Бухоро вилояти Олот туманидаги фермер режадан ошган буғдойни маҳаллий ҳокимлик ихтиёрига топширишга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.
Бу ва бошқа фермерлардан Озодликка келаётган шикоятларга кўра, бу йил айрим ҳудудларда буғдой ҳосилини гектарига 100 центнердан ошириш ва режадан ташқари яна қўшимча ғалла топшириш бўйича яна ҳокимликлар босим ўтказмоқда.
Маҳаллий раҳбарларнинг бу талаби президентнинг 2025 йилда қишлоқ хўжалигида пахтани гектарига 50 центнер, буғдойни эса 100 центнердан ошириш бўйича берган топшириғига таянгани айтилмоқда.
Олотлик фермер: бизни эшитадиганлар борми?
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Комил Эргаш” фермер хўжалиги раҳбари Комилжон Эргашев 33 гектар ерга буғдой экиб, 100 центнерлик режани муддатдан олдин бажариб қўйганини гапиради.
Фермернинг айтишича, бу йил ғалла учун жуда унумли йил бўлган ва мамлакат бўйлаб фермерлар жуда яхши буғдой олган.
Лекин фермернинг иддаосича, Олот туман ҳокими ундан режадан ортган буғдойни ҳам давлатга топширишни талаб қилмоқда.
- Мени режам 63 тонна буғдойни давлатга сотиш, 35 тонна ихтиёрий сақлаш эди. Лекин мен 104 тонна бердим. Ҳоким Наргиза Неъматова "Яна 20 тонна бермасангиз, ўришга қўймайман!" деб комбайнларни олиб чиқиб кетди. Мана буғдойлар қуриб, қақшаб кетган. Шу вақтда такрорий экин экканимда бир қарич бўлиб қоларди. Ҳурматли президент, менинг қолибли нон ишлаб чиқариш цехим бор: даладан қолган биринчи донни ун қилиб, аҳоли дастурхонига нон етказиб бераман, - дейди фермерлик хўжалиги раҳбари Озодликка қилган мурожаатида.
Эргашевнинг сўзларича, туман ҳокими босими остида хўжаликдаги фермерлар даромадидан маҳрум бўлмоқда:
- Мен агар мажбурий сақлашга бор буғдойимни берсам, топширган донимни ололмайман ёки қиммат нархда сотиб оламан! Аукционга эса фақат кластерлар киради. Ўз буғдойимни 2700 сўмдан топширсам, кейин 3500 дан сотиб олиб, комбинатимни ишлата оламанми?!
Озодлик “Комил Эргаш” хўжалиги раҳбари иддаолари юзасидан на туман ҳокими Наргиза Неъматова ва на Олот тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Элёр Тошевдан муносабат ололди.
Озодлик гаплашган бир неча фермерга кўра, бу йил давлат режаси асосида топширилган буғдойнинг килоси:
- фермернинг даласидан олинганида, ҚҚС билан қўшиб 3200 сўмдан,
- биржада сотилганида эса ҚҚС билан 3500 сўм,
- бозордаги эркин савдода эса килосига 4000 сўмдан бўлмоқда.
Яъни, давлатга режа асосида топширилган буғдой деҳқонга қарийб 800-1000 сўм арзонга тушмоқда.
Озодлик суҳбатлашган яна бир фермер, ҳозир мамлакат бўйлаб буғдой етиштирган деҳқонлардан режадан ортиқча ҳосил талаб қилинаётгани фақат маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббуси эмас, демоқда.
Бу фермернинг айтишича, бу йилдан жорий этилган янги тартибга кўра, ҳозир улар гектарига 100 центнердан ортиқ буғдой олиши керак, боиси 2025 йилда президент томонидан раҳбарларга шундай топшириқ берилган.
“Барча фермерларнинг ўтган йилги шартномалари бекор қилинди. 80-100 центнерли ғалла етиштириш бўйича президентнинг топшириғига асосан шартномалар қайта тузилди - масалан, мени режам 70 тоннадан ортиқ эди, бу йил режа 100 тоннадан оширилди! Улар фермер хўжаликлари устида тик туриб, “Давай, Давай!” қилди. Барча босим юқоридан келяпти - бу ерда қуйидаги ҳокимлар, ички ишларда ҳам эмас айб. Бу талаблар - юқоридаги ҳукумат топшириғи," дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган фермер.
Президент марраси ва ҳокимлар босими: Ғаллачиликдаги янги талаблар
Фермернинг айтишича, деҳқонларни оғир аҳволга солаётган бу талаб президентнинг 2025 йил декабрдаги “Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб қўйилмоқда.
Ушбу қарорда 2026 йил учун “замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш натижасида ҳосилдорликни пахтачиликда 50 центнердан ошириш, ғаллачиликда 100 центнерга етказиш”, деб белгиланган эди.
Бу қарорда фермер-деҳқонлар учун имтиёзли кредитлар ва субсидияларни ҳам назарда тутган.
Бундан ташқари, фермерлар Agroportal тизими орқали ўз ерларига қайси турдаги экинларни экишни мустақил равишда белгилаши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
Давлат томонидан ғалла етиштирувчиларга имтиёзли кредитлар, сув тежовчи технологиялар учун субсидия ва дизел ёнилғиси нархини компенсация қилиш каби механизмлар жорий этилди.
Аммо, Озодликка келаётган шикоятларга кўра, айрим жойларда бу имтиёзлар тўлиқ тақдим этилмагани ҳолида, ҳосилдорликни қарорда белгиланган кўрсаткичга етказиш талаб қилинмоқда.
Бундан ташқари, шикоятларга кўра, қонунларда ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг фермерлар фаолияти, ғалла сотиш ва агротехник тадбирларга аралашиши «қатъиян ман этилган» бўлса-да, амалиётда маҳаллий бошқарув органлари эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан воз кечгани йўқ.
Айни пайтда, хорижий сортлар ва технологиялар туфайли ҳосилдорлик ошган баъзи хўжаликларда фермерлар яхши даромад олаётгани кузатилмоқда.
Озодликка келган шикоятлар ва шунингдек, маҳаллий матбуотда фаол чиқиш қилаётган фермерларга кўра, агротехник шароит оғир бўлган ҳудудлар ҳануз кўп ва бу ҳудудлардаги фермерларга ҳам бажарилиши имконсиз режаларни қўйиш ва мажбурий чоралар қўллаш амалиёти давом этмоқда.
Айни пайтда, 2026 йил аслида буғдой учун қулай йил бўлгани ва об-ҳаво яхши келган вилоятларда фермерлар жуда яхши даромад олаётгани таъкидланмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани фермерларидан бири жорий йил серёғин келгани боис, ғалла яхши хосил берганини гапирсада, маҳаллий фермерларнинг даромадининг ошиши кейинги йилларда ғалла соҳасида берилган эркинликларга бориб тақалади, деб ҳисоблашини айтади:
- Ўз ихтиёрим билан шартнома имзоладим ва ўрим пайтида ҳам, аввалги даврлардагидек, милиция билан тазйиқ ўтказгани йўқ. Жуда зўр ва тартибли ўтди, ғалла ўрими. Биринчидан, об-ҳаво яхши келди. Кейин 3-4 йил олдин "кластер" деган бало чиққанди, икки йилча бўлди, шу йўқ бўлди! Биз "Шаҳрисабздон" билан шартнома тузиб, улар ғалла пулини бозор нархда тўлаб беряпти. Кластерлар пулларимизни 2 йиллаб бермади. 3 йилга ўзини ўзи банкрот эълон қилди.
Суҳбатдош деҳқонга кўра, ҳозирги шароитни Ислом Каримов давридаги билан солиштириб ҳам бўлмайди:
- Каримов пайтида тепакал бўлдим - 15 йилча олдин ўзимни осиб қўйишимга сал қолганди, Каримов зулмидан! Каримов ўлимидан кейин фермерлар эркин нафас олиб, милиция келиб "Шартнома тузасан!" деб мажбурламаяпти, аввалгидай селитра ололмасликлар йўқ.
Зўравон ҳокимлар
Шу билан бирга, иқтисодчилар баъзи ҳудудларда деҳқонларнинг даромади ошаётгани, баъзиларида эса ҳануз оғир аҳволда қолаётгани сабаби - ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг устуворлиги ҳамда ижроси борасида икки хил стандартлар юзага келгани билан боғлиқ, демоқда.
“Амалда жойларда фармон талаблари зўравон ҳокимлар тарафидан турлича талқин этилиб, ижро қилинмоқда. Яна бир муҳим, лекин доимгидек ёмон анъанага айланиб қолган ҳолат. Фармон талаблари ҳали Ер кодекси ва бошқа қонунларда акс этгани йўқ", деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм саҳифасида.
Бундан ташқари, жойларда ҳокимлар ва бошқа маҳаллий мулозимларнинг қўпол ва авторитар услубдаги бошқаруви сақланиб қолаётгани ҳам кузатилмоқда.
Жумладан, шу йил июн охирларида маҳаллий ОАВларда Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровга тегишли экани айтилган аудиоёзув тарқалган эди.
Унда фермернинг ҳақорат қилингани, ерни топширишга мажбурланаётгани эшитилади.
Кейинроқ Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Daryo.uz нашрига изоҳ бериб, ҳолатга аниқлик киритиш учун хизмат текшируви тайинлангани, натижалари бўйича қўшимча ахборот берилишини билдирганди.
Аввалроқ фермерларни ҳақорат қилишда айбланган Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўллангани расман айтилган эди.
Озодликда бу аудиоларнинг ким томонидан қачон ва қаерда ёзиб олинганига оид мустақил маълумотлар йўқ. Аммо, маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таяниб, хабар қилаётган бу аудиоёзувлар номи тилга олинган ҳокимларнинг маҳаллий даражадаги йиғлишларида ёзиб олинганини хабар қилган.
Бундай аудиоёзувларда одатан, маҳаллий ҳокимларларнинг фермерларни давлат томонидан белгиланган ғалла режасини бажаришга зўралётгани эшитилади.
Озодлик билан суҳбатда фермерлар таъкидлашича, жойларда фермерларга қўшимча босим бўлиб тушаётган бу топшириқ аслида юқоридан келаётганини ҳокимлар очиқ-ойдин айтади.
Айрим аудеоёзувларда қайд этилган мулоқотлардан фермерларга нисбатан ҳануз прокуратура, суд ва бошқа маъмурий чоралар билан таҳдид қилиш давом этаётгани ҳам кузатилади.
Буни кейинги йиллардаги ҳисоботларида қатор халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда.
"Фермерларда эркинлик йўқ" - HRW
Human Rights Watch халқаро ташкилоти ва "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми" 2026 йил феврал ойида “Фермерда эркинлик йўқ” номли 120 саҳифали ҳисобот эълон қилди.
Унда Ўзбекистонда пахта ва ғалла етиштирувчи фермерларга нисбатан кузатилаётган тазйиқ ва эксплуатация ҳолатлари тилга олинади.
Халқаро кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида системали тарзда қайд этаётган жиддий қонунбузарликлар:
- Ҳокимлар томонидан ҳақорат ва таҳқирлашлар;
- Ерни ноқонуний тортиб олиш таҳдиди;
- Кластерлар томонидан пулни тўламаслик бўлмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати фермерлар ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя қилишни кўзда тутган сўнгги қонун ва фармонларга риоя этилишини таъминлаши керак, дея хулоса қилади инсон ҳуқуқлари гуруҳлари.
“Фермерларга юкланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тизимидан келиб чиқадиган ҳуқуқбузарликлар ҳамда давлат томонидан белгиланган миқдорда ва Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси томонидан белгиланган нархда пахта ва буғдой етиштиришни таъминлаш учун фермерларга нисбатан мажбурлаш, таҳдид қилиш, жисмоний зўравонлик, ҳатто ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш каби давлат мансабдор шахсларининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари мавжуд,” дейилади Human Rigths Wаtch ҳисоботида.
Human Rigths Wаtch ва "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум", шунингдек, ички ишлар фермерлар ҳуқуқлари ҳақида хабар берган маҳаллий блогерларга таҳдид қилгани ёки уларни ҳибсга олгани, кейин эса судлар уларга қисқа муддатли қамоқ жазоси берганини бир неча марта қайд этган.
Халқаро ҳуқуқ фаоллари кузатувича, бугунги кунда Ўзбекистонда буғдой етиштирувчи фермерларнинг аҳволи икки хил воқелик орасида қолган.
Тошкентда қабул қилинаётган қонунлар ва расмий статистикада соҳа ислоҳ қилинаётгани, субсидиялар берилаётгани ва ҳосилдорлик ошаётгани гапирилади. Аммо чекка туманларда вазият расмий баёнотлардан бошқачалигича қолмоқда.
Human Rights Watch ва бошқа халқаро ташкилотлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ҳақиқий ривожланиш бўлиши учун ҳукумат қоғоздаги қонунларни ижросини таъминлаши, ҳокимларнинг фермерларга бўлган таҳқирли муносабатига чек қўйиши ва деҳқонга ўз маҳсулотини ҳақиқатда эркин сотиш имкониятини бериши шарт, демоқда.
Форум