13 июл куни Яман пойтахти Санаа халқаро аэропорти устида эҳтимолий зарбалардан сўнг тутун кўтарилаётгани кўринди.
Яман шимолини назорат қилаётган ва Эрон билан иттифоқчи кўрилган Ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонини Санаа халқаро аэропортига ҳаво зарбалари берганликда айблади.
Ҳусийлар матбуот котиби Яҳё Саре бу ҳужумларни "очиқ агрессия" деб атади:
- 13 июл куни соат 13:54 да саудиялик душман ҳарбий самолётлари орқали Санаа халқаро аэропортига қарши очиқ агрессия амалга оширди. Улар бир неча ҳаво зарбалари бериб, беморлар ва йўлда қолган йўловчиларни ташувчи гуманитар рейслар учун аэропортни ёпишни мақсад қилди. Саудиянинг ушбу жинояткорона агрессияга жавобан, Ҳусийлар Қуролли кучлари Абҳа халқаро аэропортига қарши бир қатор баллистик ракеталар ва дронлар билан йирик ҳарбий амалиёт ўтказди. Аллоҳнинг марҳамати билан операция ўз мақсадларига муваффақиятли эришди.
Саудия Арабистони томонидан бу айбловларга муносабат билдирилмади.
Бундан олдин Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати мудофаа вазирлиги ўз қуролли кучлари Санаа халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлагини эронлик самолётнинг қўнишига тўсқинлик қилиш мақсадида нишонга олганини маълум қилди.
Яман ўн йилдан буён фуқаролар уруши ичида қолмоқда. Бу можаро Ҳусийлар пойтахтни эгаллаб олиб, халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни жанубга кўчишга мажбур қилганидан кейин бошланган.
Жанубий Аден портидан фаолият юритаётган ҳукумат Саудия Арабистони ва бошқа Форс кўрфази давлатлари томонидан қўллаб-қувватланади.