Линклар

Шошилинч хабар
07 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 01:20

Wildberries муаммолари Ўзбекистон ҳукумати даражасига чиқди

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев россиялик Wildberries маркетплейси раҳбарияти билан алоҳида йиғилиш ўтказишни топширди. Бунга экспортчилар савдо ҳажмининг қисқариши ва тўловлар билан боғлиқ хатарлар юзасидан билдирган хавотирлар сабаб бўлди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Wildberries билан музокаралари ҳақида 5 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда Хоразмдаги ARTATEX тўқимачилик корхонаси раҳбари Наргиза Бекмуратованинг мурожаатидан кейин маълум бўлди.

Бекмуратованинг айтишича, Европа ва АҚШга маҳсулот экспорт қилувчи компания одатда йилига тахминан 3 миллион долларлик маҳсулот жўнатади ва унда 300 нафарга яқин ходим меҳнат қилади. Аммо бу йил Wildberries орқали савдо қилиш билан боғлиқ муаммолар туфайли экспорт ҳажми камайиши кутилмоқда.

"Бу йил экспортимиз қисқарди. Сабаби ҳаммага маълум: деярли ҳар куни Wildberries'нинг қайсидир омборида ёнғин чиқмоқда", деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу узилишлар компаниянинг дебиторлик қарзлари ошиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин.

Жамшид Хўжаев мазкур масала жума куни ўтказиладиган алоҳида йиғилишда муҳокама қилиниши, унда Wildberries раҳбарияти масофадан туриб иштирок этишини маълум қилди.

"Мен компания раҳбарияти билан гаплашдим. Улар йиғилишга онлайн тарзда қатнашади", деди у.

Бош вазир ўринбосари мутасаддиларга йиғилиш олдидан экспортчиларнинг дебиторлик қарзлари бўйича маълумот тайёрлашни топширди. Шунингдек, ҳукумат ҳамда Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти билан биргаликда узоқ муддатли ечимлар ишлаб чиқилишини билдирди.

Wildberries иддаосича, 2025 йилда маркетплейс орқали сотилган Ўзбекистон маҳсулотлари ҳажми 1,4 миллиард доллардан ошган. Россия расмийлари аввалроқ бу кўрсаткич 2023 йилда 418 миллион доллар, 2024 йилда эса 605 миллион доллар бўлганини маълум қилган.

Wildberries босим остида

Музокаралар Wildberries Россиядаги логистика тармоғи июль ва август ойларида Украина дронлари ҳужумларидан кейин узилишларга учраган бир пайтда ўтказилмоқда.

Электросталь, Самара, Владимир ва Тула вилоятларидаги омборлар ҳамда тақсимлаш марказларига зарар етгани компания логистикаси фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Молиявий зарар бўйича баҳолар турлича бўлиб, унинг ҳақиқий кўлами мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Украина президенти Владимир Зеленский нишонга олинган объектлар Россия армиясини дронлар учун бутловчи қисмлар, навигация ускуналари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлашда фойдаланилганини иддао қилди.

Июль ойи ўрталаридан бери Украина дронлари Wildberries'нинг ўнлаб йирик логистика объектларига зарба берди. Reuters маълумотига кўра, ҳужумлар компания объектларини мунтазам нишонга олмоқда.

Россиянинг Forbes нашри ҳисоб-китобларига таяниб берилган баҳоларга кўра, июль ойи охирига келиб Wildberries умумий омбор майдонининг тахминан 17–22% қисми зарар кўрган ёки вақтинча ишдан чиққан. Айрим таҳлилчиларнинг баҳоларига кўра, компаниянинг энг йирик 15 логистика марказидан 8–12 таси турли даражада ҳужумга учраган.

Форум

XS
SM
MD
LG