Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:16

"Зиндондан мактуб"


Одатда гуллар ва булбуллар шоирни илҳомлантирса¸ тошкентлик ҳаваскор шоирни маҳбуслар қисмати ашъор битишга ундади.


Инқилоб ҳақсизлик кучайган жойда бошланади...

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан қўнғироқ қилган Бахтиёр "Қурултой" дастурида инқилоблар ҳақидаги баҳсга муносабат билдирди.

- Баҳс бўлдику Ливияда ислом тўғрисида, исломнинг таъсири, роли. Бу Обид қори ҳазратлари мендан хафа бўлмасину мусулмонларни жуда қўпорувчига чиқариб қўяяпти. Баҳсларингизда шундай бўлдида.

Озодлик: Нимага унақа деб ўйлайсиз?

- Энди мусулмонлар, ислом ҳамма жойда ўзи ҳаракат кўрсатиб ëки бирор жойларни қўпориб ëки бўлмаса революция қилиши керакми¸ ислом билан шуғулланган ëки эътиқод қилган одам. Мен ўйлайман¸ ислом дегани бу ҳар кимнинг ўзининг хоҳиши, эътиқоди. Биров кўчада одамларга кўрсатиб эътиқод қилади, биров уйида ўтириб юрагидан эътиқод қилади. Биз 70 йил союзни яшаб ўтдик. Чор Россиясининг тарихинику яхши билмаймиз. Шу вақтда намозни уйда яширинча ўқиб ҳам мусулмон бўлиб юрган эдик. Энди очиқ бўлди. Ҳамма намоз ўқиб, кейин шу давлатни ҳам тўнтариб нима қилиши керакмас-да¸ деб ўйлайман. Ислом Ливияда ҳам ҳеч нарса қилмаган. Ўзбекистонга ҳеч нарса қилмаса керак деб ўйлайман. Агар у чиндан ҳам мусулмон бўлса, Ўзбекистонда қўзғолон кўтариши керакмаску мусулмон дегани. Ҳуқуқ поймол бўлгандан кейин одам кўтарилади-да.

Озодлик: Қаерда намойиш, ҳукуматга қарши тўполонлар бўлаëтган бўлса, у ерда ислом динининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Одамлар ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли кўчага чиқаяпти¸ деб айтмоқчимисиз?

- Ҳа. Инсоннинг ҳуқуқи поймол бўлаëтган жойларда қўзғолон бўлаяпти-да. Ўзбекистонда одамлар пишиб етилмаган у даражада. Мен шундай фикрдаман-да. Бизда одамлар ҳали у даражада, фикрлаш доираси ҳам унчалик эмас. Қўзғолон кўтарадиган даражада ҳам эмас.

Обид қори Назаровнинг шу гапларидан хафа бўлдим-да. Мусулмон бўлиш учун¸ албатта¸ қўзғолончи бўлиши ëки бўлмаса қўзғолончи одам мусулмон бўлиши керак эмас-да. Ҳар қандай эътиқоддаги одамнинг ҳуқуқи поймол бўлса, бир нарса дейишга мажбур бўлгандан кейин дейдию, дейди чироқчилик Бахтиëр.

"Зиндондан мактуб"


Тошкентдан қўнғироқ қилган ҳаваскор шоир Одил Аҳмад Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарида мунтазам тус олган қийноқлар ҳақида Озодлик орқали берилган лавҳаларни эшитиб шундай сарлавҳали шеър ёзгани ва уни бошқаларга ўқиб бериш истаги борлигини билдирди.

- Мен ўзи ҳаваскорман¸ холос. Шеър ҳам бирор нима таъсирида ëзиларкан-да. Менга учала лавҳада берилган нарсалар қаттиқ таъсир қилди. Айниқса¸ собиқ маҳбус билан бўлган суҳбатда маҳкумларга касалликлар юқтирилаяпти, сонини камайтирмоқчи ва ҳоказо¸ қисқаси ўлимга маҳкум дегандай бир гап қилди. Иккинчиси, инсон қадри йўқ деган гап, ҳалиги канадалик йигит айтган гап, ҳам менга таъсир қилди. Ҳақиқатан бундай қарасангиз ҳаëтга, нимагадир ҳамма нарса қиммату инсон арзонга ўхшайди-да. Одамларга иш йўқ, электр йўқ, ҳалол одамнинг меҳнат қилиб пул топиши қийин. Мана шу нарсаларни кўриб, одамлар билан гаплашиб, қамалган одамларнинг гапини эшитиб, ўзи таъсир қилиб юрган эди. Лекин ҳалиги гапдан кейин шу нарса туғилиб қолдида. Шеър туғилиб қолди. Бу шеърни “Зиндондан мактуб” деб атадим.

Бир йигит эдим ҳамма қатори,
Ота-онамнинг кўзи қароғи,
Солиҳа қизнинг севимли ëри,
Икки гўдакнинг падари, бори.

Оллоҳга бир кун келтирдим имон,
Рўза ҳам тутдим, бўлдим намозхон,
Солиҳ бир фарзанд бўлайин дедим,
Онам дуосин олайин дедим.

Ҳалолга чопдим, ҳаромдан қочиб,
Эзгуликларга қучоғим очиб,
Яхшилик қилдим барчага бирдай,
Ўйладим кўпнинг дуосин олай.

Нега қамалдим¸ билмайин қолдим,
Билганим туҳмату бўҳтонга қолдим,
Одам қиëфа махлуқ неча кун,
Қийноққа солди тинмай куну тун.

Ундан қолмади тирноқ ҳам бутун,
Товон ëрилиб тузланди бугун,
Бундай зулмни кўрмаган инсон,
Гитлер кўрганда қоларди ҳайрон.

Қийноқ зўридан охири толдим,
Қилмаган айбни бўйнимга олдим,
Муштипар онам кўзларида ëш,
Гўдаклар етим, бева қаламқош.

Кундада айбсиз бу бечора бош,
Оллоҳ ўзинг бер қулингга бардош,
Туҳматдан иборат ҳукм ўқилди,
Қанча далиллар тўқиб бичилди.

Қилмаган айбимга тавба сўрдилар,
Тавба қилмасам тутиб урдилар,
Йўқ айбимга тавба ҳам қилдим,
Инсон қадрини ўшанда билдим.

Билдимки ҳукм ҳам, ваъда ҳам ëлғон,
Тавба қилсам ҳам ëтибман ҳамон,
Туҳматдан қамалган барчага ҳукм,
Имонлими демак ўлимга маҳкум.

Оллоҳдан сўрайман чиройли сабр,
Эгрини тўғирлар биргина қабр,
Оллоҳнинг ўзи чиқарсин ҳукм,
Салом йўллар сизга беайб маҳкум.


Ўзбек кинолари ниҳоятда юзакилашиб кетди...


Россиянинг Самара шаҳридан қўнғироқ қилган самарқандлик меҳнат муҳожирларидан бири Шуҳрат ўзбекистонлик кинорежиссёрлар суратга олаётган кинофилмлар мавзуси юзаки ва уларда халқнинг ҳозирги кун муаммолари акс эттирмаяпти, деган фикр билдирди.

- Ўзбекистонда олинаëтган бир қанча бугунги кинофилмлар бору ҳар хил санъат соҳасида. Мана шулардан мутлақо қониқиш йўқ-да.

Озодлик: Сўнгги йилларда жуда кўп, юзлаб бўлса керак, филмлар олинаяпти. Аниқ рақамлар йўқ қўлимда. Нимасидан норозисиз?

- Савияси бир хилда. Фақат янги машина бўлса, бугунги современний ҳаëт бўлса, бўлди бас. Лекин шуларда ëритиб берилмаяпти халқнинг бугунги куни. Фақат шаҳар ҳаëти кўрсатилади ëки бошқа. Тарихий филмлар мутлақо йўқ. Умуман юзакилашиб, саëзлашиб кетаяптида.

Озодлик: Ўзбек режиссëрлари қанақа филмлар суратга олишини хоҳлардингиз?

- Мисол учун қарангда¸ бутун бошли Хоразм тарихи бўйича бирор-бир кино йўқ. Амир Темур тарихи бўйича бирорта кино йўқ. Чингизхоннинг филмлари олинаяпти. Мана Қозоғистонда олинди. Қандай қизиқиш билан кутиб олинди. Лекин Амир Темур улардан кучлироқ. Улар тўғрисида бирорта филм йўқ.

Озодлик: Масалан¸ Амир Темур тўғрисида ëки Хоразм ҳақида ҳукумати томонидан маблағ ажратилиб Ўзбекистон телевидениеси ҳар хил ҳужжатли филмлар ишлаган. Сиз бадиий филмни назарда тутаяпсизми?

- Бадиий филммас. Мана хусусий кинофилмлар бору. Хусусий кинокомпаниялар борку. Мана шуларнинг ишлаëтган кинофилмлари мутлақо саëз демоқчиман. Умуман маъно йўқ кўпчилигида. Шу даражада кинофилмлар кўпки, савияси паст кинофилмлар, биз бу кинолардан совуган ҳолатда яхши киноларни ҳам томошабин кўрмай қўйган. Демоқчиманки, бу филмлар яхши филмларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти.

Озодлик: Бир-иккита мисол келтира оласизми?

- Тўғрисини айтсам¸ деярли тўхтатганман. Масалан¸ "Суперкелинчак", сўнгги пайтларда олиндику "Фарëд" ва бошқа. Эътибор беринг¸ ҳар бир актëр ëдлагандай гапиради. Битта актëр бир марта машҳур бўлса, қолган филмларга қайта-қайта таклиф қилинаверади. У актëр қўшиқ ҳам айтаверади кинофилмда, бошқа иш ҳам қилаверади. "Парвона"нинг янгича олинган стилини қаранг. Мутлақо умуман бизнинг ҳаëтимизга зид-да. Бу нарсаларнинг мутлақо кераги йўқ.

Озодлик: "Суперкелинчак" томошабинлар орасида жуда машҳур бўлиб кетдику.

- Жуда машҳур бўлиб кетди. Лекин бу деган сўз халқнинг орасида шайдоси кўп экан деманг. Мана чиқаяпти бир китоб олди-қочдига ўч. Лекин бутун халқ севиб ўқиди деймиз мана шу китобни. Тиражи кўпайиб кетди деймиз. Лекин бу билан китобхон кўп деманг. Демак ўша китобнинг савиясини тушунмайдиган чаласавод кўп экан деган фикр ҳам чиқариш мумкинку.


Юлдуз Усмонова биз томонларга ҳам келсин¸

дейди Санкт-Петербург шаҳридан қўнғироқ қилган Ҳусан. Агар ўзбекистонлик машҳур хонанда Юлдуз Усмонова яқинда Москвада бергани каби Санкт -Петербург шаҳрида ҳам концерт берса, Озодлик орқали эълон қилинглар¸ дейди бу суҳбатдош..

- Менинг битта илтимосим бор эди. Ўзбек эстарада юлдузлари агарда Санкт Петербург шаҳрида концерт бермоқчи бўлса, шуни Озодлик радиоси орқали эълон қилсангизлар. Юлдуз Усмонованинг концерти менга жуда маъқул келди, ëқди. Мен ўйлайманки, Санкт Петербург шаҳрида ҳам концертларини ўтказса, жуда маъқул бўлар эди. Кўпчилик мухлислар бор бу ерда.

Озодлик: Агар шунақа концертлар берса, қанча одам келиши мумкин?

- Санкт Петербургда жуда одам кўп. 2008 ми 2009 йил Оғабек Собиров концерт ўтказганку. Икки кун концерт бўлган. Ўшанда эшитишимча одам жуда кўп бўлган.

Озодлик: Юлдуз Усмонованинг концертида 5000 кишилик зал тўлган. Санкт -Петербургда концерт берадиган бўлса, катта заллар борми? Бор бўлса, томошабинлар билан тўладими?

- Менимча, тўлса керак. Мен эшитдим 30 доллардан деб. 30 долларни перевод қилсангиз, 1000 рублдан бўладида. 1000 рубл унча қиммат эмас. Юртимизнинг концертини эшитсак яхшида.

Озодлик: Санкт -Петербургда ишлаëтган ўзбеклар учун 1000 рублдан билет олиб тушиш қиммат эмасми?

- Қиммат эмас. Бир марта ҳордиқ чиқариш ҳеч қандай қиммат эмас. Ўзимизники барибир бошқача-да.

Озодлик: Ўзбекча қўшиқлар, филмлар кўрасизларми? Кўрсанглар, қаердан кўрасизлар?

- Дискдан кўрамиз.

Озодлик: Озодликка шунинг учун қўнғироқ қилганмидингиз?

- Энди асосий гап Юлдуз Усмонованинг концерти бўйича. Концертлар бўлса, ўшаларнинг хабарини айтсангизлар, дейди Санкт -Петербург шаҳридан қўнғироқ қилган Ҳусан.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG