Москва шаҳар суди Москва вилоятидан бўлган 37 ёшли фуқаро Георгий Пироговни давлатга хиёнат қилишда айблаб, қаттиқ тартибли колонияда 23 йил жазони ўташга ҳукм қилди.
Суд, шунингдек унга 800 минг рубл миқдорида жарима тайинлади. Бу ҳақда "Медиазона" ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг Пирогов Грузияга кетган ва у ерда саноат альпинисти сифатида ишга жойлашган.
2024 йил ёзида у хизмат сафари билан Ўзбекистонга келган, 6 июль куни эса Қўнғирот шаҳрида бедарак йўқолган. Унинг автомобили Қўнғиротда тўхтаган меҳмонхонасидан 90 километр узоқликдаги Нукус шаҳрида топилган.
2024 йил 9 июль куни унинг Россияда экани маълум бўлди: Москванинг Мещанский туман суди Пироговни давлатга хиёнат қилишда айблаб, "Матросская тишина" тергов ҳибсхонасига жўнатган.
Бу ҳақдаги маълумот 8 июль куни кундузи Москва судлари сайтида қисқа вақтга пайдо бўлган, кейин эса яшириб қўйилган.
Уни 2024 йил - 2 йил аввал Ўзбекистонда ким ва қандай қўлга олгани ҳамда Россияга олиб чиқиб кетгани, шунингдек, айбловнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча номаълум.