Линклар

Шошилинч хабар
03 Noyabr 2026, Toshkent vaqti: 23:41

АҚШ да ўзбекистонликларга оид жиноят ишлари, “Грин кард” тўхтатилиши ва Трамп сиёсати

ICE ходимлари рейд пайтида бир кишини ушламоқда. Иллюстратив сурат.
ICE ходимлари рейд пайтида бир кишини ушламоқда. Иллюстратив сурат.

Суратдаги одам ўзбекистонлик Сардор Тиркашев. Унинг сурати Вашингтондаги Оқ уйнинг судланган мигрантлар ҳақида тарқатган материалларида пайдо бўлди. Бу шахс Трамп маъмуриятининг миграция назоратини кучайтиришни жамоат хавфсизлиги билан изоҳлаётган ахборот кампанияси доирасида тилга олинди.

2026 йил 7 октябрда Огайо штатининг Чилликоте шаҳрида АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) томонидан қўлга олингани хабар қилинган Ўзбекистон фуқароси Сардор Тиркашев. Сурат: Оқ уй.
2026 йил 7 октябрда Огайо штатининг Чилликоте шаҳрида АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) томонидан қўлга олингани хабар қилинган Ўзбекистон фуқароси Сардор Тиркашев. Сурат: Оқ уй.

Оқ уй уни мамлакатдаги "энг хавфли жиноятчилар" қаторида кўрсатган. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларига таянган хабарларда айтилишича, миграция хизмати ходимлари Тиркашевни 7 октябрда Оҳайо штатининг Чилликоте шаҳрида ушлаган. У муқаддам оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳужум қилиш билан боғлиқ икки эпизод ва талончилик учун судлангани билдирилган.

Бу хабарлар Ўзбекистонда АҚШга кўчиб ўтишни режалаштираётганлар грин-карта лотереясининг тақдири яна мавҳум бўлиб қолаётган бир пайтда тарқалди. Diversity Visa дастури минглаб ўзбекистонликлар ва уларнинг оилалари учун АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қонуний йўл билан олиш имконияти бўлиб келган.

29 октябрда АҚШнинг Тўққизинчи округ апелляция суди Давлат департаментини DV-2027 лотереясига рўйхатга олишни 1 ноябргача бошлашга мажбурлаган қарор ижросини тўхтатди. Судьялар даъво киритган юридик фирманинг тегишли қонун асосида бундай талаб билан чиқиш ҳуқуқини шубҳа остига олди. Айни пайтда улар Давлат департаментининг рўйхатга олишни бошламаганини маъқулламаётганини очиқ таъкидлади. Бу қарор дастурни бутунлай бекор қилгани йўқ.

Ўзбекистон учун бу масаланинг аҳамияти катта. Давлат департаменти маълумотларига кўра, DV-2026 дастури бўйича Ўзбекистон ҳиссасига 3 754 нафар эҳтимолий виза талабгори, жумладан, лотереяда танланганлар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари тўғри келган.

Айни пайтда Ўзбекистон фуқароларига дахлдор жиноят ишлари АҚШ маъмуриятининг жамоат хавфсизлиги ҳақидаги важларига яққол мисол бўлмоқда.

Қулфланган эшиклар, миллионлаб долларлик ҳисоблар

Энг сўнгги ҳолат Лонг-Айлендда содир бўлган. Нассау округи расмийларига кўра, ташқаридан оддий кўринган икки дорихона беморларга берилмаган қиммат дорилар учун суғурта ташкилотларига тўлов талабномалари юборган.

Полиция дорихона эгалари сифатида Баҳодир Миродимов ва Абдилхаким Бердиқуловни тилга олган. ABC7 Миродимовни ўзбекистонлик деб кўрсатган. (Бердиқулов юқори эҳтимол билан қирғизистонлик ўзбек бўлиши мумкин)

Нассау округи полициясининг «RX Hammer» операцияси доирасида бу икки шахсни қидирувга берган
Нассау округи полициясининг «RX Hammer» операцияси доирасида бу икки шахсни қидирувга берган

Аҳоли шикоятлари асосида терговчилар Флорал-Паркдаги Жерико-Тернпайк кўчасида жойлашган Jericho Express RX ҳамда Фрипортдаги Гай-Ломбардо-авенюдаги RNJ Pharmacy дорихоналарини текширган. Расмийлар таърифича, уларнинг деразалари тўсилган, эшиклари қулфланган, расталари бўш, иш вақти эса ноаниқ бўлган.

"Шифокорнинг шахсий маълумотлари ўғирланган", деди округ полицияси комиссари Патрик Райдер ABC7 телеканали эфирга узатган баёнотида. "Кейин беморларнинг ҳам шахсий маълумотларини ўғирлаб, улар номига рецептлар ёзишган".

Рецептлар ОИВ ва саратон каби касалликларда қўлланадиган қиммат дорилар учун расмийлаштирилган. Тўлов талабномалари Medicare ва Medicaid давлат тиббий суғурта дастурларига ҳамда хусусий суғурта компанияларига юборилган.

ABC7 полицияга таяниб, Миродимов 31 кунда 3 миллион доллар олгани, Бердикулов эса 5 миллион доллар билан мамлакатни тарк этганини хабар қилди.

"Иккаласига ҳам Нью-Йорк штати ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган", деди Райдер. "Иккаласи ҳам шу гувоҳномалардан фойдаланиб компания очган".

Расмийларга кўра, ҳар икки шахс АҚШдан чиқиб кетган.
"Биз бундай дорихоналар ўнлаб эканини тахмин қиляпмиз", деди Райдер.

Округ прокурори Энн Доннелли бундай фирибгарлик "сизу бизнинг харажатларимизни ошириши" ва соғлиқни сақлаш тизимига путур етказишини айтди.

News 12 маълумотига кўра, компанияларга соғлиқни сақлаш соҳасида фирибгарлик, йирик миқдорда ўғирлик ва ўзгаларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича айбловлар қўйилган. Аммо икки шахснинг ўзига ҳали айблов эълон қилинмаган. Терговга федерал идоралар ҳам жалб этилган.

Қамоқ билан якунланган аввалги ишлар

АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ бир қатор фирибгарлик ишлари аввал ҳам содир этилган.

2024 йил июнида Мухиддин Қодиров жиноий даромадларни легаллаштириш мақсадида тил бириктирганини тан олгач, 30 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Федерал прокурорларга кўра, у учта сохта компаниянинг банк ҳисобварақлари орқали тиббий фирибгарликдан тушган 6 миллион доллардан ортиқ маблағни легаллаштирган.

Шу ишдаги яна бир судланувчи — дорихона эгаси Нерик Ильяев ўша йил апрелида тўрт йилга қамалган. Прокурорларга кўра, унинг фаолияти орқали Medicare ва Medicaid дастурларидан фирибгарлик йўли билан тахминан 5,2 миллион доллар, йўл-транспорт ҳодисасида ким айбдорлигидан қатъи назар тиббий харажатларни қоплайдиган суғурта компанияларидан эса яна 1,2 миллион доллар олинган.

Схеманинг Ўзбекистонга боғлиқ молиявий алоқаси бўлган. Прокурорлар таърифлаган тармоқда фирибгарликдан тушган пуллар Ўзбекистондаги импортчилар учун хориждан товар сотиб олишга сарфланган. Пул ўтказмоқчи бўлган одамлардан йиғилган нақд маблағ эса Нью-Йоркдаги схема иштирокчиларига берилган. Бу механизм жиноий даромадларни яширишга хизмат қилган.

Бошқа бир ишда 5,41 миллион доллар зарар келтирган Жонибек Раҳмонқулов 2023 йил мартида 121 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳакамлар ҳайъати уни жиноий даромадларни легаллаштириш, банк фирибгарлиги ва лицензиясиз пул ўтказиш бизнесини юритиш мақсадида тил бириктиришда айбдор деб топган. У дорихоналардаги фирибгарликдан ташқари, компьютер тизимларига ноқонуний кириш ва тадбиркорлик кредитларини фирибгарлик йўли билан олишдан тушган пулларни ҳам легаллаштирган.

Ака-ука Питер Хаим ва Аркадий Хаимов жиноий даромадларни легаллаштириш мақсадида тил бириктирганини тан олгач, 2024 йилда мос равишда 97 ой ва олти йилга қамалган. Прокурорларга кўра, 16 дорихона қатнашган схема орқали 18 миллион доллардан ортиқ маблағ легаллаштирилган. Жумладан, пуллар Хитой компаниялари орқали Ўзбекистондаги шахсларга тақсимлаш учун ўтказилган.

Очиқ маълумотлар Ўзбекистон билан молиявий алоқаларни тасдиқлайди.

2017 йилда Бруклинда 20 киши ва 14 компанияга 146 миллион долларлик тиббий тўлов талабномалари билан боғлиқ фирибгарлик схемасида қатнашиш айби қўйилган. Кристина Мирбабаева схемага раҳбарлик қилганликда айбланган. Tashkent Times уни ва шу ишдаги яна бир айбланувчи Александр Копенкинни ўзбекистонлик жуфтлик деб таърифлаган.

“Вэнс улғайган шаҳар” ва ўзбекистонлик тракерлар

Ўзбекистонлик юк ташувчиларга оид айрим ишлар АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс улғайган Миддлтаун шаҳри атрофидаги ҳудудларга бориб тақалади. New York Post 7 октябрда Миддлтаундан тахминан 40 километр узоқдаги Мейнвилл ва қўшни шаҳарчалардаги ўзбекларга қарашли юк ташиш компаниялари ҳақида материал эълон қилди.

Бу ҳудуд билан боғлиқ айрим шахсларга нисбатан эса аниқ жиноят ишлари мавжуд.

Мейнвилллик юк машинаси ҳайдовчиси Шавкат Абшукуров 2019 йилда 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик ва одам ўғирлаш билан боғлиқ ишда айбдор деб топилган. 2026 йил октябрда унга 25 йилдан 30 йил олти ойгача қамоқ жазоси тайинланган.

2019 йилда 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик ва одам ўғирлаш жиноятлари учун 25 йилдан 30 йил 6 ойгача қамоққа ҳукм қилинган Шавкат Абшукуров. Сурат: Махонинг округи шерифи идораси.
2019 йилда 13 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик ва одам ўғирлаш жиноятлари учун 25 йилдан 30 йил 6 ойгача қамоққа ҳукм қилинган Шавкат Абшукуров. Сурат: Махонинг округи шерифи идораси.

Яна бир мейнвилллик ҳайдовчи Беҳзод Асроров 5 июлда Оҳайодаги I-71 трассасида 21 ёшли талаба ва футболчи Тоби Форсайт траки билан уриб юборган. Йигит олган жароҳатлардан ҳалок бўлган. Полиция уни юк машинаси видеорегистраторини ечиб, яширишга уринганликда гумон қилган.

NBC4 суд мажлисидан берган хабарида Асроровнинг адвокати у АҚШда қонуний яшаётгани, муқаддам судланмагани ва ҳайдовчилик тарихи бенуқсон эканини айтганини келтирган. Суд уни электрон назорат остида, гаров пулисиз озод қилган.

Оҳайодаги ўлимли автоҳалокатдан сўнг видеорегистраторни яширишда айбланган Беҳзод Асроров. Сурат: Медисон округи шерифи идораси.
Оҳайодаги ўлимли автоҳалокатдан сўнг видеорегистраторни яширишда айбланган Беҳзод Асроров. Сурат: Медисон округи шерифи идораси.

Бу ишлар миграция назоратидан ташқари, юк ташиш соҳасида хавфсизлик, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва компаниялар ҳисоботларини текшириш масалаларини ҳам ўртага қўяди.

2025 йил июнида Мейнвиллда яшаган ўзбекистонлик Беҳзод Раҳматов ва Филадельфияда яшаган Мунис Хожиев билан бирга пул эвазига одамларни АҚШга ноқонуний олиб киришга уриниш ва шу мақсадда тил бириктириш айбловлари қўйилган. Адлия вазирлигига кўра, улар одамларни турли мамлакатлар орқали АҚШ–Мексика чегарасига етказишни ташкил қилганликда айбланган. Бу — мигрантларни чегарадан ноқонуний олиб ўтиш ҳақидаги айблов; уни одам савдоси ёки исботланган жиноят деб тақдим этиш тўғри эмас.

2025 йил июнида пул эвазига одамларни АҚШга ноқонуний олиб киришга уриниш ва шу мақсадда тил бириктиришда айбланган Беҳзод Раҳматов. Оҳайо штати Батлер округи шерифи идораси
2025 йил июнида пул эвазига одамларни АҚШга ноқонуний олиб киришга уриниш ва шу мақсадда тил бириктиришда айбланган Беҳзод Раҳматов. Оҳайо штати Батлер округи шерифи идораси

ICE’нинг 15 сентябрдаги хабарига кўра, Ўзбекистон фуқароси, 37 ёшли Зоҳид Зоҳидов 23 августда Нью-Жерси штатининг Вудбридж шаҳрида ушланган. Идора унинг 15 майда Нью-Йоркда маст ҳолда транспорт бошқаргани учун судланганини билдирган. Шунингдек, унга нисбатан 26 январдан бери тан жароҳати етказиш ниятида ҳужум қилиш ва тазйиқ ўтказиш бўйича айбловлар кўрилаётгани айтилган; бу айбловлар бўйича ҳукм келтирилмаган. Зоҳидов депортация масаласи кўриб чиқилгунча ICE ҳибсида сақланаётгани маълум қилинган.

2026 йил 23 августда Нью-Жерсида ICE томонидан ушланган Зоҳид Зоҳидов. Сурат: ICE
2026 йил 23 августда Нью-Жерсида ICE томонидан ушланган Зоҳид Зоҳидов. Сурат: ICE

21 октябрда эълон қилинган алоҳида федерал жиноят иши юк ўғирликларида қатнашганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Иззатуллоевич Ҳайдаровга тааллуқли.

Коннектикут прокурорларига кўра, схема иштирокчилари юк ташиш компанияларини назоратига олиб, уларнинг мавжуд реквизитлари ва обрўсидан фойдаланган ҳолда ташиш шартномаларини қўлга киритган. Кейин эса юкларни белгиланган манзилга етказмаган. Прокуратура Ҳайдаровга алоқадор деб ҳисобланаётган ўғирликларда товарларнинг чакана қийматини 12 миллион доллардан ортиқ деб баҳолаган.

Терговчилар Нурсултон Ҳайдаров деб кўрсатган шахс (чапда) ва юк ўғирлаш схемасига алоқадор деб ҳисобланган юк машинаси. Суратлар: ФБРнинг судга тақдим этган баёноти / АҚШ федерал суди.
Терговчилар Нурсултон Ҳайдаров деб кўрсатган шахс (чапда) ва юк ўғирлаш схемасига алоқадор деб ҳисобланган юк машинаси. Суратлар: ФБРнинг судга тақдим этган баёноти / АҚШ федерал суди.

Ҳайдаров айбини тан олмаган. Адлия вазирлиги уни АҚШда қонуний доимий яшаш мақоми ва Нью-Жерсида берилган амалдаги тижорий транспорт ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахс деб кўрсатган. Айни пайтда унда бошқа исмларга расмийлаштирилган сохта гувоҳномалар ҳам бўлгани иддао қилинган.

Озодлик сўнгги беш йилда АҚШда Ўзбекистон фуқаролари ёки Ўзбекистондан келган шахсларга оид камида 13 та алоҳида жиноий иш ҳақида ОАВ хабарларини аниқлади. Аслида бундай ишлар сони бундан кўп бўлиши мумкин, аммо очиқ манбаларда уларнинг умумий сонига оид ишончли статистика топилмади. Мақоланинг мақсади барча ишларни санаб чиқиш эмас. Келтирилган мисоллар орасида суд ҳукми чиққан ишлар ҳам, айбловлар ҳали исботланмаган ҳолатлар ҳам бор.


Жиноят хабарларидан ташқаридаги ҳаёт

Мақолада келтирилган жиноят ишлари АҚШдаги ўзбеклар орасида жиноятчилик қанчалик тарқалганини ёки бошқа аҳоли гуруҳларига нисбатан юқори ё пастлигини кўрсатмайди.

Жиноят ҳақидаги хабарлар эса кўпроқ эътибор тортади. Фирибгарлик, зўравонлик ёки инсон ўлимига сабаб бўлган қоидабузарликлар кенг муҳокамага чиқади. Миграцияни чеклаш тарафдорлари бундай воқеаларни назоратни кучайтириш ва янги чекловлар жорий этиш учун далил сифатида келтириши мумкин.

Нью-Йоркдаги юрист Ўткир Раҳматуллаевнинг айтишича, тиббий суғурта дастурлари атрофидаги фирибгарлик янги ҳодиса эмас. Унинг кузатишича, кейинги йилларда бундай схемаларга ўзбекистонликлар ҳам қўшила бошлаган.

“Мен 2000 йилда келган бўлсам, ўша вақтларда ҳам бундай фирибгарлик бор эди. […] Лекин мен ўйлайманки, бу фирибгарлик ҳамма вақт бор эди, бугун пайдо бўлган нарса эмас”, — дейди у.

Pew Research Center ҳисоб-китобига кўра, 2023 йилги Америка жамоалари сўровида қарийб 55 минг киши ўзини ўзбек деб кўрсатган. Бу рақам Ўзбекистонда туғилган барча одамлар сонини англатмайди. Шунингдек, у баъзан келтириладиган анча катта диаспора ҳисобларини ҳам тасдиқламайди. АҚШдаги ўзбек оилаларининг мутлақ аксарияти қонунга риоя қилиб яшайди: меҳнат қилади, солиқ тўлайди, фарзанд тарбиялайди ва ўз жамоасига ҳисса қўшади. Бу ҳар бир инсондан кутиладиган оддий масъулият бўлгани учун бундай кундалик ҳаёт камдан-кам янгиликка айланади.

Оҳайодаги Hamkor Uz Cincinnati Association уюшмаси фаолияти бунга мисол. Cincinnati Enquirer газетасига кўра, уюшма ўзбек оилаларига турли муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради ва уларнинг хайриялари ҳисобига масжид қурмоқда. Режаларда мактаб ва қабристон ташкил этиш ҳам бор.

2008 йилда АҚШ фуқаролигини олган уюшма бошқаруви аъзоси Нодиржон Эрназаров газетага маҳаллий ўзбекларнинг бу мамлакатда илдиз отганини қисқа ифодалаган: "Энди бизнинг ватанимиз — шу ер".

Форум

​
XS
SM
MD
LG