Линклар

Шошилинч хабар
14 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 23:28

Энергетика, стратегик минераллар ва миграция. Мирзиёевнинг Кореяга давлат ташрифи

янгилаш
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён учршувлари, 2026 йил 14 сентябрь, Сеул
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён учршувлари, 2026 йил 14 сентябрь, Сеул

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея республикасига 3 кунлик давлат ташрифи давом этмоқда.

Расмий хабарларга кўра, 14 сентябрь кунги музокараларда автомобиль саноати, энергетика, мудофаа саноати ва муҳим минераллар занжирини яратиш каби қатор соҳаларга оид ўндан ортиқ келишув имзоланган.

Шунингдек, 16 сентябрь куни президент Мирзиёевнинг қўшни давлат раҳбарларидан иборат “Марказий Осиё – Жанубий Корея” саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

Бу - Марказий Осиёдаги 5 республика билан Жанубий Корея иштирокида айни форматдаги илк учрашув бўлади. Тадбир якунида “Сеул декларацияси” имзоланиши айтилган.

Кореядаги 5-йирик диаспора ўзбеклар

13 сентябрь куни давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга борган Ўзбекистон президенти ва рафиқасини ўша куниёқ бу давлатдаги ўзбекистонликларнинг катта жамоаси қарши олди.

Корея Иммиграция хизмати (KIS) берган расмий рақамларга кўра, бу давлатда ўзбекистонликлар 5-йирик хорижликлар гуруҳи ҳисобланади.

2025 йил якунига келиб бу давлатда 103 минг яқин ўзбекистонлик қонуний ва вақтинчалик виза билан рўйхатдан ўтган.

Булардан тахминан 69 ярим мингга яқин, яъни 67 фоизи узоқ муддатли яшаш ҳуқуқига эга бўлганлардир. Қарийб 24 минг нафари қисқа муддатли ишчи визаси - одатан, E-9 ва бошқа турдаги меҳнат визасига эга бўлганлар, яна 20 мингдан ортиқроғи талабадир.

Ўзбекистон Миграция агентлиги 2026 йил биринчи ярмига доир ҳисоботида бу давлатда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 46,4 минг, деб келтирди.

2004 йилда Жанубий Корея ҳукумати Employment Permit System (EPS) дастурини ишга туширган ва хорижий ҳукуматлар кўмагида бу давлатга малакали ишчи кучи жалб қилишни бошлаган эди.

Бу дастур доирасида Ўзбекистон билан келишув 2012 йилда имзоланган.

2016 йилда президент Ислом Каримов вафот этгач, унинг ўрнини эгаллаган Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигини тузишга кўрсатма берган ва бу агентлик ишга тушиши билан, Кореяга ишчи жўнатиш жараёни янада изчиллашган эди.

Ҳозиргача жами неча ўзбекистонлик бу давлатга ишга юборилгани номаълум. Аммо, бу жараёнда мисли кўрилмаган коррупцияга йўл қўйилгани ва айнан Миграция агентлиги раҳбарияти ўта коррупциялашган масъуллар бўлиб қолаётганини расмий идоралар ҳам тасдиқлаган.

Озодлик бу ҳақда туркум дастурлар ҳозирлаган, уларни Озодлик сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Кореянинг 8 млрд. долларлик сармояси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга бу сафари давлат ташрифи мақомида ўтмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати, сафар давомида томонлар ўртасида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтиши, шунингдек, Мирзиёев Кореянинг йирик компания ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашишини маълум қилди.

14 сентябрь куни эрталаб президентни расмий қабул қилиш маросими бўлди. Сўнгра икки томон делегациялари ва давлат раҳбарлари ўртасида қатор музокаралар бўлиб ўтди.

Президент матубот хизматининг хабар қилишича, бу музокараларда Ўзбекистон билан Корея ўртасида алоҳида стратегик шерикликни ривожлантириш масаласи кўрилган.

Давлат раҳбарлари ўзаро товар айланмаси ва инвестициялар кўрсаткичи ортаётганини қайд этган.

Расмий рақамларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона бор. Кореядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестиция ҳажми 8 млрд. доллардан ошган.

Президент матбуот хизмати, жумладан Корея сармояси иштирокидаги Жиззах вилояти “KIA” автомобилларини ишлаб чиқариш заводи, Сургил кони негизидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси каби лойиҳаларни тилга олди.

Мирзиёевнинг ҳозирги ташрифи давомида томонлар сунъий интеллект, яримўтказгичлар, электромобиллар, биофармацевтика ва нодир минераллар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилгани хабар қилинмоқда.

Корея матбуоти нима дейди?

Korea Times нашрининг ёзишича, 14 сентябрь куни президентлар стратегик минераллар таъминот занжири, сунъий интеллект (СИ) ва бошқа ривожланаётган тармоқлар бўйича ҳамкорликка келишган.

“Транспорт инфратузилмасидан тортиб соғлиқни сақлаш, иқлим инқирозига қарши чоралар, стратегик минераллар таъминот занжирлари, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва мудофаа саноатигача бўлган соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришимиз ва келажак ўсишининг янги драйверларини биргаликда шакллантиришимиз мумкин, деб ҳисоблайман”, дея Корея президенти Ли Чже Мёндан иқтибос келтиради бу нашр.

Корея нашрларига кўра, Сеулга йиғилган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон раҳбарлари билан ҳам стратегик минераллар ва энергетика ресурсларини қидириш, қайта ишлашда Кореяда ишлаб чиқарилган технологияларни кенг қўллаш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Корея матбуотига кўра, Ўзбекистон томони стратегик минералларни қазиб чиқаришгина эмас, балки қайта ишлаш ва таъминот занжирининг ҳам ўз ҳудудида қурилишини истамоқда.

Шунингдек, корейс нашрлари президент Ли Ўзбекистонда яшаётган қарийб 200 минг этник корейсни алоҳида тилга олиб, оғир даврларда уларни бағрига босгани учун ўзбек халқига миннатдорлик билдирганини ёзмоқда.

Шавкат Мирзиёев эса Корея ҳукуматининг Корея яриморолида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини Ўзбекистон қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаган.

“Тарих шуни кўрсатадики, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сиёсий ўзгаришлар таъсирида ўзгариб кетмайди”, дея иқтибос келтирди Мирзиёевдан Korea Times нашри.

Yonhap News агентлигининг ёзишича, ҳозир Жанубий Корея ширкатлари диққат марказида Ўзбекистоннинг олтита асосий миллий стратегик тармоқлари - стратегик минераллар, сунъий интеллекет, замонавий шаҳарсозлик, саноат, фармацевтика ва биотехнология, озиқ-овқат ҳамда гўзаллик индустрияси турипти.

Агентликнинг хабар қилишича, 14 сентябрь кунги музокараларда Ўзбекистонга Hyundai Rotem ширкатининг 8 та юқори тезликдаги поездини етказиш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Ўзбекистон-Корея муносабатлари

Ўзбекистон - Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Томонлар ўртасида стратегик шериклик 2006 йилда, алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги келишув эса 2019 йилда имзоланган.

Иқтисодий жиҳатдан Жанубий Корея Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкори эмас, аммо муҳим инвесторлардан бири ҳисобланади. Корея компаниялари киритган 8 миллиард доллардан ортиқ сармоя - тўғридан-тўғри сармоядир ва асосан узоқ муддатли ишлаб чиқариш лойиҳаларига йўналтирилган.

Экспертларга кўра, геосиёсий нуқтаи назардан, Тошкент учун Корея юқори технология, инвестиция ва бу минтақадаги бозорларга чиқиш имконини берувчи шерикдир.

Сеул учун ҳам Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг аҳолиси кўп бўлган давлати, минтақавий транспорт маркази ва муҳим минерал ресурслар манбаи сифатида аҳамиятли.

Ўзбекистон президентининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи давом этмоқда. Тафсилотларни Озодликда кузатинг!


  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG