Украина президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари раҳбариятидаги яна бир йирик ўзгариш доирасида, мамлакатнинг олий ҳарбий қўмондони алмаштирилганидан бир кун ўтиб, Бош штаб бошлиғини ҳам лавозимидан озод қилди.
Зеленский, генерал-майор Ихор Скибюк ўз раҳбари бўлган генерал-лейтенант Андрей Гнатов ўрнини эгаллашини маълум қилди. Бу қарор Украина мудофаа раҳбариятида амалга оширилаётган йирик кадрлар ўзгаришининг давоми бўлди.
Украина президенти Владимир Зеленский мудофаа вазири Михайло Федоровни лавозимидан озод этганидан қарийб бир ҳафта ўтиб, Украина бош қўмондони Александр Сирскийни ҳам лавозимидан четлатди.
- Мен Украина Қуролли кучларининг янги Бош қўмондони этиб Михайло Драпатийни тайинладим. Михайло билан биргаликда, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Евгений Хмара, президент офиси раҳбари ўринбосари Павло Палиса билан Қуролли кучлар Бош штаби конфигурациясини қандай янгилаш кераклигини белгилаб олдик, деди Украина президенти.
44 ëшли Драпатий Facebook’даги постида “Украинага хизмат қилиш мен учун ҳар доим шараф бўлган, мустақиллик учун уруш даврида эса бу мутлақ масъулиятни англатади. Украина армиясини мустаҳкамлаш йўлидаги изчил меҳнати учун ... Сирскийдан миннатдорман", деб ëзди.
Лавозимидан озод этилганидан сўнг Сирский ҳам қўмондон сифатидаги фаолияти ва бошқаруви давомида амалга оширилган ишларини таъкидлади.
"Мен буни аввал ҳам айтганман ва бугун ҳам такрорлайман: менинг ишим — уруш. Лавозимлар ўзгаради, аммо бу тамойил ўзгармайди. Мақомим қандай бўлишидан қатъи назар, ғалабагача Украинага хизмат қиламан", деди у Telegram тармоғидаги постида.
Бу эълон Зеленский учун ҳам, бутун ҳукумат ва ҳарбий қўмондонлик учун ҳам кескин кечган ҳафтанинг якуни бўлди.
- Драпатий — ажойиб танлов, у украиналик офицерларнинг янги авлоди орасида энг катта ҳурматга сазовор раҳбарлардан бири. Унинг тайинланиши ҳам руҳиятни кўтариши, ҳам Украина армияси олдида турган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришидан умидворман. Айниқса, қўмондонлик маданияти соҳасидаги муаммолар бўйича — бу муаммоларни Драпатий шахсан бошидан кечирган, - деди Демократияни ҳимоя қилиш фонди вакили Жон Ҳарди.
Зеленский шунингдек, кутилмаган истеъфоси сиёсий инқирозга йўл очган собиқ мудофаа вазири Михайло Федоровга муносиб лавозим таклиф қилганини ҳам айтди.
- Мен Михайлога давлатимизнинг технологик таркибий қисмини бирлаштириш ва унинг ривожланишини таъминлаш имконини берадиган муносиб лавозимни таклиф қилдим, деди Украина президенти.
Федоров ишдан бўшатилганидан кейин Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийни кескин танқид қилган эди.
Федоров билан Сирский ўртасида ҳарбий стратегия, хусусан дронлардан кенгроқ фойдаланиш масаласида фарқли қарашлар мавжуд эди. Собиқ мудофаа вазирининг айтишича, айнан Сирский унинг истеъфосини талаб қилган.
Драпатий Украина армиясининг оддий ҳарбийлари ва офицерлар корпуси орасида катта ҳурматга эга офицер сифатида танилган. Лавозимидан четлатган Федоровни ҳам қўллаб-қувватлаб чиққанлардан бири бўлди.
Шунингдек, Драпатий 2025 йил июнь ойида машғулот майдонига Россиянинг баллистик ракета тушиб, 12 украиналик ҳарбий ҳалок бўлганидан кейин ўз истеъфосини таклиф қилгани учун кўплаб украиналиклар орасида ҳурмат қозонганди.