Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:06

Фарҳод ярмаркаси 1 майгача қайта қурилади?


Фарҳод савдо ярмаркаси "Тадбиркорлар йили"да пойтахт Тошкентда бузилган биринчи савдо мажмуаси эмас.
Фарҳод савдо ярмаркаси "Тадбиркорлар йили"да пойтахт Тошкентда бузилган биринчи савдо мажмуаси эмас.

Тошкентнинг Учтепа туманида жойлашган Фарҳод савдо ярмаркасида бузилаётган савдо дўконлари ўрнида янги ғарбона услубдаги савдо дўконлари қурилади. Учтепа тумани ҳокимлигининг Озодликка маълум қилишича, ушбу ярмарка ҳудудида 1 майга қадар янги савдо дўконларининг қуриб битказилиши режалаштирилган.


Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган ва кийим-кечак, мебел, уй-рўзғор, матбаа ва хўжалик буюмлари сотиладиган Фарҳод савдо ярмаркасида бирин-кетин бузилаётган савдо дўконлари ўрнида янги дўконлар қурилиши айтилмоқда.

Озодклик билан суҳбатлашган ва ўзини таништирмаган Учтепа тумани ҳокимлиги мутасддисига кўра, бир қолипда ва ғарбона услубда қуриладиган янги савдо дўконларини 1 майга қадар қуриб битказиш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлигидан буйруқ олинган.

- Бу буйруқ. Шунақа буйруқ келган шаҳар ҳокимиятидан.

Озодлик: Менимча, 1 майгача бузилса керак. Қурилиши 1 сентябргача бўлса керак-а?

- 1 майгача топшириқ олинган. Қуриб битказиб ташлаш керак.

Озодлик: Бузилиш охирига етганми?

- Йўқ, бузилаяпти,- деди Учтепа туман ҳокимлигининг телефон гўшагини кўтарган ходими.

Суҳбатдошимиз ярмарка ҳудудида ишлаб турган дўконлар нега бузилаётгани ва унинг ўрнига нега янги дўкон қурилаётгани асл сабабларини тушунтириб бера олмади.

Буни тушунтириши мумкин бўлган ҳокимнинг Қурилиш ишлари бўича ўринбосари ва ҳокимнинг ўзи эса ярмаркадаги бузилиш ишлари устида бош бўлиб турганини қўшимча қилди ҳокмилик вакили.

Тадбиркорлар ўзларига тегишли мулкнинг йўқ қилинаётганига томошабин бўлиб ўтиришдан ўзга иложи йўқ.
Аммо, Фарҳод ярмаркаси жойлашган кўчанинг чап юзидаги бир неча савдо дўконлари ва ташкилотлар ходимларининг сўзларидан бузилаётган ярмарка ўрнида бир хил қолипдаги, замонавий савдо дўконлари қурилиши мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётгани ҳақида гап бораётганини тушундик.

Бу ҳақда хабар қилган Uznews.net нашри хабарига кўра, Фарҳод ярмаркаси бузилиб, қайта қурилишини, шахсан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев назорат қилмоқда.

Uznews.net нашрининг ярмаркадаги савдогарларга таяниб хабар қилишича, икки ҳафта муқаддам ярмаркага келган бош вазир туман ҳокимлигининг унга ҳамроҳ бўлиб борган расмийларига бу ярмаркадаги бетартибликни тугатишни топширган.

Фарҳод ярмаркасида жойлашган эски савдо дўконлари билан бирга бу дўконлар олдида ёҳуд ён-берида майда олиб-сотарлар ва эски буюмларни сотиб кун кўрадиган сотувчиларнинг ҳам қўлбола ёймалари ишлаб турган эди.

Ярмаркага яқин ҳудудда жойлашган хусусий фирмалардан бирининг ходими Озодлик билан суҳбатда раҳбарият, биринчи галда, катта йўл юзидаги шу ёймаларни йўқ қилиш учун бу бузилишларни бошлаган ва бунга анча бўлган, деди.

Ҳозир тадбиркорлар ўзлари қурдирган йирик савдо биноларини бузишни бошланган.

- Фарҳод бозорининг орқа томони бор эдику. Кўча юзида ёйма қилиб ўтиришарди, биласизми? Ўша ерлар бузилаяпти. Ҳар хил дўконлар, неплановий ошхоналар бор. Ёймаларни бузиш бошланганига кўп бўлди. Энди ҳаммасини бирдан бузмасдан, огоҳлантириб-огоҳлантириб, керагини бузиб келишяптида,- дейди Фарҳод ярмаркаси яқинидаги хусусий фирмалардан бирининг ходими.

Фарҳод ярмаркасида дўконлари бузилган тадбиркорларнинг ҳаммаси бу ерда қурилаётган янги дўконларга соҳиб бўладими ёки йўқми, агар бўлса, бу пуллик бўладими ёки йўқми — бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот ололмадик.

Дўконлари бузилаётган савдогарлар кайфият ҳақида сўраганимизда, ярмарка яқинидаги хусусий фирма ходими дарҳол улар товон пули олишига ишончи комиллигини таъкидлади.

- Барибир давлат пулини беради. Давлат турибдику, буни тепасида. Энди қайсиларига берилмайди? Мана кўча бозор эдику, ўзлари ëйма қилиб олишган. Уларга берилмайди. Кадастри, плани борларга берилади. Кадастрлари бўлган биноларга албатта товон пули берилади. Шундай қилиб олганлар ҳам кўп эдику. Незаконнийсига берилмайди,- дейди Учтепа туманидаги хусусий корхоналардан бирининг ходими.

Суҳбатдошимиз Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар қисмидаги Хасти Имом мажмуаси ўрнидаги уйи бузилган тошкентликлардан бири бўлиб чиқди. У уйи бузилганда бунинг ўрнига берилган товон пулидан кўнгли тўқлигини ўз сўзларига қўшимча қилди.

Аммо, Хасти Имом комплекси ўрнида бузилган эски уй-жойлар учун товон пули давлат эмас, қурилишни олиб борган “Зеромакс” фирмаси томонидан тўлангани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Фарҳод ярмаркаси сўнгги бир ой ичида Тошкент шаҳрида бузилган илк савдо мажмуаси эмас.

Бунга қадар шаҳарнинг Навоий кўчасидаги ярмарка ҳам бузилган эди ва у ердаги дўконлар шаҳардаги Ўрикзор бозори ва собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносида очилган савдо мажмуасига кўчирила бошлаган.

Бундан ташқари, сўнгги ойлар ичида Тошкент шаҳри метрополитенининг “Машинасозлар” бекати устида жойлашган бозор, Юнусобод, Олой, Паркент бозорининг айрим қисмлари бузилди.

Бу ҳудудларда савдо қилиб турган савдогарлар ёҳуд кичик тадбиркорларнинг айримлари Озодлик билан суҳбатда бу бузилишларда уларнинг ҳаққи инобатга олиниши ва уларнинг асосий ҳаққи бўлган товон пули берилиши ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаётганини айтган эди.

Бу бозорлардан айримларининг Озодликка сўзлаган мутасаддилари бузилишлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида шаҳарни ободонлаштириш ва катта кўчалари кўринишига янги, замонавий тус бериш режаси доирасида амалга оширилаётганини айтмоқда.

6 апрел куни Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлашга тайëргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чеккан эди ва кузатувларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ана шу қарор ижросига қаттиқ киришган.
XS
SM
MD
LG