Линклар

Шошилинч хабар
16 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 01:14

"Аномал иссиқ". Ўзбекистон электр истеъмолида рекордни янгилади

Пойтахт Тошкентда асосий кўчаларга сув сепилмоқда.
Пойтахт Тошкентда асосий кўчаларга сув сепилмоқда.

Ўзбекистонда аномал иссиқ, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 45 даражадан ошиб кетди.

Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикасида иссиқ туфайли болалар боғчалари ёпилди.

Энергетика вазирлигига кўра, 14 июль куни Ўзбекистон ягона энергетика тизимида суткалик электр истеъмоли 284 млн кВт/соатга етиб, рекордни янгилаган.

Меҳнат инспекцияси иш берувчиларга очиқ ҳавода бажариладиган ишларни — соат 11:00 дан 16:00 гача чеклаш ёки вақтинча тўхтатишни тавсия қилди.

Сув пуркалган кўчалар

Пойтахт Тошкентда аномал иссиқ кузатиларкан, асосий кўчаларга сув сепилмоқда.

“Кўчаларга транспорт ҳаракати кам бўлган вақтларда сув сепилмоқда.Аҳолига зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслик ҳақида тушунтириляпти, уй ва уйсиз ҳайвонлар ёрдам бериш тавсия этиляпти”, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган ходими.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликка чақирмоқда.

“Ўзбекистонда дахшат иссиқ, термометр 40 даражани кўрсатяпти, қуёш гўё бошимиз узра турибди!” дейди тошкентликлардан бири ижтимоий тармоққа юклаган видеосида.

Темир ва шиша бекатлар

Тошкентда кузатилаётган аномал иссиқ фонида аҳоли янги қурилган автобус бекатларидан норози бўлмоқда.

Улар темир ва шиша конструкция асосида қурилган янги бекатларда 40 даража иссиқда автобус кутиш азоб бўлаётганини айтишади.

“Мана Чилонзорда қуриб қўйган бекат, атрофда битта дарахт йўқ”, дейди пойтахтлик аёл ижтимоий тармоққа юклаган видеосида.

17 июлгача аномал иссиқ

Ўзбекистон Гидрометеорология маркази келаси кунларда айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 46–48 даражага кўтарилиши ва аномал иссиқ 17 июлгача давом этиши ҳақида огоҳлантирган.

Юқори ҳарорат сабаб суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишлари, асфальт ётқизиш каби ишлар куннинг энг иссиқ соатларида вақтинча тўхтатилади.

Ижтимоий тармоқда иссиқдан автомобил йўлида асфалт эригани акс этган видеолар ҳам тарқалди.

Ҳаво ҳарорати 42–44°C бўлганда асфальт қопламасида ҳарорат 70–75°C даражагача кўтарилиши мумкин.

Шу боис, Қарши шаҳри, туман марказлари ва уларни боғловчи автомобиль йўлларида йўлларни асраш мақсадида оғир юк машиналари ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача чекланадиган бўлди.

Боғчалар ёпилди

Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги давлат ва нодавлат боғчалари аномал иссиқ сабаб вақтинча ёпилди.

Жазирама нафақат одамлар саломатлиги, балки энергетика, қишлоқ хўжалиги ва таълим тизимига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, бошқа ҳудудларда ҳам боғчаларни вақтинча ёпиш масаласи ҳокимликлар, Санитария-эпидемиология хизмати ва "Ўзгидромет" билан биргаликда муҳокама қилинмоқда.

Қарор республика бўйича ягона тартибда эмас, балки ҳар бир ҳудуддаги об-ҳаво ва санитария вазиятидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Меҳнат инспекцияси иш берувчиларга очиқ ҳавода бажариладиган ишларни — соат 11:00 дан 16:00 гача чеклаш ёки вақтинча тўхтатишни тавсия қилди.

Инспекцияга кўра, ишчи-ходимлар етарли миқдорда салқин ичимлик билан таъминланиши, дам олиш учун соя-салқин жойлар ташкил қилиниши керак.

Энергетикага босим

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, 14 июль куни Ўзбекистон ягона энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли 284 млн кВт/соатни ташкил этиб, ёзги ва қишки рекордларни янгилаган.

Шу куни мамлакатда қарийб истеъмол билан тенг миқдорда - 287,3 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Энергетика вазирлиги юқори юклама сабаб айрим ҳудудларда вақтинчалик техник узилишлар кузатилиши мумкинлигини билдириб, аҳолини электрдан тежамли фойдаланишга чақирди.

Электр тармоқлари ва подстанцияларда профилактик назорат кучайтирилди. Аксар энергетика объектлари 24 соатлик кучайтирилган иш режимига ўтказилаётгани айтилди.

Туғруқхонага қаранг!

Фарғоналик блогер Дима Қаюм ҳукумат раҳбарларини касалхона ва туғруқхоналардаги вазиятга эътибор қаратишга чақирди.

“Раҳбарларимизга таклифларимиз энг аввало шифохона, айниқса қишлоқ шифохоналарига эътибор қаратиши керак, кондиционер бор-йўқлигини билмайман, лекин кўп шифохоналарда кондиционер йўқ, айниқса юрак қон томири касалликлари шифохоналари ва туғруқхоналарда кондиционер бўлиши керак. Яна бир таклифим, шу иссиқ жазирама кунларда автомобилларга вақтинча бўлса ҳам тонировкага рухсат беришса яхши бўларди”, деб ёзди Дима Қаюм тармоқдаги саҳифасида.

Форум

XS
SM
MD
LG