

Июн ойида АҚШ ва Эрон масофадан туриб ўзаро англашув меморандумини имзолади, ҳозирда томонлар якуний келишувни тузиш учун техник музокараларни давом эттирмоқда.

XS
SM
MD
LG