Қозоғистон Конституциясига кўра, бир шахс президентликка бир мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
Бироқ Конституциявий суднинг Қозоғистон раҳбари мурожаатига жавобан билдиришича, Қосим-Жомарт Тўқаев кетма-кет учинчи марта ҳам президентликка номзод бўлиши мумкин.
Мамлакатда янги Конституция қабул қилиниши билан Тўқаевнинг аввалги президентлик муддатлари ҳам, бунга қадар Ўзбекистонда бўлгани каби, "ноллашди".
Ваъда бериш - бажариш, дегани эмас
"Раҳбар бир юқори лавозимда ўнлаб йил ўтирмаслиги керак", - деб ёзган эди Нурсултон Назарбоев 1991 йили, Қозоғистон президенти лавозимини эндигина эгаллаган пайтида чоп этилган "Ўнгларсиз ҳам, сўлларсиз ҳам" номли китобида.
1990-йиллар охирида Назарбоев ўз ваколатлари 2000 йилда тугашини ва ўша пайтда лавозимни тарк этишини айтган эди. Аммо, собиқ совет партияси ходими давлат тепасида қарийб 30 йил қолди.
Бу даврда у Конституцияни бир неча бор ўзгартирди, аввалги муддатларини "ноллаштирди", натижада 2010 йилда Бош қонунда биринчи президент сайловларда чексиз қатнашиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Кейинчалик ҳали тирик раҳбар шарафига ҳайкаллар ўрнатилди, унинг номи боғлар, мактаблар, университет, пойтахт аэропорти ва бошқа объектларга берилди.
Назарбоев ўз манфаатлари учун яратган кафолатлар тизими — у 2019 йилда истеъфога чиққанидан кейин ҳам катта имтиёзлар ва таъсир воситаларини ўзида сақлаб қолган эди — қонли "Январь воқеалари"дан сўнг парчаланди.
Аввал биринчи президент ҳайкали олиб ташланди, кейин эса унинг кенг ваколатлари бекор қилинди. Зўравонликлардан кейин Назарбоевнинг вориси ҳисобланган Қосим-Жомарт Тўқаев ўзини аввалги раҳбар сиёсий меросидан узоқлаштиришга ҳаракат қилди.
У ҳокимиятда узоқ қолиш нияти йўқлигини таъкидлади. Қирғинбаротдан кейин "Хабар" телеканалига берган интервьюсида 5 йиллик икки муддатдан ортиқ президент бўлиб қолмаслигини айтганди.
"Қонунларни, айниқса Конституцияни қайта ёзиш бўлмайди", -деган эди Тўқаев.
Бироқ олти ойдан сўнг у Конституцияга ўзгартиш киритиш ташаббуси билан чиқди. У президентлик муддатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йиллик ягона муддат билан чеклашни таклиф қилди. Тўқаевнинг айтишича, бу ҳокимиятни ўзлаштириб олишга қарши зарур тўсиқдир.
2022 йилда конституциявий референдум олдидан ҳам Тўқаев ўз президентлик муддатини "ноллаштириш" нияти йўқлигини айтган эди:
"Мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам менга амалдаги давлат раҳбари референдум орқали ваколат муддатини узайтирмоқчими, яъни президентлик муддатини ноллаштирмоқчими, деган савол беришмоқда. Жавоб бераман: бундай ният бўлмаган ва бўлмайди".
Шу йилнинг ноябрь ойида Тўқаев муддатидан аввал ўтказилган сайловларда ғолиб, деб эълон қилинди. У биринчи марта 2019 йилда президент этиб сайланган эди.
Ўша пайтда мазкур етти йиллик муддат унинг охирги муддати бўлиши кутилганди. 2025 йилда "Ал-Жазира"га берган интервьюсида у 2029 йилда лавозимни тарк этишини айтган.
Аммо, 2026 йилда мамлакат Конституцияси яна ўзгартирилди. Бу ҳам Тўқаев ташаббуси ва унинг бевосита иштироки билан амалга оширилди. Конституциянинг янги таҳрири март ойида референдумга қўйилди ва июлда кучга кирди. Унда ҳам президент учун бир муддатлик чеклов сақлаб қолинди.
Шундан кейин Тўқаев Конституциявий судга мурожаат қилиб, амалдаги президентлик муддати ҳисобга олинадими, деб сўради. Суд эса Тўқаев аввалги Конституция бўйича сайлангани, янги Конституция бўйича эса унинг муддати нолдан бошланиши ҳақида қарор чиқарди.
Натижада 73 ёшли Тўқаев яна президентликка номзодини қўйиш ҳуқуқига эга бўлди. Назарий жиҳатдан у 2036 йилгача давлат раҳбари бўлиб қолиши мумкин.
Талқиннинг талқини
Президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари, Тўқаевнинг яқин ҳамкорларидан бири Ерлан Карин ўзининг Telegram ижтимоий тармоғидаги каналида мазкур қарор "қайсидир мансабдор шахсни автоматик тарзда тайинлаш ёки сайлашни англатмайди", деб билдирди.
"Бу фақат сайланиш имконияти мавжудлигини белгилайди", - деди Карин.
Тўқаевни қўллаб-қувватловчи сифатида кўриладиган янги "Эдилет" (Адолат) партияси аъзоси Марат Шибутов масала фақат Конституцияда назарда тутилган имконият ҳақида кетяпти, деб ҳисоблайди:
"Бу мамлакатда давлат институтлари барқарорлигини сақлаб қолиш ва сиёсий жараёнларни сунъий тезлаштиришга уринишлар учун имконият қолдирмасликка доир нозик сигналдир".
Сиёсатшунос Асқар Нуршанинг айтишича, ҳозир элита ичида келажакдаги сиёсий мерос учун рақобат бошланган:
"Ҳокимиятдагилар бу рақобат тизим барқарорлигини издан чиқаришидан хавотирда. Шунинг учун жамоатчилик ва стартда турган сиёсий кучларни тинчлантириш, президентни вақтидан олдин “оқсоқ ўрдак” ҳолатига туширмаслик учун шундай қарор қабул қилинган бўлиши мумкин".
"Асосий мақсад ҳокимиятни узайтириш"
Бир қатор мустақил экспертлар эса Тўқаевнинг ҳокимиятда қолишига имкон яратиш - Конституция ислоҳотининг бош мақсади бўлган, деб ҳисоблайди.
Сиёсатшунос Димаш Алжанов, амалдаги Конституция матни аввалдан Конституциявий суднинг шундай қарор чиқаришига имконият қолдирган, деб ҳисоблайди.
Унинг фикрича, йил бошида Конституция лойиҳаси муҳокамаси пайтида жамоатчилик диққатини парламент палаталари каби иккинчи даражали масалаларга буриш тарғибот ва жамоатчилик фикрини бошқаришнинг бир қисми бўлган.
"Ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва марказлаштириш масаласи 2022 йилги норозилик намойишларидан кейиноқ кун тартибига чиққан эди. Президент ва унинг маъмурияти шу йўналишда босқичма-босқич ҳаракат қилди", - дейди Алжанов.
"Рискларни баҳолаш гуруҳи" директори Досим Сатпаев ҳам Конституциявий суд қарори эълон қилингач шундай ёзди:
"Янги Конституция қабул қилиш орқали президентлик муддатини узайтиришнинг классик схемаси Қозоғистонда ҳам, бошқа ўхшаш сиёсий тизимларда ҳам аввалдан қўлланиб келган. Жумладан, Марказий Осиёнинг кўплаб давлатларида".
Берлиндаги Карнеги маркази тадқиқотчиси, россиялик сиёсатшунос Екатерина Шульман эса Тўқаевнинг кейинги сайловларда иштирок этмаслиги эҳтимолини "жуда кам", деб баҳолайди:
"Қозоғистон барча автократияларга хос йўлдан бормоқда. Хусусан, шахсга боғланган автократияларнинг асосий мақсади ҳокимиятни мумкин қадар узоқ сақлаб қолишдир".
Сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг фикрича, Қозоғистон каби давлатларни "ноллашиш" тажрибасида бирлаштирувчи умумий жиҳат — бу давлатларда кучли сиёсий институтларнинг йўқлиги ва оммавий сиёсатнинг чекланганидир:
"Уларда мустаҳкам сиёсий пойдевор мавжуд эмас. Бу - ботқоқ устига қурилган осмонўпар бинога ўхшайди. Шу билан бирга, парда ортидаги ўйинлар авж олади ва асосий қарор қабул қилувчи марказ кетган тақдирда тизимнинг ўз мувозанатини йўқотиши хавфи доим сақланиб қолади".
Кимлар қандай «ноллаштирган»?
Президентларнинг ҳокимиятда бўлиш муддатини узайтириш мақсадида Конституцияни ўзгартириш постсовет ҳудудида кенг тарқалган амалиётдир.
Мисол учун, Тожикистонда 1994 йилдан бери мамлакатни бошқараётган Эмомали Раҳмон Конституцияни бир неча марта ўзгартирган.
2015 йилда унга "миллат пешвоси" мақоми берилди ва икки мартадан ортиқ президент сайланишни тақиқловчи норма унга татбиқ қилинмай қолди.
Ўзбекистонда ҳам биринчи президент Ислом Каримов, ҳам унинг вориси Шавкат Мирзиёевнинг муддатлари амалда "ноллаштирилган".
Каримов СССР парчаланишидан олдин ҳокимиятга келган ва 27 йил давлат раҳбари бўлган. У икки марта беш йиллик муддатдан кейин - 2001 йилда кетиши керак эди. Аммо 1995 ва 2002 йилларда ўтказилган референдумлар унга яна сайланиш имконини берди.
2016 йилда Каримов вафот этгач, президентликни собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев эгаллади.
Мирзиёев 2016 ва 2021 йилларда президентлик сайловларида ғолиб бўлган. У 2026 йилда лавозимни тарк этиши керак эди. Бироқ 2023 йил апрелида Конституциявий референдум ўтказиб, аввалги муддатларни ҳисобдан чиқарди, президентлик муддатини эса етти йилга узайтирди.
Шундай қилиб, Мирзиёев 2030 йилда яна президентликка номзод бўлиши мумкин.
Беларусда Александр Лукашенко ҳам Конституцияни ўзгартириш орқали сиёсий умрини узайтиришган эришган раҳбарлардан.
У ҳокимиятга келган пайтда Беларус Конституцияси президентни икки марта беш йиллик муддат билан чекларди. 2004 йилги референдумдан кейин бу чеклов Асосий қонундан чиқариб ташланди.
Лукашенко 1994, 2001, 2006, 2010, 2015, 2020 ва 2025 йиллардаги сайловлар ғолиби, деб эълон қилинган.
Россияда Владимир Путин 2000 йилдан бери раҳбарлик қилиб келмоқда.
Конституция дастлаб бир шахснинг кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқларди. 2008 йилда Путин президентликни Дмитрий Медведевга топшириб, Бош вазир бўлди.
Медведев даврида президентлик муддати тўрт йилдан олти йилга узайтирилди.
2012 йилда Путин Кремлга қайтди, 2018 йилда эса яна қайта сайланди.
2020 йилги конституциявий ўзгартишлар натижасида унинг ҳам аввалги муддатлари "ноллаштирилди".
2024 йилда у янги муддатга сайланди ва амалдаги ваколатлари 2030 йилда тугайди. У назарий жиҳатдан яна бир бор сайловда қатнашиши мумкин.
Озарбайжонни Илҳом Алиев 2003 йилдан бери бошқариб келмоқда. У бу лавозимда отаси Ҳайдар Алиевнинг ўрнини эгаллаган.
2009 йилги референдум натижасида президентлик муддатларига оид чекловлар бекор қилинди. Кейинчалик Конституция яна бир неча бор ўзгартирилди. 2016 йилда президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилди ва номзодлар учун ёш бўйича юқори чегара ҳам бекор қилинди.
Аслида бундай амалиёт фақат постсовет давлатларига хос эмас.
Камерун раҳбари Поль Бийя қарийб 44 йилдан бери ҳокимиятда. 2025 йилда у яна бир муддатга қайта сайланиб, 92 ёшида президентлик сайловида ғолиб чиққан энг кекса сиёсатчига айланди.
Руанда президенти Поль Кагаме мамлакатга 26 йилдан бери раҳбарлик қилади ва беш марта сайланган.
Никарагуа раҳбари Даниэль Ортега эса 1985 йилда биринчи бор президент бўлган. Мамлакат Олий суди Конституциянинг кетма-кет иккинчи ва учинчи муддатларга номзод бўлишни чекловчи нормаларини бекор қилгач, у яна бир неча бор сайланиш имкониятига эга бўлди.
Форум