АҚШ кучлари Эронга қарши навбатдаги зарбалар тўлқинини амалга ошириб, бир неча жойдаги ўнлаб нишонларга юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берди, деб хабар қилди Марказий қўмондонлик.
Қўмондонликнинг маълум қилишича, АҚШ қирувчи самолётлари, ҳарбий-денгиз кемалари, бир томонлама ҳужум қилувчи ҳаво ва денгиз дронлари орқали Эроннинг ҳарбий ҳаво мудофаа тизимлари, соҳилдаги радар, ракета ва дронлари ҳамда кичик қайиқларига зарба берган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги матбуот котиби Тим Ҳокинснинг айтишича, Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси Ҳормуз бўғозидан ўтаётган тижорат кемаларига ўт очган.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги, дам олиш кунларида Эронга қарши амалга оширилган АҚШ ҳужумларини "тажовузкор", деб қоралади.
Инқилоб посбонлари корпуси 12 июл куни АҚШнинг Эрон жанубий вилоятларига қилган ҳужумларига жавоб тариқасида Иордания, Қатар ва Умондаги АҚШ базаларига зарба берганини маълум қилди.
Эрон томонига кўра, нишонлар қаторига Иорданиядаги шаҳзода Ҳасан авиабазаси, Қатардаги АҚШнинг Ал-Удейд авиабазаси, Қувайтдаги Patriot ҳаво мудофаа тизими, шунингдек, Баҳрайндаги АҚШ армиясининг алоқа тизими ва радар объекти кирган.
ОАВ хабарларига кўра, Иорданиядаги АҚШ авиабазаси ва Баҳрайндаги АҚШ Бешинчи флоти базасида кучли портлашлар эшитилган. Кейинроқ Қувайтдаги АҚШ базаларида ҳам портлашлар содир бўлгани, уларнинг овози Ироқ чегараси бўйлаб эшитилгани хабар қилинди.
Июнь ойи ўрталарида имзоланган ўзаро англашув меморандумига қарамай, АҚШ ва Эрон кучлари ўртасидаги ўзаро ҳужумлар алмашинуви фонида сўнгги кунларда минтақадаги кескинлик кучайди.