Линклар

Шошилинч хабар
04 Iyul 2026, Тошкент вақти: 17:18

Россиянинг Киевга ҳужуми кучайди, шаҳар аҳолиси асосан метрода тунаяпти

Киев аҳолиси сўнгги тунларда тинмаган ҳаво ҳужумидан сақланиш учун Киев метросида тунамоқда.

Айрим оилалар чодир ва ҳаво тўлдирилган тўшаклардан фойдаланмоқда, бундай оилалардан айримларида болалар ва уй ҳайвонлари бор.

Болам мутлақ сукут ва қоронғиликда ухлашга ўрганган. У ухлаб ётган эди. Уни қўлимга олиб биринчи қаватга туширдим ва у уйғониб кетди. Энди эса қайта ухламаяпти. Бу ер ёруғ, итлар ҳуряпти, бошқа болалар бор. Аҳвол шундай, - деди Катерина Кучерява.

Украина маҳаллий ҳокимиятларининг маълум қилишича, чоршанба куни Россиянинг Украина бўйлаб уюштирган ҳужумлари оқибатида олти киши ҳалок бўлган ва қарийб 50 киши яраланган.

Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Харковда еттита бошқариладиган авиабомба шаҳарнинг уч туманига тушгани хабар қилинмоқда. Шаҳар мэри Игор Тереховнинг Telegram орқали маълум қилишича, ҳужум оқибатида 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлиб, 32 киши жароҳат олган.

Одесса вилоятида баллистик ракета зарбаси оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳат олган. Херсон вилоятида микроавтобус ҳам дрон ҳужумига учраган. Вилоят губернатори Александр Прокудиннинг айтишича, оқибатда 18 ёшли қиз ва яна бир киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган.

Россиянинг Украинага босқини бошланганига тўрт йилдан ошди, фронтнинг ҳар икки томонида кундалик равишда ҳужумлар давом этмоқда ва тинч аҳолидан қурбонлар сони ортмоқда.

AFP агентлиги Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотлари асосида ўтказган таҳлилларга кўра, июн ойида Россия томонидан Украинага қарши учирилган узоқ масофали дрон ва ракеталар сони май ойига нисбатан камайган.

XS
SM
MD
LG