НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари 7–8 июль кунлари Анқарада саммитда қатнашади.
Учрашув АҚШ президенти Дональд Трампнинг Европа давлатларидан мудофаа харажатини ошириш талаблари, шунингдек Эрон уруши ва Гренландия масаласи бўйича транс-атлантик келишмовчиликлар фонида ўтказилмоқда.
- Бу ерга келаётган Европа расмийлари ва лидерлари учун асосий мақсад Дональд Трамп билан, айниқса Эрон уруши бўйича юзага келган тарангликларни четга суриш ҳамда Европа хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммаларига олаётганларини намойиш этишдир. Улар бу саммит айнан шу мавзуда бўлишини истайди. Ўтган йили улар мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишга ваъда берган эди. Бу йил эса харажатлар ҳақиқатда оширилаётганини кўрсатишни хоҳламоқда. Бу ерда улар бир қатор қурол-яроғ шартномаларини эълон қилади, - деди Reuters агентлигининг Европа масалалари бўйича муҳаррири Эндрю Грей.
Саммитда НАТО давлатларнинг Украинага бўлган қўллаб-қувватловни яна бир бор тасдиқлаши ва қўшимча ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олиши кутилмоқда.
Шунингдек, Анқарада НАТО ташқи ишлар вазирларининг Баҳрайн, Қувайт, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари билан учрашиши, Украина ташқи ишлар вазири ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас иштирокида кечки мулоқот ўтказиши кутилмоқда.
АҚШ маъмурияти юқори лавозимли расмийларининг Озодликка билдиришича, Трамп яқинда минтақада кузатилган беқарорликдан сўнг Ҳормуз бўғози орқали тижорат кемалари ҳаракатини ҳимоя қилиш бўйича иттифоқчилар кўпроқ масъулиятни зиммасига олишини истамоқда.
Саммит ўтказилаётган жой ҳам Туркиянинг геосиёсий аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.