Линклар

Шошилинч хабар
17 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 02:11

UzPost назорати кимда? Миллий почта устидан "яширин келишув" баҳси

UzPost АЖ расмий сайтидан олинган сурат
UzPost АЖ расмий сайтидан олинган сурат

Россиянинг йирик маркетплейси — халқаро санкцияларга тушган Wildberries’нинг UzPost билан ҳамкорлиги, почта бўлимларини интеграция қилиш ва хусусийлаштириш бўйича ташаббуслари жамоатчилик ва экспертлар эътиборида қолмоқда.

Миллий почта инфратузилмасининг хорижий, айниқса, геополитик босим остида турган Россия компанияси билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиши шунчаки манфаатли бизнес битимими ёки стратегик хавф, деган савол баҳсларга сабаб бўлмоқда.

UzPost АЖнинг 2025 йил октябрда хусусий қўлларга берилаётгани ва бу қўллар Россия бизнесига тегишли экани ҳақида қатор нашрлар, жумладан Gazeta.uz ва Spot ўзбек нашрлари ҳамда Россиянинг "РБК" нашри ўз манбаларига таяниб хабар қилганди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2026 йил октябрь маълумотларига кўра, Ўзбекистон миллий почта оператори - UzPost’нинг сўнгги уч йилдаги ўртача йиллик соф фойдаси атиги 800 миллион сўм, рентабеллиги эса бор-йўғи 0,2 фоизни ташкил этган.

Баёнотга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида компания тушуми 313,6 миллиард сўм бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга кам. Банклар олдидаги қарздорлик эса 45,3 миллиард сўмга етган. Эндиликда инфратузилмани модернизация қилиш учун эса 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади.

Таҳлилларга кўра, даромаднинг кескин тушиб кетишига 2026 йил 16 майдан ЙҲХБ жарима қарорларини етказиб бериш хизматининг тўхтатилгани ҳам сабаб бўлган. Бу компаниянинг асосий даромад манбаларидан бири эди.

UzPost’нинг сотилгани ҳақидаги биринчи хабар 2025 йилнинг сентябр ойида тармоқларда пайдо бўлганди.

Кейинчалик Интернетга сиздирилган ҳужжатларда қайд этилишича, 2025 йил 30 декабрда Давлат активларини бошқариш агентлиги ва WB INT EXPORT компанияси ўртасида UzPost акцияларини ишончли бошқарувга бериш бўйича №01/3-94-сонли шартнома имзоланган.

Айнан шу шартноманинг 6.1-бандига таянган ҳолда, жорий йилнинг 11 августида россиялик шериклар Давлат активлари агентлигига хат (№ДД-4) юбориб, Кузатув кенгаши таркибини ўзгартириш ва унга ўз вакилларини киритишни сўраган.

Ҳужжатларда, Wildberries & Russ тузилмаларининг беш вакили 2025 сентябрда уч йил муддатга сайланган UzPost миллий почта операторининг янги - тўққиз кишилик кузатув кенгаши таркибидан ўрин олгани акс этади.

Кенгаш таркибига WB INT EXPORT бош директори Акмал Примқулов, шунингдек, «РВБ» раҳбарлари Евгений Митин, Эмил Хасянов ва Павел Логунов ҳамда «ВБ Банк» минтақавий ривожланишни бошқариш департаменти директори Александра Хмелева кирди.

Қолган тўрт ўринни Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, Ҳисоб палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ҳамда мустақил аъзо Роджер Крук эгаллагани ҳужжатларда айтилган.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда UzPost хусусийлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги бу маълумотни рад этмоқда.

8 октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) директори Соҳибжон Муродов Интернетга сиздирилган ҳужжатларга изоҳ берди.

Бу расмий UzPost миллий оператори Россиянинг Wildberries ширкати ишончли бошқарувига берилганига оид иддаоларни рад этди.

Муродов, “Ўзбекистон почтаси” - UzPost Кузатув кенгашидаги 9 та ўриндан 5 тасига Wildberries вакилларининг тайинланганини - почта тизими ислоҳоти ва Россия ширкатидан 360 млрд. сўмгача (тақрибан 28 млн. АҚШ доллари) фоизсиз қарз олиш режаси билан изоҳлади.

Давактив вакили сўзларича, шунингдек ҳукумат зарар кўраётган активларни хорижий инвесторларга топшириб, бюджет тушумини кўпайтиришни мақсад қилган.

Шу тариқа, расмийлар ўзаро икки тузилма орасидаги келишувнинг молиявий қисмини тасдиқлаб, ишончли бошқарув қисмини инкор қилмоқда ҳамда бу битимдан асосий мақсад — UzPost зарарини қисқартириш ва инфратузилмани модернизация қилиш, демоқда.

Аммо таҳлилчилар бундай баёнотларга шубҳа билан қарамоқда.

Жамоатчилик фаоли Никита Макаренко агентликнинг UzPost бўйича берган қарорини рейдерликка менгзади:

- Кенгашда ўзбекистонликлар атиги уч кишини ташкил этмоқда — яъни озчилик. Нега бундай бўлди? Буларнинг бари Борис Березовский услубидаги рейдерликни жуда эслатиб юборади. У давлат компаниясини хусусийлаштира олмаса, раҳбариятга ўз одамларини жойлаштирар эди. Ва шу йўл билан уни босиб оларди. Савол ҳамон ўша-ўша: Республиканинг барча фуқаролари маълумотларига эга бўлган стратегик ресурсни бундай шубҳали хорижий шахсларга беришдан бизга нима наф?

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса “бу важлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, токи Давактив, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари нега айнан Wildberries вакилларини кенгашга сайлашганини батафсил изоҳлашмагунча”, дея эътироз билдирди:

Бугунга келиб Wildberries Европа Иттифоқи, хусусан Польша, Буюк Британия, Украина, АҚШ санкциялари остида қолмоқда.

Украинага Россиянинг тажовузида иштирок этганликда айбланган ва санкцияга тушган Wildberries ҳозирда Марказий Осиё давлатларида ўз омборлари ҳамда логистика марказлари сонини ошираётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилоятида Wildberries’нинг замонавий логистика хаби барпо этиляпти.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назир иқтисодиёти инқирозга учраган Россия билан муносабатга киришиш Ўзбекистон учун қатор хавфларни туғдиради, деган фикрда:

- Россия иқтисодиёти инқирозга учраяпти ва у ерда бундай ахборот технологиялари компанияларига ишлашга имконият қолмаяпти - улар янги бозор излаяпти. Европа, Осиё ёки Дубайга кўчиб ишлаш бу компания учун жуда қийин, чунки компания санкцияларга учраган. Улар билан ишлайман деётганлар йўқ. Ўзбекистонга келаётган бу компания стратегик аҳамиятга эга Ўзбек почтасини назорат қиладиган бўлса, барча давлат ҳужжатлари улар назоратига ўтади. Қолаверса, бу ерда "манфаатлар конфликти" ҳам мавжуд бўлиши мумкин ва Wildberries монополистга айланиши мумкин.

Spot нашри маълумотларига кўра, келишув 6 октябрь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон минтақалар кенгашининг учинчи йиғилишида имзоланган. Ҳужжат Тошкент вилоятининг Зангиота туманида майдони 67,3 гектар бўлган замонавий кўп тармоқли логистика мажмуасини қуришни назарда тутади.

Россия маркетплейси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги лойиҳни амалга ошириш бўйича келишув имзолади.

АЗЕРТАДЖ хабарига кўра, Wildberries лойиҳасини Тошкент вилоятида 2027–2028 йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда. 24.kg нашрининг ёзишича, инвестициялар ҳажми 140 миллион долларга баҳоланмоқда.

Шу йилнинг июнь ойида, ҳали Россиядаги Wildberries омборларига оммавий ҳужумлар бошланмасидан туриб, Wildberries & Russ бош ижрочи директори Роберт Мирзоян Ўзбекистон ҳудудида Марказий Осиё логистика хаби яратилаётгани ҳақида хабар берган ва ушбу проектга 300 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритган эди.

Wildberries`нинг дрон ҳужумларидан кўрган улкан зарарлари эса Россия ҳукумати томонидан қопланиши шу йилнинг август ойида эълон қилинган.

Озодликнинг иқтисодий шарҳловчиси Максим Блант Кремл чўкиб бораётган Wildberries компаниясини қутқариб қолишга уринмоқда, дейди:

- Россия Вазирлар Маҳқамаси раиси Михаил Мишустин украин дронларининг Wildberries`ни бошқарувчи “RWB” гуруҳи объектларига ҳужумидан зарар кўрган бизнесга ёрдам бериш тўғрисида қарор чиқарди. Йиллик товар алмашинувининг 5 фоиздан ортиғини йўқотган юридик шахс, хусусий тадбиркорлар ҳамда маркетплейснинг ўзи солиқ ва суғурта тўловларидан 2027 йилнинг август ойигача озод этилди. Жабр кўрган тадбиркорлар йил давомида солиқ текширувларидан ҳам халос қилинди.

Шу тариқа Кремлдан ёрдам олаётган Wildberries эндиликда ўз маблағларини хавфсиз ва тинчроқ макон - Ўзбекистон ва Қозоғистонга киритишга уринмоқда.

Айни пайтда, асосчилари россиялик бўлган Uzum рақамли экосистемаси ҳам UzPost АЖга инвестиция киритиш ҳамда почта инфратузилмасидан Uzum Market буюртмаларини ташишда фойдаланиш истагини билдирган.

Аксар экспертлар миллий почта оператори аҳамиятини фақат тижорий даромад билан ўлчаб бўлмаслигини ҳам қайд этадилар.

UzPost хат-хабар ва посилкаларни етказишдан ташқари, давлат ва аҳоли ўртасида алоқа ҳамда чекка ҳудудлардаги хизматлар инфратузилмасини ўзида жам қилган улкан стратегик тизим ҳисобланади.

Яъни, почта оператори фуқаролар манзиллари, паспорт маълумотлари, банк молиявий ўтказмалари ва жўнатмалари ҳақидаги стратегик дата-базага эга. Бу маълумотларнинг хорижий компания назоратига ўтиши хавфсизлик учун жиддий хатардир.

Аксар экспертлар, айнан почта — уруш ва фавқулодда вазиятларда давлатнинг стратегик алоқа ва логистика тармоғи бўлиши, уни хорижий резидентга бериш суверенитет масаласини кун тартибига қўйишини қайд этмоқда.

- Бу компания билан алоқа қилиш катта таваккал, чунки Ўзбекистондаги инвесторлар учун бу масала жуда муҳим: бунинг ортидан ривожланган давлатларнинг Ўзбекистонга қизиқиши камаяди, уларда стратегик объектни русларга бериб қўйиш катта шубҳа уйғотади. Ҳамкорлик қилишдан бош тортмасаям, эҳтиёткорлик қилишга мажбур этади. Ўзбекистоннинг бундай йирик тузилмасини хориж компаниясига бериб қўйилиши - Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати олдида турган янги чиғириқ, - дейди таҳлилчи Анвар Назир.

Унинг таъкидича, муҳими Россия компаниялари ва уларнинг раҳбарлари халқаро санкциялар остида экани инобатга олинса, UzPost АЖнинг улар билан чуқур интеграцияси Ўзбекистон логистика секторига иккиламчи санкциялар хавфини солади.

Wildberries маркетплейси анчадан буён аҳолиси 38,7 миллиондан ошган Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги бош логистика хабига айлантириш истагини билдириб келади.

UzPost бутун мамлакат бўйлаб 2000 га яқин алоқа бўлими ва кенг тармоқли логистика тизимига эга.

Аксар экспертларга кўра, миллий почта оператори йиллар давомида зарарга кириб, замонавий рақамли курьерлик хизматларига мағлуб бўлган.

Форум

​
XS
SM
MD
LG