Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:59

Ўзбекча эртак тугади - Ривалдони Тошкентда чув туширишди


Ривалдо Греция клубида тўп сурмоқда. 2008 йил.
Ривалдо Греция клубида тўп сурмоқда. 2008 йил.

Бразилиялик машҳур футболчи “Зеромакс” ширкатини 16 миллион евро ҳақини бермаганликда айбламоқда.


“Зеромакс” йўқотилди – қайнар хумча синди

2010 йил баҳорида “Зеромакс” ширкатининг парчаланиши ортидан Тошкентдаги “Бунëдкор” футбол клуби учун ҳам байрам тугади – икки йил аввал дунëнинг машҳур футболчиси Самуэл Это’ога уч ойлик “меҳмон”чилик учун 25 миллион евро таклиф қилган клуб ҳам банкротликка юз тутган кўринади.

“Зеромакс” ширкати билан Тошкентнинг “Бунëдкор” клубида ўйнаш ҳақида 2008 йил августида икки йиллик шартнома имзолаган бразилиялик Ривалдо¸ ҳозиргача фақат биринчи йилигина шартномада кўзда тутилган гонорарни ола олгани ва ҳозирда клуб ўзига 16 миллион евро¸ ëки 23 миллион АҚШ доллари қарз эканини даъво қилмоқда.

Германиянинг Bild газетасига берган интервюсида Ривалдо¸ “Менга ўзбеклар жуда катта ҳамкорлик таклиф қилишди. Футболчи сифатида каръерам тугагач¸ менга “Бунëдкор” клубига президент бўлишни таклиф қилишган эди”¸ дер экан¸ ўзбекча мўъжизанинг кўп ўтмай поëнига етганини айтади.

“Биринчи йили менга айтилган пулни тўлашди¸ аммо кейин ҳеч нарса¸ мутлақо ҳеч нарса беришмади. Боз устига мен ўз пулларимни клубга сармоя сифатида ëтқиздим ва берилган ваъдаларнинг ҳаммаси пуч бўлиб чиқди. Мен ўзимни жуда ҳам алданган ҳис қилаяпман”¸ деди немис нашрига берган интервюсида Ривалдо.

Сўнган юлдузнинг Тошкентдаги “юлдузли кунлари”

Айни кунларда 39-таваллуд кунини нишонлайдиган Ривалдо Бразилия миллий жамоаси ҳужумчиси сифатида 2002 йили Жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган эди. 1997 йилдан бошлаб асосан Европанинг Barcelona, Milan, Olympiacos, AEK Athens клубларида ўйнаган Ривалдо 1999 йили FIFA томонидан тақдим этиладиган “ Йилнинг энг яхши ўйинчиси” ¸ айни пайтда “Европадаги энг яхши ўйинчи” мақомларига лойиқ топилган¸ 2004 йилда у дунëдаги энг яхши 125 футболчи рўйхатига ҳам киритилган эди.

Дунëнинг етакчи футбол клублари учун ëши ўтган ўйинчи сифатида назардан қола бошлаган Ривалдо 2008 йилда Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Zeromax GmbH” ширкати билан шартнома имзолаган эди. Миллион долларлик шартномаларга кўникиб қолган халқаро футбол жамоатчилигини ҳам анча шошириб қўйган бу келишувга кўра¸ ўшанда 37 ëшда бўлган Ривалдо Тошкентнинг “Бунëдкор” клубида икки йил ўйнаб бериши керак эди. Клуб капитанлигига тайинланган Ривалдонинг шартномага кўра¸ қанча гонорар ва ҳақ олиши жамоатчликка очиқ эълон қилинмаган бўлса-да¸ унинг айрим тафсилотлари матбуотга сиздирилган эди.

На “Бунëдкор” ва на Ривалдо инкор қилган бу тафсилотларга кўра¸ Ривалдонинг Ўзбекистондаги бир ҳафталик тушуми 130 минг доллардан ошиқ бўлган ва бу нарх бир йилда камида 7 миллион долларга айланаëтган эди. “Бунëдкор” ҳамда Ривалдо ўртасидаги камида 15 миллион долларлик икки йиллик келишувдан хабардор томонларнинг Британия матбуотига билдиришича¸ Ривалдо ва оиласининг Тошкентдаги шоҳона ҳаëти¸ унга ҳар бир ўйин ва ҳар бир гол учун тўланадиган қўшимча ҳақ бунга кирмаган.

Бундан ташқари Ривалдо¸ туғилиб ўсган Paulista шаҳарчасидаги ўзи эгалик қиладиган Mogi Mirim маҳаллий футбол клуби ўйинчиларидан бир нечтасини “Бунëдкор”га олиб келган ва бу легионерлар шартномаси учун ҳақни тўлашни ҳам “Зеромакс” ўз зиммасига олган. Афтидан¸ “Мен “Бунëдкор”га киритган сармоямни ҳам ола олмаяпман”¸ деганда Ривалдо Бразилиядаги ўз клубидан 2009 йили Тошкент клубига “сотиб олинган” Жоао Виктор ва Эдсон Рамослар учун ҳам ҳақ тўланмаганини назарда тутмоқда.

Қумга сингдирилган миллионлар: “Бунëдкор” тешик тоғора билан қолди

Ўзбек футболини легионерлар ëрдамида ривожлантиришга бел боғлаган Ўзбекистон Футбол федерацияси бундан бир неча йил аввал Ўзбекистондаги барча сердаромад соҳаларни ўз монополиясига айлантирган “Зеромакс” ширкати орқали Тошкентнинг “Бунëдкор” клубини Осиë чемпионлари сафига киритишни мақсад қилди.

Шу мақсадда 2002 йили Бразилия миллий жамоасини Жаҳон чемпионлигига¸ 2004 йили эса¸ Португалияни Европа биринчилиги финалига олиб чиққан Луиз Фелипе Сколари¸ “Бунëдкор”га мураббийликка олиб келинди.

“Зеромакс” ҳиммати билан жаҳондаги энг қиммат тренерга айланган Сколари¸ 2010 йилда – “Зеромакс” синиши ортидан юлдуз команда яратиш ваъдасини ҳавода муаллақ қолдириб¸ Тошкентдан қадамини узди. “Бунëдкор”нинг ўз ҳомийсидан ажраганини яхши англаган Сколари¸ унга яқин манбаларнинг билдиришича¸ Миродил Жалолов ҳибсга олингач¸ йилига 16 миллион 600 минг евро – 25 миллион доллар ҳақ берадиган “мард” Тошкентда бошқа қолмаганини билиб¸ бу ердан тезгина жуфтакни ростлаган.

Ривалдо ҳам Тошкент билан судлашмоқчи

Германиянинг Bild нашрининг ëзишича¸ ҳозирда Швейцарияда банкрот бўлгани қайд этилган “Зеромакс” ширкати ҳақдор бўлганлар рўйхатида Ривалдо ҳам бор ва у эндиликда 16 миллион еврони Швейцария суди орқали ундириб олишга уриниш ниятида.

“Зеромакс” ширкати тугатилгач¸ унинг активлари давлат ҳисобига ўтгани ҳақида норасмий маълумотлар мавжуд. Ҳозирда “Зеромакс”нинг хориж ширкатлари ва Ривалдо каби хориж фуқароларига бўлган юзлаб миллион долларлик қарзи узиш маъсулиятининг кимга ўтгани ҳақида бирор маълумот йўқ.

“Зеромакс”нинг Тошкентдаги бир неча йирик қурилиш объектлари учун ўзидан 130 миллион қарз эканини даъво қилаëтган Германиянинг икки ширкати бу масалани Ўзбекистон Хўжалик судида ҳал қила олмагач¸ Тошкентга Берлин ҳукумати орқали босим ўтказишга уринмоқда.
Айни пайтда¸ Британиянинг Oxus Gold ширкати “Зеромакс” қулагач¸ ҳукумат исканжасида қолган ўз ҳиссаларини сақлаб қолиш учун масалани Халқаро Арбитраж судига мурожаат қилди.

Бу ширкатларни катта ваъдалар билан Ўзбекистонга олиб келган “Зеромакс”нинг собиқ ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳозирда қаерда экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Айрим собиқ “зеромакс”чиларнинг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон ҳукумати ҳақдорларнинг даъволарини йўққа чиқариш мақсадида¸ Миродил Жалоловни ҳисбда сақламоқда. Бу билан Тошкент қарзини сўраëтганларга “қарзни кимга берган бўлсанг¸ ўшандан сўра”¸ дея эшикни кўрсатмоқда¸ дейди Озодлик суҳбатлашган манба.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга қарашли экани тахмин қилинадиган “Зеромакс” ширкати ва унинг директори Миродил Жалилов¸ унга яқин манбаларнинг билдиришича¸ ўзига топширилган миссия – юзлаб миллион¸ балки миллиардлаб долларни хорижга легал каналлар орқали олиб чиқиш¸ яъни катта миқдордаги пул ювиш операциясини бажариб бўлгач¸ биринчи оиланинг ўзи томонидан синдирилган. Жалоловнинг катта ваъдаларига ишонган Ривалдо кабиларни чув тушириш ҳам¸ манбага кўра¸ асл режадаги ишлардан бири бўлган¸ холос.

Дарбадар ўғилнинг қайтиши....

2010 йил баҳорида¸ ўз устози Сколари ва бошқа бразилиялик легионерлар билан бирган ўз ватанига қайтган Ривалдо¸ ҳозирда ўзинингмаҳаллий Mogi Mirim клубига ҳам президентлик¸ ҳам капитанлик қилмоқда.

Кейинги хабарларга кўра¸ умрининг кейинги 14 йилини хориж клубларида ўтказган Ривалдо май ойидан бошлаб Бразилиянинг машҳур Sao Paulo клуби сафида мамлакат биринчилиги учун ўйинга тушади.
XS
SM
MD
LG