Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:17

"Чорсу" бозорини ҳам солиқчилар "босди"


"Чорсу" буюм бозори ўзбек миллий матолари ва кийим-кечаклари савдоси маркази эди.
"Чорсу" буюм бозори ўзбек миллий матолари ва кийим-кечаклари савдоси маркази эди.

Солиқчилар рейдидан силласи қуриган савдогарлар¸ "маскалилар" хуружидан қўрқиб¸ савдони тўхтатмоқда.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган “Чорсу” буюм бозорида кўп йиллардан бери савдо қиладиган суҳбатдошимиз Тошкентнинг энг қадим бу бозоридаги жорий вазиятни тавсирлаб берди.

- Чорсу бозорида солиқ ходимлари томонидан тазйиқ ўтказилаëтган экан тадбиркорларга. Кимдир савдога чиқаяпти, кимдир чиқмаяпти.

Озодлик: Сиз ҳам тадбиркормисиз?

- Ҳа, ўша ерда жойимиз бор. Ҳозир биз ҳам чиқмаяпмиз тинчлик керак деб. Солиқ ходимлари кириб штрафоват қилиб молларини мусодара қилиб олиб чиқиб кетаяпти.

Озодлик: Қайси ташкилотнинг ходими улар?

- Шаҳар департаменти дейишаяпти. Бу ерда ҳозир районники жавоб бераëтгани йўқ. Чунки у ердаги ҳамма тадбиркорларнинг район нимасидан хабари бор. Ҳеч ким курсдамас.

Озодлик: Қачон бошланди текшир-текширлар?

- Анча бўлди. Фарҳод бозори, мана ҳозир Чорсуга навбат келган. Тошкентнинг ҳамма жойида шунақа бўлиб ëтибдию ҳозир. Turkuazдан кейин бу ëқлар бўлиб кетдида. Бозорларга ҳужум бўлди ҳозир, дейди “Чорсу” буюм бозоридаги савдогарлардан бири.

Суҳбатдошимиз бир неча кундан буён савдони тўхтатганини айтар экан, ўзи каби бозорга чиқишга хавотир қилиб турган савдогарлар кўпчилик эканини айтади.

Бу савдогарга кўра, воқеалардан бироз олдин “давлат бюжетида катта миқдорда камомад пайдо бўлибди ва буни бозордаги пулдан тўлдиришмоқчи экан”, деган гап пайдо бўлган.

- Яқинда бу бозорда ҳам маски-шоу бўлади, деган гап бор. Худди анув Turkuazдагига ўхшаб, маскаларда келиб, босишга тайёргарлик бўлаяпти экан, дейишди бизга. Шундан хавотир қилиб, кўпчилик уже бозорга чиқмаяпти.

Озодлик: Нега чиқмайди? Текширув бўлиб турадиган нарса, камчилиги йўқ савдогар бундан чўчимас ахир?

- Ҳозир камчилик йўқ жой йўқ-да. Ҳаммани бир ками бор, чунки, бу бозорларда бошқачасига ишлолмайсиз. Ҳаммаси олди-берди билан иш қилади. Шунга ҳамма ўзидан қўрқадида, дейди буюм бозоридаги тадбиркор.

Шунингдек, бу суҳбатдошимиз 22 март куни буюм бозори яқинидаги “Чорсу” деҳқон бозорида ҳам катта текширув бошлангани ва бу ердаги паттачилар кун давомида бозор маъмуриятида ушлаб турилгани ҳақида хабарни тилга олди.

Бу хабарларни тасдиқлаган “Чорсу” бозордаги сотувчи Жаҳонгир Шосалимов ҳам бу бозордаги текшир-текширлар Тошкент шаҳридаги Turkuaz савдо мажмуасидаги воқеалардан сўнг бошланиб кетганини айтди.

- Паттачиларни йиғишибди. Сўроқ қилишибди. Энди бир сабаби шуки, патта нархи кескин оширилди яқинда. Шунинг учун, ҳозир паттадан келадиган киримни тўлиқ назорат қилишмоқчи. Яна бошқа сабаблари, бюжет ва нақд пул танқислиги. Хуллас, бу “Чорсу” бозоридаги ҳаракатларни ҳаммаси шаҳардаги бозорларда бораётган тушунарсиз ва мутлақо адолатсиз жараёнларнинг бир қисми менимча. дейди Шосалимов.

"Чорсу" бозорида савдо қиладиган тадбиркорларнинг бу каби мулоҳазаларидан сўнг Озодлик бозор маъмуриятига ҳам мурожаат қилди.

Маъмурият мутасаддиси савдогарларнинг гапларини тўлиқ инкор қилди.

- Йўқ, ҳеч қанақа текшириш йўқ. Бўлса, биз хабардор бўлар эдик. Лекин мен тўрт кундан бери ишга чиқмадим, Мазам йўқ эди. Ўрганиб кўраман, кейин сизга қайтиб телефон қиламан, деди “Чорсу” буюм бозорининг ўзини таништирмаган мутасаддиси.

Мутасаддиларнинг бундай ваъдаларига парво қилмай қўйган тадбиркорларнинг айримлари дўконларини йиғиштириш пайига тушиб бўлган.

“Чорсу” буюм бозоридаги ишини бир ярим ой олдин тўхтатган тадбиркор энди тинчгина давлат ташкилотида, давлат берган ойлигига қаноат қилиб, яшашга қарор қилганини айтди.

- Бозорда ишлашдан маъно қолмади. Мен бир ярим ойдан бери ишсизман. Бунақада бола-чақа нима бўлади?

Озодлик: Текшир-текшир доим бўлиб келганку, ишлайверсангиз бўлмайдими?

- Йўқ, бу ёғига шароит кўтармайди энди. Энди шу тинчгина давлатни ойлигига ўтволиб, ишлаб туриш керак. Бу катталар нега текшир-текширни кўпайтирган мен, тўғриси, тушунмаяпман. Мен кичкина одамман, бунақа ишлардан бехабарман, тўғриси, деди шу кунларда “Чорсу” буюм бозоридаги фаолиятини мажбуран тўхтатиб, ишсиз уйида ўтирган хусусий тадбиркорлардан бири.

Ўзбекистонда “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилинган йилнинг дастлабки 4 ойи ичида Тошкентдаги аксар бозор ва йирик савдо мажмуалари тинчи бузилди.

“Чорсу” буюм бозоридаги савдогарлар тилга олган Turkuaz ва шу каби хорижлий сармоядорлар улуши бўлган “Комфорт элит” номли йирик савдо мажмуаси ёпилди.

Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасидаги савдо расталари, Юнусобод деҳқон бозоридаги улгуржи сабзавот бозори, шаҳар марказидаги Темир бозорлари бузилди¸ айни кунларда Олой бозори бузилмоқда.

Шунингдек, республиканинг бошқа вилоятлари, жумладан, Андижон шаҳридаги “Узум бозори”, Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий савдо мажмуаси бузилмоқда.

Ўтган йили эса Самарқанд, Наманган ва Қўқон шаҳарларидаги йирик бозорлар бузилган эди.
XS
SM
MD
LG