Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

Қозоғистонда рақиб номзод ҳам Назарбоевга овоз берди


Марказий Сайлов комиссияси сайлов бўлиб ўтгани ва кечки 6 гача 84 фоиз сайловчи овоз берганини маълум қилди.


Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси тарқатган малумотга кўра, бу йилги президентлик сайловида аҳоли жуда фаол иштирок этган ва мамлакатда рўйхатга олинган 9 миллион 180 минг сайловчининг 84 фоизи кечки соат 6 га қадар овоз бериб бўлган.

Қозоғистон Бош прокуратурасига таяниб КазТАГ агентлиги берган маълумотга кўра, овоз бериш жараёнида жами 1004 та мурожаат бўлган ва булардан 90 таси шикоят аризаси бўлиб, уларнинг аксариятида сайловчининг рўйхатдан тушиб қолгани устидан арз қилинган.

Муддатидан икки йил авал ўтказилган президентлик сайловида 4 номзод - амалдаги президент Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон Коммунистик халқ партияси раиси Жамбил Ахметбеков, Ватанпарварлар партияси етакчиси, сенатор Ғани Қосимов ва “Табиғат” жамоат ҳаракати раҳбари Мэлс Елеусизовлар иштирок этди.

Бугунинг куннинг биринчи қисмида овоз берган президент Назарбоев, Қозоғистонда бўлган журналистлар кузатувига кўра, ўз ғалабасига ишончи комил суратда овоз бериш участкасига келган.

- Бугун фуқароларимиз берган овоз бизнинг бирлигимиз ва барча мақсадларимизни амалга оширишга қаратилган истагимиз ифодаси бўлади. Биз саноатлашган-инновацион дастурлар амалиёти, ижтимоий модернизация ва умуман, оддий инсонларнинг манфаати учун хизмат қилишга қаратилган мақсадлар томон туб бурилиш ясамоқдамиз. Умид қиламанки, сиз бизнинг келажагимиз ва фарзандларимиз келажаги учун овоз берасиз, деди президент Назарбоев.

Айни пайтда Қозоғистон расмий матбуоти сайловчиларнинг аксарияти президент Назарбоевга овоз бераётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Овоз бериш участкаси ёнида Рейтер агентлигига сўзлаган Назарбоев тарафдори бўлган 76 ёшли аёл мамлакат аҳли ўзининг кўп йиллик президентини қаттиқ ҳурмат қилишини айтди.

- Биз фақатгина Назарбоев учун овоз бердик, биз уни ёқтирамиз ва ҳурмат қиламиз, деди астаналик сайловчилардан бири.

КазТАГ агентлиги хабарига кўра, президент Назарбоев учун, ҳатто унинг рақиби бўлган президентликка номзод “Табиғат” жамоат ҳаракати раҳбари Мэлс Елеусизов ҳам овоз берган.

Агентликка берган интервюсида бу номзод амалдаги президентга овоз бериш билан, гўёки, сайлов ғолибига тан берганини айтган.

“Ҳайратдамисиз? Бу мусобақа бўлди ва худди спортчилар сўнггида бир-бирини қўлини қисгани каби мен ҳам ғолибга ўз ҳурматимни билдирдим” дея Мэлс Елеусизов сайлов якунига етмай туриб расмий матбуотга ўз қарорини изоҳлади.

Қозоғистон мухолифати эса муддатидан икки йил аввал ўтказилаётган бу сайловга бойкот эълон қилган.

Нурсултон Назарбоевни 2020 йилга қадар ҳокимиятда қолдириш таклифи мамлакат Конституцион суди томонидан рад этилганидан сўнг мамлакат ҳукумати президентлик сайловини муддатидан олдин ўтказишга қарор қилган эди.

Сайловни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси ҳам кузатди. Ташкилотнинг Астанага борган юқори мартабали расмийси Демократик инситутлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси раҳбари Янеш Ленарчич матбуот анжуманида иштирок этди.

- Шубҳасиз, ҳукумат томонидан демократик ислоҳотлар ривожи йўлида айрим уринишлар қилинган ва бу соҳадаги ютуқлар ҳукуматнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ютуқларидан анча ортда қолаётгандек кўринмоқда, деди Янеш Ленарчич.

ЕХҲТ расмийси мамлакат ҳукумати олдида, айниқса, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини таъминлаш бобида қилинажак кўплаб вазифалар борлигини урғулаб ўтди.

Ташкилот кузатувчилар миссияси сайловга оид кузатувларини душанба куни эълон қилиши кутилмоқда.

Қозоғистонда мамлакат мустақиллиги даврида ўтказилган бирорта сайлов Европа давлатларидан борган халқаро кузатувчилар томонидан эркин ва шаффоф, деб баҳоланмаган.

Аммо, МДҲ давлатларидан борган кузатувчилар миссияси бу сайловни ҳам шаффоф ва тинч ўтанини айтиб, олқишламоқда.

Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Муратбек Иманалиев ҳам сайловни олқишлаб: “Сайлов жуда бақарор ўтмоқда ва биз сайловга бўлган бу қадар жиддий, кучли тайёргарликни фақат олқишлашимиз мумкин” деди КазТАГ агентлигига берган интервюсида.

Қозоғистонда 3 апрел куни ўтган президентлик сайловининг дастлабки расмий натижаси 4 апрел куни тушга қадар эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG