АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг 200 нафардан ортиқ америкалик бизнес вакили билан 17 октябрь куни Ўзбекистонга боради.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, Самарқанд шаҳрида Рубио “C5+1” форматида минтақа ташқи ишлар вазирлари билан учрашади.
Департамент баёнотида, Вашингтон бу дипломатик платформа орқали Марказий Осиё давлатлари билан тинч ва фаровон келажак барпо этишга қаратилган ҳамкорликни кўзлаётгани таъкидланган.
Самарқанддан сўнг давлат котиби Ҳиндистонга жўнаб кетади.
Давлат департаменти маълумотига кўра, Марко Рубио Ўзбекистонга сафари чоғида 200 нафардан ортиқ америкалик бизнес вакилларидан иборат делегацияга бошчилик қилади.
Вашингтон буни АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани рамзи сифатида баҳоламоқда.
“C5+1” формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлатини бирлаштирган мулоқот майдони сифатида 2015 йилда ишга туширилган.
Илк учрашув ташқи ишлар вазирлари даражасида ўтказилган ва унда ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Жон Керри қатнашган.
Томонлар мазкур формат ҳозирга қадар Вашингтоннинг минтақа билан юқори даражадаги ҳамкорлиги учун асосий платформалардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлайди.
Ўтган йили бу формат доирасида илк бор давлат раҳбарлари даражасидаги саммит бўлиб ўтди. Вашингтонда бўлган учрашувда Марказий Осиёнинг беш мамлакати етакчилари ва АҚШ президенти Дональд Трамп қатнашди.
Томонлар ўшанда минтақа ва АҚШ муносабатларида “янги давр” бошланди, мазмунида қўшма баёнотни эълон қилди.
Ўзбекистондан сўнг Рубио расмий ташриф билан Ҳиндистонга йўл олади. Бу унинг жорий йилда ушбу мамлакатга амалга ошираётган иккинчи ташрифи.
Сафар давомида у Ҳиндистон ҳукумати юқори лавозимли расмийлари билан учрашиб, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро вазият юзасидан фикр алмашиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Рубио ҳиндистонлик бизнес вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказиб, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.
Форум