Линклар

Шошилинч хабар
31 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 15:11

Ойбек Турсунов Perfectum бош офисини сотиб олмоқда

Тадбиркор Ойбек Турсунов — президент Шавкат Мирзиёевнинг катта куёви, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи.
Тадбиркор Ойбек Турсунов — президент Шавкат Мирзиёевнинг катта куёви, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи.

Тадбиркор Ойбек Турсунов Тошкент марказидаги Perfectum мобил операторининг бош офисини сотиб олмоқда.

Ойбек Турсунов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг катта куёвидир.

Мутахассисларга кўра, у сотиб олаётган ушбу бино асл нархидан пастроқ сотилаётган бўлиши мумкин.

Суриштирувчи журналистлар маълумотларига кўра, Турсунов банк сектори, кўчмас мулк ва бошқа соҳалардаги қатор йирик бизнес активларига алоқадор.

Тарас Шевченко кўчаси пойтахтнинг тижорат фаоллиги юқори ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Тарас Шевченко кўчаси пойтахтнинг тижорат фаоллиги юқори ҳудудларидан бири ҳисобланади.

Тошкентдаги Тарас Шевченко кўчаси пойтахтнинг тижорат фаоллиги юқори ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ресторан ва кафелар, шунингдек, Shevchenko Plaza, Gross Plaza ва New Level каби бизнес марказлари жойлашган. Кўча ресторан ва кафелари кўплиги сабабли гастрономик ҳудуд сифатида ҳам танилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам уни "сайёҳлик кўчаси" деб таърифлайди.

Озодлик суҳбатлашган Тошкент риэлторларининг айтишича, Тарас Шевченко кўчасидаги нотураржойларнинг бир квадрат метри 4 мингдан 10 минг долларгача баҳоланади.

Шундай қиммат ҳудудда жойлашган Perfectum мобил операторининг бош офиси Ойбек Турсуновга сотилиши маъқуллангани жамоатчилик эътиборини тортди.

Бу хабарни президент оиласига алоқадор мавзуларни одатда четлаб ўтадиган маҳаллий матбуот ҳам кенг ёритди.

Ойбек Турсунов (ўнгдан учинчи) президент Мирзиёевнинг катта куёвидир.
Ойбек Турсунов (ўнгдан учинчи) президент Мирзиёевнинг катта куёвидир.

Rubicon Wireless Communication — Perfectum савдо белгиси остида фаолият юритувчи мобил алоқа оператори.

Компания акциядорларининг 16 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Ойбек Турсуновга кўчмас мулк ва асосий воситаларни сотиш маъқулланган. Йиғилиш баённомаси 21 октябрь куни расмийлаштирилган.

Корпоратив ҳужжатга кўра, сотилаётган мажмуа Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Ойбек маҳалласи, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уйда жойлашган. У тўртта бинодан иборат бўлиб, уларнинг умумий майдони 10 479 квадрат метрни ташкил қилади. Биноларда 57 та хона, жумладан, 47 та хизмат хонаси мавжуд. Бино ва ер участкаси учун белгиланган нарх ҚҚС билан бирга 65,97 миллиард сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, акциядорлар 2 012 та асосий воситани ҳам Турсуновга 32,4 миллиард сўмга сотишни маъқуллаган. Шу тариқа, кўчмас мулк ва асосий воситаларнинг умумий нархи ҚҚС билан бирга 98,37 миллиард сўмни ташкил этган.

Қарор акциядорлар томонидан бир овоздан маъқулланган. Аммо Корпоратив ҳужжатда кўчмас мулкни айнан Ойбек Турсуновга сотиш сабаблари, шунингдек, бино ва ер участкаси қиймати қандай асосда белгилангани очиқланмаган.

Корпоратив ҳужжатга кўра, Ойбек Турсуновга 65,97 миллиард сўмга сотилиши маъқулланган 10 479 квадрат метрдаги мажмуадаги биноларнинг бир квадрат метри тахминан 529 доллардан баҳоланган.

Тарас Шевченко кўчасидаги тижорат кўчмас мулки нархларини таққослаш учун Озодлик очиқ эълонларни ҳам ўрганди.

Ўзбекистондаги кўчмас мулк ва бошқа товарлар ҳақидаги онлайн эълонлар платформаси — OLX.uz сайтида шу кўчада жойлашган 157 квадрат метрли тижорат объекти 1 миллион 130 минг долларга сотувга қўйилган. Бу бир квадрат метр учун қарийб 7 197 долларга тўғри келади.

Google харитасидаги маълумотлардан Perfectum жойлашган мажмуа ҳам Тарас Шевченко кўчасининг биринчи линиясида эканини кўриш мумкин.

Тошкентдаги Perfectum бош офиси.
Тошкентдаги Perfectum бош офиси.

Тошкентлик риэлторларнинг айтишича, одатда, майдони катта бўлган тижорат биноларининг нархи кичик объектларникига нисбатан арзонроқ бўлади.

Масалан, OLX.uz сайтида Тарас Шевченко ва Фидокор кўчалари яқинида жойлашган, умумий майдони 530 квадрат метр бўлган тижорат объекти 2,2 миллион долларга сотувга қўйилган. Эълонда объект икки қаватдан иборат экани, марказий кўчада жойлашгани ва автотураргоҳи борлиги кўрсатилган. Сотувчи белгилаган нарх бўйича унинг бир квадрат метри тахминан 4 151 долларга тўғри келади.

Perfectum мажмуасига яқин ҳудудда жойлашган DAHO кўп функцияли мажмуасидаги 919 квадрат метрли тижорат объекти ҳам OLX.uz сайтида сотувга қўйилган. Эълонда унинг бир квадрат метри 4 500 доллар, ҚҚСсиз баҳоланган.

Ойбек Турсуновга сотилиши маъқулланган Perfectum мажмуасида бино ва ер участкаси учун белгиланган, ҚҚСни ҳам ўз ичига олган нарх бўйича бир квадрат метр тахминан 529 долларга баҳоланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тарас Шевченко кўчасини "сайёҳлик кўчаси" деб таърифлайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тарас Шевченко кўчасини "сайёҳлик кўчаси" деб таърифлайди.

Тошкентлик риэлторлар баҳосига кўра, бу нарх Тарас Шевченко кўчасидаги тижорат объектлари учун айтилган нархлардан камида 7,5 баравар паст.

"Тошкентда нотураржойлар қиммат бўлган учта ҳудуд бўлса, биттаси Тарас Шевченко кўчаси ҳисобланади. Бу ерда бир қанча савдо марказлари жойлашган, кейин бу ерни “гастрономик кўча” деб ҳам аташади. Шу сабаб бинолар нархи шаҳарнинг бошқа жойларига нисбатан қимматроқ. Бу ердаги нотураржойларнинг бир квадрат метри 4 минг доллардан бошланади. Нарх бинонинг биринчи линияга чиққани ва парковкаси борлигига қараб ошиб боради. Бу кўчадаги биноларнинг энг қимматининг бир метр квадратини 10 минг долларга баҳолаяпмиз", дейди тошкентлик риэлторлардан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Корпоратив ҳужжатда Perfectum’га оид иккита алоҳида битим кўзда тутилганини кўриш мумкин.

Биринчиси — Ойбек Турсуновга мобил операторнинг бош офиси жойлашган кўчмас мулк ва бошқа асосий воситаларни сотиш. Иккинчиси эса мобил оператор акцияларининг хорижий гуруҳга сотилиши билан боғлиқ.

Ҳужжатга кўра, VEON халқаро телекоммуникация гуруҳи Perfectum операторини сотиб олиш бўйича келишув тузган.

VEON компаниясининг 19 октябрда эълон қилган расмий хабарига кўра, битимнинг умумий қиймати тахминан 207 миллион долларни ташкил этади. Бу сумма Perfectum’нинг қарийб 93 миллион долларлик мавжуд молиявий қарзини ўз зиммасига олишни ҳам ўз ичига олади. VEON келишувни 2026 йил октябрь ойи охиригача якунлашни кутмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Perfectum’га тегишли кўчмас мулк ва асосий воситаларни Ойбек Турсуновга сотиш 16 октябрь куни акциядорлар томонидан маъқулланган. VEON билан акцияларни сотиб олиш бўйича келишув эса 19 октябрда тузилган. Демак, икки жараён вақт жиҳатидан бир-бирига яқин кечган. Бироқ корпоратив ҳужжатда улар алоҳида битимлар сифатида кўрсатилган.

Нима сабабдан Perfectum’нинг бош офиси жойлашган бинолар ва 2 012 та асосий восита оператор акцияларини сотиб олаётган VEON’га эмас, балки алоҳида равишда Ойбек Турсуновга сотилмоқда? Бу икки битим ўртасида қандайдир боғлиқлик борми?

Очиқ манбаларда бу саволларга жавоб топилмади. Ozodlik Perfectum компанияси емайлларига мактуб йўллаб, мол-мулкни Турсуновга алоҳида сотиш сабаблари ва битим шартларига изоҳ сўради. Бироқ видео эфирга тайёрланаётган вақтга қадар компаниядан жавоб келмади.

VEON — халқаро телекоммуникация ва рақамли хизматлар гуруҳи. У бир нечта мамлакатда мобил алоқа операторларига эгалик қилади ва алоқа хизматларидан ташқари рақамли молиявий хизматлар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда ҳам фаолият юритади.

Бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган VEON бешта мамлакатда 150 миллиондан ортиқ алоқа мижозига хизмат кўрсатади. Гуруҳ Ўзбекистон телекоммуникация бозорига 2006 йилда, ўша пайтдаги VimpelCom орқали кирган. Унинг таркибидаги Unitel компанияси 2006 йил сентябридан бери Beeline Uzbekistan бренди остида хизмат кўрсатиб келади.

Ozodlik VEON’га мактуб йўллаб, Perfectum активларининг Ойбек Турсуновга алоҳида сотилиши юзасидан изоҳ сўради. Бироқ видео эфирга тайёрланаётган вақтга қадар компаниядан жавоб келмади.

Ўзбекистондаги йирик тадбиркорлардан бири саналган Ойбек Турсунов — президент Шавкат Мирзиёевнинг катта куёви, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи.

Ойбек Турсуновнинг тадбиркорлик фаолияти ва бизнес активлари ҳақидаги батафсил маълумотларни очиқ манбалардан топиш қийин.

Озодликнинг жорий йил август ойида эълон қилинган «UZCARD: “Фоиз тўловлари бозор амалиётига мос”. Сирли мулкдор изидан» номли суриштирувида ҳам Турсуновнинг бизнес алоқалари тилга олинган.

2020 йил май ойидаги расмий қайдларда UZCARD бренди остида ишловчи «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖнинг устав капиталидаги 75 фоиз улуш Ойбек Турсуновга ўтгани акс этган. Бу ҳақда ўша пайтда бир қатор маҳаллий нашрлар ҳам хабар берган эди.

Бироқ шу йилнинг август ойида компания таъсисчилари таркиби яна ўзгаргани ҳақида хабар берилди. Кейинги очиқ маълумотларда UZCARD’нинг 75 фоиз улуши IMC-CAPITAL’га, 25 фоизи эса Камрон Акбаровга тегишли экани кўрсатилган.

Турсуновнинг бизнес алоқаларига оид яна бир маълумот — Promadik Invest МЧЖ. Orginfo.uz сайтидаги 2025 йил 12 июнь ҳолатига тегишли маълумотга кўра, Турсунов ушбу компаниянинг 85 фоиз улушига эга бўлган. 2007 йилда рўйхатдан ўтган компаниянинг асосий фаолияти алкоголсиз ичимликлар ва пивони улгуржи сотиш сифатида кўрсатилган. Promadik Invest аввал Kapitalbank акцияларига ҳам эга бўлган.

Айни пайтда, 2026 йил июнь ойидан Promadik Invest тугатилиш жараёнида экани ҳақида реестр маълумотлари мавжуд.

Озодлик Ойбек Турсунов билан бизнес алоқаси бўлгани ҳақида очиқ манбаларда маълумот учрайдиган бир нечта компанияга электрон почта орқали мурожаат қилиб, Perfectum активларининг унга сотилиши юзасидан саволларни етказишни сўради. Бироқ видео эфирга тайёрланаётган вақтга қадар Турсуновдан ёки унинг вакилларидан жавоб келмади.

Озодликнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ этиш маркази — OCCRP билан ҳамкорликда ўтказган сўнгги суриштирувида президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровнинг Дубайда умумий қиймати қарийб 6,7 миллион доллар бўлган камида 13 та квартирага эгалик қилиши аниқланган.

Суриштирувда, шунингдек, Отабек Умаров президент хавфсизлиги учун масъул махсус хизмат раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган пайтида Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролигини олгани ҳужжатлар асосида тасдиқланган.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

​
XS
SM
MD
LG