Қозоғистонда Мақсут Нарикбаев номидаги университетда (МНУ) ишлаган Ўзбекистон фуқароси, профессор Иқболжон Қорабоев, яқинларига кўра, жосусликда гумон қилиниб ҳибсда сақланмоқда.
Олимнинг яқинлари қарийб икки ойдан бери у билан боғлана олмаётгани, уларга тўлиқ маълумот берилмаётганидан шикоят қилмоқда.
46 ёшли Қорабоев Қозоғистоннинг Астана шаҳридаги университетда халқаро муносабатлар фанидан дарс берган, шунингдек, Бельгиядаги БМТ Университети Минтақавий интеграцияни қиёсий ўрганиш институти билан ҳамкорлик қилган.
Профессор Иқболжон Қорабоевнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, Қозоғистон махсус хизмати уни Жиноят кодексининг 176-моддаси билан "жосуслик"да гумон қилмоқда.
Аммо, бу маълумотни ҳозирча расмий манбалар тасдиқлагани йўқ.
Яқинлари Андижонда туғилган профессор Қорабоев оиласи билан 3 июль кунидан бери алоқага чиқмаганини айтмоқда.
Профессорнинг "Озодлик Осиё" хизмати билан гаплашган опаси Маҳфуза Қорабоевага кўра, ўша куни фуқаролик кийимидаги бир неча киши унинг рафиқаси ва уч вояга етмаган фарзанди билан Астанада яшаётганган уйига борган.
Уйни тинтув қилишган, кейин олимни уйидан олиб кетишган. Шундан буён оиласи уни кўрмаганини айтмоқда.
"Мен Қозоғистонда бир ҳафта бўлдим. Қозоғистондаги Ўзбекистон элчихонасига бордим. Улар ўзлари ҳам уч ёки тўрт марта хат юборишганини, икки марта хатларга жавоб бўлмаганини айтишди. Дипломатларимиз, элчи муайян шахслар билан учрашишга ҳаракат қилди, Иқболжон билан кўришиш учун рухсат сўради, аммо рад жавобини олди", деди Маҳфуза Қорабоева "Озодлик Осиё" таҳририятига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, Иқболжоннинг олдига фақат давлат томонидан тайинланган адвокат қўйилмоқда, оила ёллаган ҳимоячи эса иш материаллари билан таниша олмаяпти.
Маҳфуза Қорабоеванинг айтишича, у Астанада Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти вакиллари билан учрашган ва улар унинг мурожаатини қабул қилган. Шунингдек, у Бош прокуратура ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил номига мурожаатлар йўллаган.
Профессорнинг қариндошлари мурожаатларига аниқ жавоб олмаганини айтмоқда.
Яқинда унинг қариндошларидан бири Би-би-си Ўзбек хизмати билан ҳам гаплашди. Унинг айтишича, Қорабоевни қўлга олиш пайтида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари у Астанадаги Ўзбекистон консуллиги ходимига маълумот узатган, деган гапни айтишган, аммо бу гапнинг ҳам расмий тасдиғи йўқ.
Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддасида "жосуслик" учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Олимнинг ҳамкасблари Қорабоевга нисбатан илгари сурилгани айтилаётган айблов улар учун кутилмаган бўлганини айтмоқда. Айрим ҳамкасблари, Қорабоев илмий фаолият билан шуғулланган ва унинг махфий маълумотлардан фойдаланиш имконияти ҳам бўлмаган, демоқда.
"Бу тушунмовчилик бўлишига жуда қаттиқ умид қиламан. Махфий маълумотларга кириш имконияти бўлмаган, Қозоғистон олийгоҳида халқаро муносабатлар дастурининг асосчиларидан бири бўлган, лекцияларга дипломатларни таклиф қилган, кўплаб талабаларимизни сифатли тайёрлашга ҳисса қўшган ва Оксфорд университети, БМТ университети ҳамда бошқа муассасалардаги ҳаммуаллифларни ўз ичига олган ҳолда, дунё етакчи олимлари ўртасида кенг алоқалар тармоғига эга бўлган инсоннинг жосусликда айбланиб, ҳибсга олиниши мамлакатдаги барча олимлар учун жуда хавфли прецедентдир...», деб ёзди жумладан Иқболжон Қорабоевнинг ҳамкасби Қайрат Молдашев ўзининг Фейсбук саҳифасида.
Қорабоев Бельгиядаги БМТ Университетининг Минтақавий интеграцияни қиёсий ўрганиш институти билан ҳамкорлик қилган ва ҳозир ҳам у ерда катта илмий ходим бўлиб қолмоқда.
Би-би-си мазкур муассаса вакилининг қуйидаги позициясини келтирди:
"Профессор Қорабоев нега жосусликда айбланаётгани, у қайси давлат манфаатлари учун фаолият юритгани тахмин қилинаётгани ва Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаросининг тақдири юзасидан қандай чоралар кўраётгани ҳозирча номаълум қолмоқда".
Би-би-сининг ёзишича, бу воқеада эътиборни тортадиган яна бир жиҳат Қорабоевнинг шу йил апрель ойида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг минерал ресурслари ҳақида тайёрлаган илмий иши бўлиши мумкин.
"Озодлик Осиё" таҳририятининг ёзишича, профессор қўлга олинган пайтда мазкур иш ҳали чоп этилмаган эди. Қолаверса, айнан шу тадқиқот унинг ушланиши ва жосусликда гумон қилинишига сабаб бўлганини тасдиқловчи маълумотлар ҳам йўқ.
Олимнинг бундай тахминларга муносабат билдирган опасига кўра, Қорабоев ўз мақоласи учун очиқ манбалардан фойдаланган.
"Бугун интернет ёрдамида бутун дунёдагилар қайси мамлакатда қандай минераллар борлигини яхши билади. Иқболжон шунчаки минераллар ҳақида мақола ёзган, ҳаммаси очиқ манбалардан олинган. У ҳеч қачон давлат ёки бошқа махсус идораларда ишламаган. Агар гап махфий лойиҳаларда қатнашган, қурол ишлаб чиқарадиган қандайдир заводларда ишлаган одам ҳақида бораётган бўлса, тушунарли бўларди. Лекин гап шунчаки талабаларга дарс берадиган ва ўзи ҳам ўқийдиган инсон ҳақида кетмоқда. У бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмаган", дейди Маҳфуза Қорабоева.
Айни пайтда, Мақсут Нарикбаев Университети Қорабоев энди мазкур олийгоҳда ишламайди, деб маълум қилди:
"МНУ маълум қиладики, Иқболжон Қорабоев ҳозирги вақтда университетимиз профессори эмас. Унинг ушланиши ҳақида маълумот олиш учун ваколатли органларга мурожаат қилишингизни сўраймиз".
Профессор билан меҳнат шартномаси қачон бекор қилингани маълум эмас. Бироқ у дарс берган олийгоҳнинг айрим талабалари уни ҳимоя қилиб очиқ чиқишлар қилмоқда.
"Жаноб Иқболжон ноёб профессионаллардан бири, у ҳар доим доно устоз сифатида намоён бўлган ва ёрдамга тайёр инсон эди, аммо ҳеч қачон бўйсуниш тартибини бузмаган ва ўз фикрини мажбурлаб сингдирмаган. Биз, МНУ университети Халқаро муносабатлар факультети талабалари, бу хабардан шокка тушдик ва қаттиқ қайғурдик. Биз вазият ижобий ҳал бўлишига ва бу шунчаки тушунмовчилик эканига чин дилдан умид қиламиз. Биз ўз профессориимизни яхши кўрамиз, қадрлаймиз ва ҳурмат қиламиз", деб ёзди талабалардан бири Threads ижтимоий тармоғида.
Яқинларининг маълум қилишича, олимнинг хориждаги ҳамкасблари ҳам уни қўллаб-қувватлаш учун петиция бошлаган ва Қорабоевнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда иш юзасидан адолатли тергов ўтказилишини сўраб Қозоғистон президентига мурожаат йўллаш ниятида.
"Озодлик Осиё" таҳририяти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасига сўров юборган. Материал эълон қилинаётган пайтда ҳам бу идоралардан жавоб келмади. Бу идоралар жавоб йўллаган тақдирда, Озодлик расмий жавобларни чоп этишга тайёр.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида жосусликка оид очиқ дипломатик можаролар деярли кузатилмаган.
Шу боис, Қозоғистонда жосусликда гумонланаётгани айтилган ўзбекистонлик профессор Иқболжон Қорабоев иши икки давлат ўртасидаги бугунги дўстона муносабатлар фонида диққатни тортмоқда.
Бунга қадар, Ўзбекистон билан боғлиқ энг машҳур жосуслик можаролари асосан Тожикистон ва Россия билан кузатилган.
Жумладан, 2000-йилларда Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар таранг бўлган даврда ҳар икки томон бир-бирининг фуқароларини жосусликда айблаган бир қатор ишлар кузатилган.
2023 йилда эълон қилинган халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон қамоқхоналарида жосуслик айбловлари билан жазо ўтаган ўнлаб Тожикистон фуқаролари ҳақида сўз борган. Ҳисобот муаллифлари буни икки давлат муносабатларининг совуқ давридан мерос муаммо сифатида баҳолаган эди.
Россия билан боғлиқ энг машҳур ишлардан бири эса 2011 йилдаги собиқ ҳарбий Юрий Корепанов ишидир. Россия фуқаролигига эга бўлган Корепанов Ўзбекистонда давлатга хиёнат айблови билан судланган ва бу иш Россия матбуотида кенг муҳокама қилинган.
Яна бир шов-шувли иш 2020 йилда кузатилган. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг собиқ раҳбари Рафиқ Сайфулин Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қамалгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бу иш атрофида кенг муҳокамалар бўлган.
Форум