Шавкат Мирзиёев ўзининг қарийб тўрт йиллик маслаҳатчиси Русланбек Давлетовни ишдан олди.
Озодлик суриштирувларида номи тилга олинган Русланбек Давлетов Ўзбекистондаги диний ва сиёсий вазиятга муҳим таъсир кўрсатиб келгани айтилган.
У танқидчилар томонидан ахборот майдони устидан назоратни кучайтириш, сўз эркинлигини чеклаш ва фаоллар ҳамда блогерларга босим ўтказишда айбланган.
2022 йил 15 ноябрдан буён президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган 46 ёшли Русланбек Қуролтаевич Давлетов вазифасидан озод этилгани ҳақида президент матбуот котиби Шерзод Асадов 13 август куни кечқурун маълум қилди.
Расмий хабарда Давлетовнинг вазифасидан озод этилиши сабаби очиқланмаган.
Бироқ орадан бир кун ўтиб, маҳаллий нашрлар уни Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори этиб тайинлангани ҳақида хабар тарқатишди.
Давлетовнинг янги лавозимга тайинлангани ҳақида ҳозирча расмий баёнот берилгани йўқ.
Айни пайтда айрим нашрлар ва блогерлар Давлетовнинг янги лавозимга тайинлангани ҳақидаги президент фармони нусхасини тарқатишди.
Озодлик бу ҳужжатнинг ҳақиқийлигини мустақил текшириш имконига эга эмас.
Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Telegram-саҳифасида Давлетовнинг янги лавозимга тайинлангани ҳақидаги хабарлар ўчирилаётганини ёзди.
Президент фармони билан Русланбек Давлетовнинг ўрнига Олим Давлатович Давлатов тайинланди. 52 яшар Олим Давлатовнинг аввалги фаолияти асосан илмий ва маданий-маърифий соҳалар билан боғлиқ бўлган.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган Давлатов — адабиётшунос, шарқшунос ва навоийшунос. У 2022 йил апрелидан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори бўлиб ишлаган. Кейинчалик у Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори бўлган.
2026 йил 28 май куни президент Мирзиёев фармони билан Давлатов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.
Олим Давлатовдан фарқли ўлароқ, Русланбек Давлетов Мирзиёев ҳокимиятида бир неча юқори лавозимларни эгаллаган.
Давлетов 2016 йил сентябрида, Мирзиёев ҳали муваққат президент пайтидаёқ Адлия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Орадан бир йил ўтмай, у Адлия вазири бўлган.
Давлетов вазир пайтида ислоҳотчи амалдор сифатида мақталган. Айни пайтда танқидчилар унинг вазирлиги даврида ҳукумат сиёсатини танқид қилувчиларга қарши босимлар кучайганини таъкидлайди.
Давлетов номи Хоразмдаги педофилия бўйича шов-шувли воқеа билан ҳам боғланган. Америка Қўшма Штатлари ушбу иш бўйича адлия тизимидаги айрим ўзбек амалдорларига санкциялар жорий қилган.
Ўша пайтда адлия вазири бўлган Давлетов санкция рўйхатига киритилмаган. Ҳодисадан кейин эса у президент маслаҳатчиси лавозимига кўтарилган.
2022 йил ноябридан эса Давлетов президент маслаҳатчиси вазифасини бажариб келаётган эди.
Саида Мирзиёева Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланганидан уч ҳафта ўтиб, президент Мирзиёев ўз маъмуриятида сўнгги йиллардаги энг йирик кадрлар ўзгаришларидан бирини амалга оширган. Тузилмавий ўзгаришлар натижасида айрим юқори лавозимдаги амалдорлар вазифасидан озод этилди. Президент Администрациясининг қарийб 300 ходими қисқартирилгани эълон қилинди. Бироқ Русланбек Давлетов ўша пайтда вазифасини сақлаб қолган. Унинг президент маслаҳатчиси сифатидаги вазифалари қайта ташкил этилган тузилмада ҳам давом этган.
Давлетов президент маслаҳатчиси сифатида Қорақалпоғистондаги масалалар учун ҳам масъул бўлган. У ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, жумладан, 2022 йил июлида Нукусда юз берган оммавий намойишлардан кейинги вазиятни назорат қилган амалдорлардан бири эди.
Озодликнинг ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, Давлетов президент маслаҳатчиси этиб тайинланганидан сўнг унга мамлакатдаги диний муҳитни назорат қилиш, ҳукумат белгилаган «қизил чизиқлар»дан чиққан дин уламолари ва фаолларга нисбатан чоралар кўриш вазифаси юклатилган. Манбаларнинг айтишича, Давлетов бу вазифани ўзи ишлаб чиққан «дунёвий давлат» концепцияси асосида амалга оширган.
Манбалар ўтган йилги фаоллар ва блогерларга қарши босимлар ортида айнан президент маслаҳатчиси Руслан Давлетов ва унинг ўринбосари, ДХХнинг собиқ раиси, генерал Абдусалом Азизов турганини иддао қилишган.
Манбаларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги диний ва сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатиб келган бу икки амалдор ахборот майдони устидан назоратни кучайтириш ва сўз эркинлигини чеклашга интилган.
2025 йилда Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган ва судланган, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган блогер Алишер Турсунов ишида ҳам Давлетовнинг роли бўлгани ҳақида иддаолар айтилган.
Тошкентда сўнгги икки йилда ўтказилиб, анъанага айланиб бораётган пиво фестивали ҳам Давлетов номи билан боғланади. Пиво фестивали жамоатчиликда баҳсларга сабаб бўлган, айрим сиёсатчилар ва фаоллар тадбирни очиқ танқид қилган эди.
Форум