Ўзбекистонга АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва америкалик ишбилармонлар делегациясининг ташрифи Тошкент учун қандай аҳамиятга эга?
Вашингтон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш Россия ва Хитой билан муносабатларга қандай таъсир қилиши мумкин?
Инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги масалалари икки томонлама мулоқотда ўз ўрнини сақлаб қоладими?
Озодлик бу саволларни журналист ва собиқ дипломат, Ўзбекистон президенти собиқ матбуот котиби, ҳозирда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори Беруний Алимовга берди.
Озодлик: АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи Тошкент учун қанчалик муҳим?
Беруний Олимов: Менимча, бу Ўзбекистон ва бутун минтақа учун муҳим тарихий ташриф. АҚШ Давлат котиби даражасидаги расмийлар Марказий Осиёга тез-тез келмайди. Одатда минтақамиз халқаро кун тартибидан четда қолиб кетади. Шу нуқтаи назардан, Америка дипломатиясининг энг юқори даражадаги вакилларидан бири Самарқандга келиши муҳим воқеа.
Бу ташрифнинг яна бир аҳамиятли жиҳати — учрашувлар фақат икки томонлама муносабатлар билан чекланмай, Марказий Осиёнинг беш давлати иштирокидаги мулоқот доирасида ўтишида.
Озодлик: Буни Вашингтоннинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида янги босқич бошланаётгани сифатида баҳолаш мумкинми?
Беруний Олимов: Мен мустақил медиа тадқиқотчи сифатида буни янги босқич деб баҳолайман. Бугунги беқарор халқаро вазиятда бундай қадамлар муҳим.
«C5+1» форматидаги учрашувлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ташқаридан қараганда, бу навбатдаги дипломатик учрашувдек кўриниши мумкин. Аммо беш давлат биргаликда ҳаракат қилса, уларнинг овози кучлироқ эшитилади.
Бу, бир томондан, Марказий Осиё давлатларининг биргаликда ишлашга бўлган сиёсий иродасини кўрсатса, иккинчи томондан, минтақанинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Озодлик: Марко Рубио билан бирга борган 300 дан ортиқ америкалик ишбилармонга Ўзбекистон қандай имконият таклиф қилиши мумкин?
Беруний Олимов: Бу ташрифнинг фақат сиёсий эмас, амалий аҳамиятини ҳам оширади. Менимча эътиборни, аввало, саноатни ривожлантиришга қаратиш керак. Ўзбекистонга узоқ вақт давомида асосан хомашё манбаи сифатида қараб келинган. Энди хомашёни қайта ишлаш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш муҳим.
Туризм ҳам истиқболли йўналишлардан бири. Мен сўнгги икки йилда америкалик сайёҳлар билан кўп ишладим. Уларни фақат Ўзбекистоннинг тарихи ва қадимий шаҳарлари эмас, балки бугунги иқтисодий ҳаёт, мамлакатдаги очиқлик ва инвесторлар учун мавжуд имкониятлар ҳам қизиқтиради.
Улар матбуот ҳақида ҳам сўрашади. Демак, америкаликларнинг Ўзбекистонга қизиқиши фақат тарихий обидаларни кўриш билан чекланмаяпти. Улар мамлакатнинг бугунги ривожланишига ҳам эътибор қаратмоқда.
Озодлик: Хорижий инвесторлар учун асосий муаммолардан бири мулк дахлсизлиги кафолатланмагани, суднинг мустақил эмаслиги ва давлатнинг бизнесга аралашуви бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон бу инвесторларга қандай кафолат бера олади?
Беруний Олимов: Инвестор бирор мамлакатга бекорга келмайди. У сармоя киритиб, даромад олишни истайди. Агар ишонч бўлмаса, у бу мамлакатга келмайди. Бизнеснинг ўзида ҳам таваккалчилик кўп.
Америкалик ишбилармонлар Ўзбекистонга келаётган бўлса, демак улар мамлакатдаги вазиятни ўрганган, таҳлилчиларнинг хулосалари ва бошқа маълумотлар билан танишган, деб ўйлайман.
Албатта, Ўзбекистондаги шароитни идеал деб бўлмайди. Мен ҳар бир соҳага, жумладан суд тизими ва матбуотга ҳам танқидий қараш тарафдориман. Лекин инвесторлар келаётгани уларнинг бу ерда бизнес юритиш ва даромад олиш имкониятини кўраётганини англатади.
Давлат эса хорижий инвесторлар учун зарур кафолатларни таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олиши керак.
Озодлик: АҚШ билан ҳамкорлик кенгайса-да, Россия ва Хитой Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлари бўлиб қолмоқда. Тошкент бу кучлар ўртасида мувозанатни қандай сақлаши мумкин?
Беруний Олимов: Менимча, бу биз учун ҳаёт-мамот масаласи. Ўзбекистон тарихан турли кучлар манфаатлари кесишган ҳудудда жойлашган. Шунинг учун турли давлатлар билан мулоқот қилишга тўғри келади.
Биз фақат битта йирик давлатга таяниб қолмаслигимиз керак. Ташқи сиёсатда мувозанат сақлаш зарур. Бунинг учун, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш муҳим. Чегараларнинг очилиши, одамлар ва товарларнинг эркинроқ ҳаракатланиши минтақавий ҳамкорликни кучайтиради.
Қўшнилар билан яқинлашиб, минтақавий бирликни мустаҳкамлаганимиздан кейингина йирик давлатлар билан ҳам самаралироқ мулоқот қила оламиз.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳарбий блокларга тўлиқ киришдан эҳтиёт бўлиб келди. Чунки йирик давлатлар кўпинча ўз манфаатларини илгари суришга ҳаракат қилади. Биз эса бир томонни бошқасидан устун қўймасдан, ҳамма билан юзма-юз гаплаша олишимиз керак.
Менимча, Ўзбекистон учун мувозанат сақлаш — зарурат. Бунга тарихий тажриба ҳам сабоқ беради.
Озодлик: АҚШ билан стратегик ҳамкорлик кенгаяр экан, инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги ва фуқаролик жамияти масалалари икки томонлама кун тартибида қандай ўрин тутиши керак деб ўйлайсиз?
Беруний Олимов: Менимча, бу масалалар кун тартибидан тушиб қолмайди. Инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги АҚШ билан расмий мулоқотларда доимо кўтариб келинган мавзулардан.
Айримлар ҳозирги АҚШ маъмурияти учун бу масалалар аввалгидек муҳим бўлмаслиги мумкин, деб ўйлаши эҳтимол. Лекин менимча, уларни умумий сиёсий кун тартибидан чиқариб ташлаб бўлмайди.
Матбуот ва сўз эркинлиги оддий фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари билан боғлиқ. Иқтисодий ҳамкорлик ва бизнеснинг ривожланиши муҳим, аммо бу инсон ҳуқуқларини инкор этиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Шунинг учун бу мавзулар кейинги босқичларда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолади, деб ўйлайман.
Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда иқтисодий очиқлик ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ислоҳотлар ўтказаётганини таъкидлайди. Аммо амалда мавжуд ўзгаришлар америкалик инвесторларни қанчалик қаноатлантиради?
Беруний Олимов: Сўнгги ўн йилдаги ўзгаришларни таҳлил қилганда, мен бу даврни амалий ислоҳотлар даври сифатида кўриш тарафдориман. Сиёсат фақат баёнотлардан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Юқори даражадаги ҳар бир учрашувнинг ортида иқтисодий ривожланишга хизмат қиладиган амалий натижалар бўлиши зарур.
Рубионинг Самарқандга ташрифини ҳам шу жараённинг бир қисми сифатида кўриш мумкин. Ўзбекистонда хорижий бизнес фаолиятини турли шаҳарларда кузатиш мумкин. Бу фақат Тошкентга хос эмас: Урганч, Фарғона ва Термизда ҳам хорижий инвесторларни учратиш мумкин.
Бу мамлакатга келиб, шу ерда ишлаётган инвесторлар кўпаяётганини кўрсатади. Америка ва Марказий Осиё географик жиҳатдан бир-биридан узоқ бўлса-да, Ўзбекистон АҚШ бизнеси учун катта имкониятлар таклиф қилиши мумкин.
Форум