Линклар

Шошилинч хабар
09 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 14:09

Трампнинг Эронга қарши янги сиёсати Ўзбекистон учун нимани англатади?

АҚШ давлат котиби Марко Рубио  Вашингтондаги Оқ уйда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида президент Дональд Трампнинг нутқини тингламоқда. 2026 йил 26 март
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтондаги Оқ уйда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида президент Дональд Трампнинг нутқини тингламоқда. 2026 йил 26 март

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Эронни халқаро иқтисодий ва молиявий тизимдан янада яккалашга қаратилган янги кампания бошлади. Ушбу кампанияга “Operation Economic Outcast”, яъни “Иқтисодий яккалаш операцияси” деб ном берилди.

Вашингтон Эрон билан иқтисодий алоқаларни давом эттираётган хорижий давлатлар, банклар ва компанияларни иккиламчи санкциялар билан огоҳлантирмоқда.

Бу сиёсат Эрон билан савдо ва транспорт алоқаларини кенгайтириб келаётган Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистон учун Эрон ташқи савдосининг муҳим қисми ўтадиган транзит ҳудуд саналади.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, Эрон билан боғлиқ савдо ва логистика йўлларида жиддий узилишлар мамлакат иқтисодиётига 1 миллиарддан 1,5 миллиард долларгача — ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 0,7–1 фоизи миқдорида зарар етказиши мумкин.

Ушбу рақам Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 2026 йил 17 июлда эълон қилинган “2027–2029 йилларга мўлжалланган фискал стратегияси” да келтирилган.

“Ҳар бир давлат учун аниқ муддат бор”

24 август куни АҚШ Молия вазирлиги президент Трамп топшириғи билан Иқтисодий яккалаш операцияси бошланганини эълон қилди.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент янги сиёсат Эроннинг ўзи билан чекланмаслигини очиқ айтди.

“Ҳар бир давлат ва ҳар бир ташкилот АҚШ санкцияларига дуч келиши мумкинлигига тайёр бўлиши керак. Ҳар бир давлатга биз аниқлаган фаолиятни тўхтатиш учун муайян муддат белгиланган. Агар улар чора кўрмаса, биз Молия вазирлиги ваколатлари доирасида бир томонлама ҳаракат қиламиз.”, деди Бессент.

Унинг айтишича, Трампнинг ўзи хорижий давлатлар раҳбарларига қўнғироқ қилиб, Эрон ҳукумати билан муайян алоқаларни тўхтатишни сўрамоқда. АҚШ Молия ва Давлат департаментлари вакиллари ҳам бу масалада хорижий ҳукуматлар билан мулоқот олиб бормоқда.

Бессент Эрон билан боғлиқ санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган молиявий институтлар АҚШ доллари тизимидан узиб қўйилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бессент Эронга иқтисодий имконият яратадиган фаолиятлар қаторида қуруқлик орқали транзитни ҳам тилга олди.

Айнан шу жиҳат Ўзбекистон учун алоҳида таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Эронга боғлиқ 5,3 миллиард долларлик савдоси

Ўзбекистоннинг Эронга иқтисодий боғлиқлиги икки мамлакат ўртасидаги бевосита савдо ҳажмидан анча катта.

Расмий рақамларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга импорт қилинган 3,9 миллиард долларлик товар Эрон ҳудуди орқали ўтган. Бу мамлакат умумий импортининг қарийб 9 фоизи.

Шундан қарийб 1 миллиард долларини машина ва технологик ускуналар ташкил этган. Эрон орқали озиқ-овқат, кимё маҳсулотлари, металл, автомобиль ва эҳтиёт қисмлар ҳамда фармацевтика маҳсулотлари ҳам олиб кирилган.

Эрон Ўзбекистон экспорти учун ҳам муҳим транзит йўналишидир.

2025 йилда 1,4 миллиард долларлик Ўзбекистон экспорти Эрон ҳудуди орқали ўтган. Бу олтинни ҳисобга олмаганда мамлакат экспортининг қарийб 10 фоизи.

Демак, бир йилда камида 5,3 миллиард долларлик Ўзбекистон ташқи савдоси Эрон ҳудуди орқали ҳаракатланган.

Эрон Ўзбекистонни Форс кўрфази портлари, Туркия ва ундан кейинги бозорлар билан боғлайдиган муҳим жанубий йўналишлардан бири саналади.

Сиёсий шарҳловчи Фарҳод Толибов фикрича, АҚШ президентининг Эронни яккалаш бўйича янги ташаббуси бу давлат билан ҳамкорлик қилиб турган минтақа давлатларида тўсқинликларга учраши мумкин.

1–1,5 миллиард доллар қаердан чиқади?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Эрон билан боғлиқ савдо ва логистикадаги жиддий узилишлар сабаб юзага келадиган 1–1,5 миллиард доллар зарар қаердан пайдо бўлди?

Бу хисоб-китоб Эрон орқали транзитнинг узилиши, қимматроқ муқобил йўллардан фойдаланиш зарурати, йўлга сарфланган вақтдаги кечикишлар ҳамда жаҳон бозорида энергия ва бошқа товарлар нархи ошиши каби эҳтимолий оқибатларни қамраб олади.

Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти Стратегик боғлиқлик маркази раҳбари Наргиза Умарова kun.uz нашрига берган интервьюсида Эронни фақат савдо бозори эмас, балки Ўзбекистонни стратегик ва йирик ҳамкорлар билан боғлайдиган мамлакат сифатида кўриш кераклигини таъкидлаган.

“Ўзбекистон Эрондан ҳам Афғонистону Покистондан ҳам воз кечмайди ва кечолмайди. Бу можародаги давлатларни четлаб ўтиб бошқа давлатлар билан стратегик лойиҳалар доирасида ишлаш имкони бўлганида эди биз аллақачон бу ишни қилган бўлардик”, деганди Наргиза Умарова.

Axios: Кўрсатма Марказий Осиёга ҳам юборилган

Вашингтоннинг Эронга иқтисодий босим ўтказиш сиёсати расман тасдиқланган. Аммо бу сиёсат доирасида Ўзбекистонга қандай конкрет талаб қўйилгани ҳозирча номаълум.

2 сентябрь куни Axios нашри АҚШ давлат котиби Марко Рубио Америка элчихоналарига “Operation Economic Outcast” бўйича ўзлари фаолият юритаётган давлатлар ҳукуматларининг энг юқори доираларига расмий дипломатик демарш топширишни буюргани ҳақида хабар қилди.

АҚШ расмийларига таянган нашрга кўра, Абу-Даби, Маскат, Доҳа, Ҳонгконг, Лондон ва Берлин билан бир қаторда Марказий Осиёдаги бир нечта пойтахтга ҳам алоҳида кўрсатма юборилган.

Нашр Марказий Осиёнинг айнан қайси давлатлари назарда тутилганини очиқламаган.

Шу сабаб Ўзбекистон бундай мурожаат олган-олмагани номаълум.

Озодлик бу борада изоҳ сўраб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ёзган мактубларига жавоб олмади.

Бироқ Axios хабари Бессент бундан бир ҳафта олдин очиқлаган умумий сиёсатга мос келади: Вашингтон хорижий ҳукуматлар билан мулоқот қилаётганини, улардан Эрон билан боғлиқ муайян фаолиятларни тўхтатишни кутаётганини ва бунинг учун муддатлар белгилаётганини расман айтган.

Фарҳод Толибов фикрича, АҚШ талабига муносабат қандай бўлишидан қатъий назар Марказий Осиё давлатлари бу борада ягона позицияни билдиришлари керак.

Йўл очиқ қолса-ю, пул ўтмаса?

Ўзбекистон учун муҳим бўлган Чобаҳор ва Бандар-Аббос портлари уруш таъсиридан четда қолмади. Аммо бу бандаргоҳларга қанчалик зарар етганини баҳолаш қийин. Эрон орқали транзит имкониятларини кескин қисқартирган асосий омил ҳарбий хатар ва Ҳурмуз бўғозидаги чекловлардир.

Санкциялар хавфи сабаб банклар, суғурта ва логистика компаниялари Эрон билан боғлиқ операциялардан воз кечиши мумкин.

28 август куни АҚШ Молия вазирлиги Banque Misr UAE’нинг АҚШ банкларидаги корреспондентлик ҳисобларига киришини чеклаш бўйича чора кўрди ва банкни Эрон билан боғлиқ операцияларни амалга оширганликда айблади.

Bank Melli’нинг Дубай филиали раҳбари ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

АҚШ — стратегик шерик

Ўзбекистоннинг АҚШ билан иқтисодий алоқалари Эрон солиштирганда анча кенг.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошган, Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги қарийб 340 та компания ишламоқда.

Тошкент ва Вашингтон 35 миллиард долларлик уч йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастурини ҳам амалга оширмоқда.

Ҳамкорлик энергетика, критик минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Вашингтон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Мувозанатни сақлаш мумкинми?

Кўп нарса Вашингтон Ўзбекистондан айнан нимани талаб қилишига боғлиқ.

Тошкент санкция остидаги Эрон банклари ва компаниялари билан операцияларни чеклаб, Эрон ҳудуди орқали қонуний савдо ва транзитни сақлаб қолишга ҳаракат қилиши мумкин.

Аммо Вашингтон иккиламчи санкциялардан қанчалик кенг фойдаланиши ва Эрон орқали транзитга қандай муносабатда бўлиши ҳозирча очиқ савол.

Форум

XS
SM
MD
LG