Линклар

Шошилинч хабар
25 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 01:05

"Ваъдабоз ҳокимлар". Мирзиёев нарх, гўшт ва рақобатсиз иқтисод масъулиятини мулозимларига юклади

Президент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев

"Инфляцияни 3 фоиздан оширмайман, деган вилоят ҳокимларидан фақат Сирдарё ҳокими Турдимов сўзида турган, қолганлари эплай олмаган".

"Расмий ҳисоботларда 15 миллион қорамол бор, дейилади. Аслида бу "приписка", қўшиб ёзилган".

"Uzbekistan Airways самарасиз режа, кечиккан рейс, рақобатсиз кейтеринг туфайли йилига қарийб 120 миллион доллар даромад бой берилган".

Булар президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатнинг биринчи ярим йиллик иқтисодий натижаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тилга олинган муаммолардан айримлари.

Аммо бу камчиликлар, президент айтгани каби, фақат маҳаллий амалдорларнинг иши билан боғлиқми ёки уларнинг ортида тизимли сабаблар ҳам борми?

21 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент мамлакат иқтисодиётида тўпланиб қолган бир қатор муаммоларни очиқ танқид қилди. Президент Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Навоий вилояти ҳокимларини алоҳида танқид қилди.

17 та шаҳар ва туман ҳокимининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни Бош вазирга топширган президент, уларни экспорт режасини бажармаганликда ва инвестиция жалб қилмаганликда айблади.

Президентнинг айтишича, тадбиркорларга солинаётган асоссиз молиявий жарималар ва божхонадаги тўсиқлар экспортни кўпайтиришга халақит бермоқда.

Шунингдек, президент ўз нутқида, сўмнинг қадрсизланаётгани инфляциянинг ошиб бораётганини ҳам кескин танқид қилди.

Унинг айтишича, вилоят ҳокимлари январь ойида инфляцияни 3 фоиздан оширмасликка ваъда берган эди, лекин Сирдарё вилояти ҳокими Турдимовдан бошқа бирорта ҳоким бу вазифани уддалай олмаган.

Президент тилга олган яна бир муаммо - қорамоллар сони сунъий ошириб кўрсатилганини эса Озодлик ҳам аввалроқ ўрганган эди.

Шахси сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган собиқ Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мулозими бу ҳақда бундай деган эди:

“Биринчи ўриндаги энг катта хато бу ёлғон статистика. Давлат берадиган статистикадаги қорамоллар сони билан ҳақиқий қорамоллар сони мутлақо тўғри келмайди. Расмий ҳисоботларда 15 миллион қорамол бор”, дейилади. Аслида унинг 50 фоизи ҳам йўқ. Агар 15 миллион қорамол бор бўлса, унга маълум миқдорда ер ажратилиши керак, аммо бунча қорамол учун озуқабоп экинлар экиладиган ернинг ўзи йўқ”.

Йиғилишда давлат компаниялари фаолияти ҳам танқид қилинди.
Президент мисол сифатида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" акциядорлик жамиятини келтирди.

Унинг айтишича, маршрутларнинг самарасиз режалаштирилиши, рейслар орасидаги узоқ танаффуслар ва кечикишлар, техник хизмат ҳамда кейтерингда рақобат йўқлиги сабаб компания йилига қарийб 120 миллион долларлик даромад имкониятини бой бермоқда.

Uzbekistan Airways ширкатининг исми сир қолишини сўраган собиқ мулозими компания йиллар давомида давлат маблағларига қарам бўлиб келгани ва унинг бошқаруви самарасиз бўлганини иддао қилди:

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни аудит қилиш америкалик мутахассисларга топширилган эди. Текширишлар бу ширкат бюджет пулини талон-торож қилаётганини кўрсатди. Ширкатнинг 40та учоғи бор. Унинг 6 таси доим ерда бўш туради. Учоқлар максимал ишлатилмайди, чунки уларга фарқи йўқ. Агар хусусий авиакомпания бўлса эди, бу учоқлар бир соат ҳам ишсиз турмасди. Рейслардаги кечикишлар, уларни нотўғри мувофиқлаштириш. Бунинг сабаби, компаниянинг нормал менежери йўқ. Шунинг учун ҳам масъулият йўқ".

Озодлик собиқ мулозим тилга олган аудит ҳисоботини мустақил равишда кўрмаган ва унинг бу иддаосини тасдиқлай олмайди.

Собиқ мулозимнинг иддао қилишича, аэропортдаги кейтеринг хизматининг монополлашгани рақобатни чеклаб, маблағларнинг самарасиз сарфланишига шароит яратган.

Ҳукумат давлат компанияларини хусусийлаштириш ва уларнинг қийматини ошириш ҳақида гапираётган бир пайтда, иқтисодчи Отабек Бакиров муаммонинг асосий ечими бозор рақобатини кучайтиришда деб ҳисоблайди.

Расмий ҳисоботга кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 300дан ортиқ парвоз амалга оширилади ва шунинг учдан бир қисми ЎҲЙ ҳиссасига тўғри келади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича:

“Айнан босқинчи шимолнинг компаниялари учун Ўзбекистон осмони ланг очиб берилган. Россия компаниялари ҳафтасига 200га яқин қатновни амалга оширади, ҳатто Хитой ва Туркияни ортда қолдириб, биринчи рақамли йўналишга айланган”.

Отабек Бакиров фикрича, Ўзбекистон осмонини очишдан ўрта ва узоқ истиқболда энг кўп ютадиган айнан ЎҲЙ бўлишини қарор қабул қилувчилар тушуниб етиши керак:

“Ҳавошка ўзининг шиорида айтилганидек, Марказий Осиёнинг асосий қанотига айланиши мумкин, агар компания бизнес моделини тўғри танлай олса. Бу бизнес модел қанақадир чўнтак компанияларга анъанавий канал ва буюртмаларини қўш—қўллаб топшириш эмас, бу бизнес модел қимматлаштирилган ёқилғидан фойдаланиш эмас, бу бизнес модел мижозларни иккиламчи кўриб, ҳукумат аъзолари ва уларнинг қариндошларига устувор хизмат кўрсатиш эмас, бу бизнес модел аэропортлар қуриб, текинга ҳукуматга топшириш эмас, бу бизнес модел авиакомпанияга хос бўлмаган ижтимоий вазифаларни бажариш эмас”.

Президент видеоселекторда тилга олган муаммолар янги эмас.

Тадбиркорларга босим, юқори инфляция, ишончсиз статистика, давлат компанияларининг самарасизлиги ва ҳаво транспортида рақобат чеклангани ҳақида Озодлик ва мустақил иқтисодчилар аввал ҳам хабар берган.

Бу сафар мазкур муаммоларнинг бир қисми давлат раҳбари томонидан ҳам очиқ тан олинди. Бироқ президент асосий масъулиятни ҳокимлар, маҳалла тизими ва алоҳида корхона раҳбарларига юклади.

Мустақил иқтисодчилар эса кадрларни жазолаш ёки алмаштириш муаммонинг оқибатини вақтинча юмшатиши мумкинлигини, аммо унинг илдизини бартараф этмаслигини таъкидламоқда.

Уларнинг фикрича, бунинг учун тадбиркорликка маъмурий босимни камайтириш, ишончли статистика яратиш, давлат корхоналарида шаффофликни таъминлаш ва бозорда ҳақиқий рақобатга йўл очиш талаб этилади.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG