Линклар

Шошилинч хабар
22 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 12:56

Хоманаий билан видолашув маросими Ироқнинг Нажаф шаҳрида давом этмоқда

Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий хотирасига Ироқнинг Нажаф шаҳрида осилган плакат, 8 июль, 2026
Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий хотирасига Ироқнинг Нажаф шаҳрида осилган плакат, 8 июль, 2026

8 июл куни Ироқнинг Нажаф шаҳри кўчалари марҳум Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаийнинг жаноза маросими учун тўпланган оломон билан тўлди.

Хоманаий шарафига ўтказилаëтган видолашув маросимлари 4 июл куни Теҳронда бошланди, 9 июль куни Эроннинг шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида оятуллоҳни дафн этиш билан якунланади.

Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоманаий ҳозиргача отаси, ўзидан олдинги олий раҳбар бўлган Оятуллоҳ Али Хоманаий учун ўтказилган жаноза намозида иштирок этмади.

Мужтабо Хоманаий 28 февраль куни отаси ўлган ҳужумда жароҳат олгани ҳақида хабарлар чиққанидан бери кўрингани йўқ. Бу унинг соғлиғига оид саволларни кучайтирмоқда.

Эрон АҚШ ва Исроил билан уруш бошланган илк кунларда ҳалок бўлган кўп йиллик олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий хотирасига бағишлаб мамлакат бўйлаб бир ҳафта давом этадиган улкан дафн маросимлари ўтказмоқда.

Юз минглаб одамларни жалб этган бу дабдабали тадбирлар ҳукумат томонидан мамлакатда куч ва бирдамлик намойиши сифатида қўлланилмоқда. Бу эса иқтисодий инқироз чуқурлашиб, мухолиф фикрларга қарши босим кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Давлат ОАВлари Хоманаийнинг оммавий жаноза маросимидаги юқори қатнашувни Эрон диний раҳбариятининг халқ орасидаги машҳурлиги ва легитимлиги исботи сифатида талқин қилмоқда.

Бироқ мамлакат ичидаги айрим манбалар ва хориждаги бир қатор нашрлар ишчилар ҳамда бизнес тузилмаларига маросимларда қатнашиш учун босим ўтказилганини хабар қилди. Бу эса воқелик қай даражада акс эттирилаётгани ҳақида саволларни юзага чиқармоқда.

Эронни ўттиз йилдан ортиқ бошқарган Хоманаийнинг ўрнига олий раҳбар этиб унинг ўғли Мужтабо Хоманаий тайинланган. Бироқ у тайинланганидан бери жамоатчилик олдида кўрингани йўқ.

"Референдум ўтказилди, кўчаларга бир қарашнинг ўзи кифоя", деб ёзди консерватив йўналишдаги Mehr News Agency нашри.

"Ахир сизлар референдум талаб қилмаётганмидингиз?" дейилади нашр таҳририяти мақоласида. Матнда мамлакатдаги муҳим сиёсий масалалар юзасидан узоқ йиллардан бери умумхалқ овоз беришини талаб қилиб келаётган танқидчиларга мурожаат қилинган. «Референдум фақат сайлов қутилари олдида ўтказилмайди».
Шунга ўхшаш фикрлар давлат назоратидаги бошқа оммавий ахборот воситалари, жумладан расмий IRNA агентлиги, консерватив Farhikhtegan газетаси ва Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК)га яқин бўлган Fars News Agency томонидан ҳам илгари сурилди.
Бироқ расмий ахборот воситалари айтмаётган жиҳатлар ҳам бор.
Сўнгги йилларда Эрон бир неча бор оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлди. Энг сўнггиси жорий йил январь ойида кузатилди. Шу билан бирга, мамлакатда референдум ўтказиш ва янги конституция қабул қилиш чақириқлари ҳам тобора кучайиб бормоқда.
Аммо Эрон раҳбарлари, жумладан тириклиги пайтида Хоманаий ҳам жамиятдаги норозиликни юмшатиш мақсадида ички сиёсат, иқтисодиёт ва ташқи сиёсатга оид масалалар бўйича умумхалқ овоз беришини ўтказиш ғоясини рад этиб келган. Январь воқеалари вақтидаги хавфсизлик амалиётлари минглаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келгани айтилмоқда.
Бош муҳаррири олий раҳбар томонидан тайинланадиган Keyhan газетаси 7 июль куниги таҳририят мақоласида давлат томонидан ташкил этиладиган тадбирлардаги юқори қатнашув Ислом республикаси учун «доимий референдум» вазифасини бажариши сабабли овоз беришга эҳтиёж йўқлигини ёзди.
«Режим пропагандаси»
Эрон ҳокимияти қурбонига айланганлар оилалари учун эса жаноза маросимлари мутлақо бошқача манзарани намоён қилмоқда.
Уларнинг айтишича, Хоманаий учун уюштирилган дабдабали дафн маросимлари миллий бирдамликни эмас, балки давлат зўравонлигига масъул шахсларнинг жазосиз қолишини кўрсатади.
«Хоманаий жанозасида қатнашган айрим оддий одамларни кўриб даҳшатга тушдим», деди 1988 йилда сиёсий маҳбусларни оммавий қатл қилиш чоғида қатл этилган Ризо Исматийнинг беваси Миҳон Руста.
«Сиёсатчиларнинг қатнашиши мени ҳайратга солмайди — бу уларнинг иши. Аммо оддий одамларнинг қатнашиши режимга шу кунгача содир этган жиноятларини давом эттириш учун куч беради», деди у «Озодлик» радиосининг форс хизмати — Радио Фардага.
Бошқалар эса ўзларининг тақиқланган мотамлари билан уруш сабаб бир неча ойга кечиктирилган Хоманаий жанозаси ўртасида бевосита ўхшашлик кўришмоқда.
Сўрон Мансурниянинг укаси Бурҳон 2019 йил ноябрида мамлакат ғарбидаги Кирмоншоҳ шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар пайтида отиб ўлдирилган.
«Ислом республикаси фақат яқинимизни ўлдириб қўймади. У бизга бирор марта ҳам уни очиқчасига мотам қилиш имконини бермади», деди у Радио Фардага. «Бу жанозани ўз бошимдан кечирган воқеалар билан таққосласам, фақат адолатсизликни кўраман».
Айрим кузатувчилар фикрича, жаноза маросими камида бир неча кунга бўлса-да, ҳукуматнинг иқтисодиётни бошқаришдаги муваффақиятсизлигига нисбатан кенг тарқалган норозиликни сояда қолдирмоқда. Йил бошида айнан иқтисодий муаммолар оммавий намойишларга туртки бўлган, кейинчалик эса бу ҳаракат ҳукуматга қарши кенг қамровли чиқишларга айланган эди.
Январь ойида Теҳрондаги намойишлар вақтида отиб ўлдирилган Муҳаммад Эрфон Фаражийнинг оиласи Хоманаий жанозасини «режим пропагандаси» деб атади.
Унинг амакиси Мажид Муқаддасийнинг сўзларига кўра, давлат зўравонлиги қурбонлари оилалари молиявий қийинчиликлар ёки ҳукумат босими туфайли кўп ҳолларда ўз яқинлари учун ҳам муносиб дафн маросимлари ўтказа олмаган.
«Бу қадар ҳашамдор маросимларни томоша қилиш жуда оғир ва аламли», деди у Радио Фардага.

Расмий IRNA ахборот агентлиги маросимларда бир неча миллион киши иштирок этаётганини даъво қилди, аммо қатнашчиларнинг аниқ сонини келтирмади.

Айни пайтда, бу гал ҳукумат аввалги оятуллоҳ Хумайний жанозасида юз берган ҳалокатли тирбандлик такрорланиши олдини олишга ҳаракат қилаётгани кўринмоқда. Ўша пайтда оломоннинг босими оқибатида 10 нафардан ортиқ киши ўлган, 10 мингдан зиёд одам жароҳат олган эди.

Дастлабки маросимлар чоғида одамлар оқимини назорат қилиш борасидаги хавотирлар кучайгани сабабли Хоманаий тобути атрофига йирик бетон тўсиқлар ўрнатилди. Ҳозиргача маросимлар жиддий ҳодисаларсиз ўтаётгани кузатилди.

Теҳрондаги жаноза маросимларида иштирокчиларга офтобда салқинлаши учун сув пуркалмоқда, 6 июль, 2026
Теҳрондаги жаноза маросимларида иштирокчиларга офтобда салқинлаши учун сув пуркалмоқда, 6 июль, 2026

Эрон раҳбарияти мазкур маросимларни 28 феврал куни АҚШ ва Исроил ҳаво зарбалари натижасида Хоманаий ўлдирилганидан сўнг бошланган ҳамда беш ҳафта давом этган Исроил ва АҚШ билан можародан кейинги барқарорлик ва давлат бошқарувидаги узвийлик намойиши сифатида тақдим этмоқда.

Эрондаги йирик шаҳарлар кўчаларида бундай тумонат шу йил бошида бўлиб ўтган ва ҳукумат томонидан кескин тарзда бостирилган оммавий ҳукуматга қарши намойишлар пайтда кузатилган эди.

Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, Теҳронда Али Хоманаий жаноза намози уч босқичда ўтди: аввал Али Хоманаий учун, кейин унинг АҚШ–Исроил зарбасида ҳалок бўлган оила-аъзолари, шу жумладан қизи, келини — Мужтабо Хоманаийнинг турмуш ўртоғи Заҳро Ҳаддод Одил — ва 14 ойлик набираси учун ўқилди.

Мужтабо Хоманаий, расмий ахборот воситаларига кўра, отаси вафотидан кўп ўтмай Олий раҳбар этиб тайинланган эди. Бироқ ҳозирча маросимда кўрингани йўқ.

Эронда ворис раҳбар ўзидан олдинги олий раҳбар жанозасини ўқиши анъана ҳисобланади ва таҳлилчилар буни ҳокимият алмашинувининг қонунийлигини мустаҳкамловчи рамзий қадам сифатида баҳолайди.

Мужтабо Хоманаий 28 февраль куни отасининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумда жароҳат олгани ҳақида хабарлар чиққанидан бери омма олдида кўрингани йўқ. Шу вақт ичида унинг ҳеч қандай аудио ёки видеомурожаати ҳам эълон қилинмади.

Бу ҳолат унинг соғлиғи ва олий раҳбарлик вазифаларини бажариш қобилияти ҳақида саволларни кучайтирмоқда.

Эрон расмийлари унинг жанозада қатнашмаганини хавфсизлик сабаблари билан изоҳлаши мумкин. Бироқ маросимда Ислом республикасининг деярли барча юқори мартабали амалдорлари иштирок этгани ҳукумат хавфсизлик чораларига ишонаётганини кўрсатди.

Бу эса эҳтимолий Исроил ёки АҚШ ҳужуми хавфига қарамай шундай бўлган.

Ҳозирга қадар маросимда президент Масъуд Пизишкиён ҳамда парламент раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф ва Эроннинг собиқ президенти Аҳмедийнажот кўринди.

Шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондонлари ва Эроннинг хориждаги ҳарбий ҳамда махфий операцияларини бошқарувчи ИИМКнинг "Қудс" кучлари юқори мартабали офицерлари ҳам қатнашди.

3 июль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳронга жаноза маросимлари муносабати билан "бир ҳафталик танаффус" бергани, шундан кейин АҚШ ва Эрон ўртасида доиравий тинчлик келишувини амалга ошириш бўйича билвосита музокаралар қайта бошланишини айтган эди.

Али Хоманаийнинг яна уч ўғли — Мустафо, Масъуд ва Майсам Хоманаийлар уруш бошланганидан бери оммага кўринмаган бўлса-да, 5 июль куни отасининг тобути ёнида ҳозир бўлди.

Али Хоманаийнинг уч ўғли - (чапдан ўнгга) Майсам, Масъуд ва Мустафо, 5 июль, 2026
Али Хоманаийнинг уч ўғли - (чапдан ўнгга) Майсам, Масъуд ва Мустафо, 5 июль, 2026

Али Хоманаий билан боғлиқ жаноза ва мотам маросимлари Эрон ҳамда Ироқнинг турли шаҳарларида олти кун давом этади. Унинг дафн маросими 9 июль куни марҳум олий раҳбарнинг туғилган шаҳри Машҳадда ўтказилиши режалаштирилган.

Эрон давлат телевидениеси хабар қилишича, 3 июль куни айрим хорижий давлатлар вакиллари маросимда иштирок этиш учун Теҳронга етиб борган.

Давлат телевидениеси тарқатган кадрларда Хитой, Беларус, Ироқ ва Туркманистон делегацияларининг Теҳронга боргани намойиш этилди.

Шунингдек, Эрон расмий телевидениеси Ўзбекистон делегацияси - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Эронга боргани намойиш қилинди.

4 июль куни Теҳронда бошланган жаноза маросимларининг биринчи куни кучайтирилган хавфсизлик чоралари, хавфсизлик кучларининг кенг кўламда сафарбар этилиши ҳамда 5 июль куни умуммиллий дам олиш куни деб эълон қилиниши билан ажралиб турди.

Расмийлар кенг қамровли мотам тадбирларини ташкил этаркан, яқин кунларда ўтказиладиган жаноза юришларига миллионлаб одамни жалб қилишга уринмоқда. Шу мақсадда иштирокчилар учун бепул транспорт, озиқ-овқат ва жойлаштириш хизматлари тақдим этилмоқда.

Жаноза маросимлари доирасида Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф ҲАМАС раҳбарият кенгаши раиси Муҳаммад Дарвиш билан учрашди.

Теҳрондаги Катта Мусалла намозгоҳида Оятуллоҳ Али Хоманаий билан вилдолашиш учун йиғилган издиҳом, 4 июль, 2026
Теҳрондаги Катта Мусалла намозгоҳида Оятуллоҳ Али Хоманаий билан вилдолашиш учун йиғилган издиҳом, 4 июль, 2026

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Қолибофнинг сўзларидан иқтибос келтириб, Теҳрон АҚШ билан "тинчлик ҳолатида эмаслиги" ва Исроилни тан олмаслигини билдирганини хабар қилди.

Шу билан бирга, у АҚШ ва Эрон ўртасидаги доиравий келишувни амалга ошириш жараёнини "қийин, аммо эришса бўладиган" вазифа деб баҳолаган.

Эрон давлат матбуоти маълумотига кўра, жаноза маросимларида ҲАМАС, "Ҳизбуллоҳ", Хусийлар ҳамда Яқин Шарқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган бошқа қуролли гуруҳлар делегациялари ҳам иштирок этган. АҚШ ва Европа Иттифоқи ҲАМАСни террорчи ташкилот деб тан олган.

"Ҳизбуллоҳ" эса АҚШ томонидан тўлиқ террорчи ташкилот сифатида рўйхатга киритилган бўлса, Европа Иттифоқи мазкур ҳаракатнинг фақат ҳарбий қанотини террорчи тузилма деб ҳисоблайди.

Шу билан бир вақтда, минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Денгиз қатновлари хавфсизлигини кузатувчи Буюк Британия Денгиз Савдо Амалиётлари Маркази (UKMTO) 5 июль куни Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги Ал-Ҳудайда порти жануби-ғарбида юк кемаси номаълум қуролланган шахслар ҳужумига учрагани ҳақида хабар олганини маълум қилди.

Кема фавқулодда ёрдам сигнали юборган ва ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда. UKMTO мазкур ҳудуддан ўтаётган кемаларни эҳтиёткорликка чақириб, ҳар қандай шубҳали фаолият ҳақида зудлик билан хабар беришни тавсия қилди.

Россиянинг "Интерфакс" агентлиги хабарига кўра, 5 июль куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилиб, Эрон масаласини муҳокама қилган.

Кремль баёнотига кўра, Путин АҚШ ва Эрон ўртасида давом этаётган билвосита музокаралар можаро бўйича "томонларнинг ҳар иккиси учун мақбул бўлган узоқ муддатли ечимлар"ни топишга ёрдам беришидан умид билдирган.

Оқ уй ҳозирча мазкур телефон мулоқоти юзасидан ўз баёнотини эълон қилгани йўқ.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG