АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон Ҳормуз бўғозидаги ҳар қандай кемага ҳужум қилса, Эроннинг кўприклари ва электр станцияларини йўқ қилиш билан таҳдид қилди.
- Энди Эрон Ҳормуз бўғозидаги ҳар қандай кемага ракета, реактив снаряд, дрон ёки бошқа ҳар қандай қурол воситасида ўқ узса, АҚШ бирорта кўприк ёки электр станциясини, жумладан Теҳронда ёки унинг ёнида жойлашган объектларни бомбардимон қилиб, йўқ қилади, - деб ëзди Дональд Трамп Truth Social тармоғида.
Теҳрон эса бунга жавоб зарбалари берилишини маълум қилди. Жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Ароқчи чоршанба куни X ижтимоий тармоғидаги постида: “Бизнинг мудофаа доктринамиз аниқ: кўзга — кўз. Эронга қарши ҳар қандай тажовуз, жумладан инфратузилмамизга қарши ҳужум ҳам кучли ва қатъий жавобга сабаб бўлади”, деб ëзди.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф ҳам X тармоғида бу позицияни қўллаб-қувватлади. Қолибофнинг айтишича, Эрон нефт сота олмайдиган минтақада ҳеч ким нефт сота олмайди:
“Агар бизнинг хавфсизлигимиз таъминланмаса, ҳеч қандай инфратузилма хавфсиз бўлмайди, Ҳормуз бўғозидаги хавфсизлик эса АҚШ қўшинларининг йўқлигига боғлиқ”.
Ярим расмий Tasnim News Agency агентлиги ҳарбий манбага таяниб хабар беришича, Теҳрон минтақадаги инфратузилма ва кўприкларга, шу жумладан АҚШ манфаатлари мавжуд бўлган энергетика объектларига жавоб зарбалари беради.
Эроннинг Ҳарбий қўмондонлиги Ҳормуз бўғози ёпиқлигича қолишини ва кемалар ҳаракатига фақат Эрон белгилаган йўналишлар ҳамда мамлакат томонидан эълон қилинган тартибларга мувофиқ рухсат берилишини таъкидлади.