Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:08

Муҳожир аёллар кўпаймоқда


Россиядаги аёл меҳнат муҳожирлари
Россиядаги аёл меҳнат муҳожирлари

Кейинги пайтларда Россияга келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида аёллар сони кўпайяпти. Москвадаги Миграция масалалари бўйича тадқиқотлар марказига кўра, ўзбекистонлик муҳожир аёлларнинг аксариятини ташкил қилувчи ёлғиз аёллар, ёш оналар, пенсионерлар ҳамда болалари билан биргаликда ишлашга келаётган кўп болали оилаларнинг Россия жамиятига интерграциялашуви жуда қийин кечаяпти.


Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи 17 ёшли Сурайёнинг мардикорлик юкини элкасига ортганига бир йил бўлди.

Отаси ташлаб кетгач уч укаси билан онасининг қарамоғида қолган Сурайё Ўзбекистонда рўзғор тебратиш имкони қолмагач, иқтисодий муаммолар ортидан онаси билан бирга Москва вилоятига келиб мардикорлик қилаяпти.

- Шароит оғир, ишлаш керак, пул топиш керак. Аямга ëрдам беришим керак. Мактабни битирганимдан кейин кетишга тўғри келди. Аям билан Россияга келганмиз. Укаларимни аммамга ташлаб келганмиз. Келиб иш қидирдик. Тайëр ишга келмадик. Қўшнимиз билан шунчаки Россияга келишга имкон бўлди. У ëғини биз ўзимиз эплаб ҳаракат қилиб кетишимизга ишонган эдик. Ишга разрешение бу ерларда қийин. Частний ишлар қилиб юрамиз. Газеталарда эълонлар чиқади. Шуларни қиламиз. Кўча супурамиз, посудамойшиклик қилдим. Кирлар ювамиз, ойналарни артамиз. Баъзан ишга чиқмаган кунларимиз бўлади иш йўқлигидан.

Озодлик:
Бир ойда аянгиз иккалангиз қанча топасизлар?

- Ҳар хил. Ойна артишимизга 600 рубл. Лекин кўп топмаймиз. Эплаб-эплаб икки-уч ойни йиғиб уйга жўнатамиз укаларимнинг кийим-кўстини қилишга,- дейди суҳбатдош.
Сурайёга кўра, Москва вилоятида жуда кўп ўзбекистонлик аёллар мардикорлик қилади, баъзилари оилалари билан келиб ишлаяпти. Улар онда-сонда учрашиб, суҳбатлашиб туришади.

Лекин Сурайё Россияда ўзини ёлғиз сезади. Чунки у тил билмагани боис маҳаллий тенгдошлари билан умуман мулоқат қилмйди.

Озодлик: Ўртоғингиз борми ўзи Россияда?

- Йўқ. Россияда ўрислар-ку, ўзбек ўртоқларим ҳам йўқ.

Озодлик:
Ўрислардан ўртоқларингиз йўқми?

- Мулоқот қилмайман. Ëшлар билан ишга бораман, келаман. Улар билан дўстлашмаганман,- дейди Сурайё.

У маҳаллий аҳолининг ўзи сингари марказий-осиёлик мардикорларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишларини айтиб, “кечалари умуман уйдан чиқмаймиз” дейди.

- Одамлар ҳар хил. Яхши одам ҳам бор, ëмон одам ҳам бор. Баъзилар совуқ муомала қилади, баъзилар яхши. Кўчага чиқсангиз, ëнингиздан бир нарса деб ўтиб кетади. Масалан, магазинларга чиқсангиз, бу ерларда ҳамма ëқда супермаркетку, шу ерларга кирсангиз, тегиб кетса, бошқача муомала қилади. Ёмон кўришади. Кечалари кўчага чиқмайсиз. Баъзи танишларимиз “кўчага чиқманглар, болалар ëмон” деб айтади.

Лекин Сурайё маҳаллий аҳоли орасида уларга яхши муносабатда бўладиганлар ҳам кўплигини, ҳатто мушкул вазиятларга тушганда ёрдам қўлини ҳам чўзадиганлар борлигидан хурсандлигини айтади.

- Ишхонада анча-мунча таниш орттириб қолсак, яхши опалар бўлиб қолса, ëрдам сўрасак, ëрдам беришади. Масалан, пул керак бўлиб қолиши мумкин, пулимиз йўқ бўлиб, ўрис опалардан сўрасак, бериб туришади кейин қайтаришга,- дейди Сурайё.

Россия муҳожирлар федерацияси Россиядаги мигрантларнинг 20 фоизини аёллар ташкил этишини қайд этмоқда.

Москвадаги Миграция масалалари бўйича тадқиқотлар маркази маълумотига кўра, кейинги пайтда Россияга ишлашга келаётган орасида Сурайё сингари ўзбекистонлик хотин-қизлар сони ошмоқда.

Мазкур марказнинг “БМТ аёллари” ташкилоти буюртмасига кўра ўтказган “Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларининг ижтимоий интеграцияси” номли тадқиқоти натижаларига кўра, кейинги пайтда, айниқса, ўзбек мардикорлари орасида оила аъзолари билан Россияга ишлашга келаётганлар сони кўпаяпти.

Миграция масалалари бўйича тадқиқотлар маркази директори Елена Тюрюканованинг Озодликка айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россия жамиятига интеграциялашуви жуда қийин кечаяпти.

- Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида ўзбекистонликлар биринчи ўринда. Кейинги пайтда улар орасида аввал кузатилмаган ҳолат яъни оила аъзолари билан келиш кўпайган. Шунингдек, Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирлари орасида ёлғиз аёллар, ёш оналар ва пенсионерлар кўпчиликни ташкил қилади. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг интеграциялашув жараёни бошқа давлатлардан келган муҳожирларга қараганда жуда секин кечаяпти. Улар бу ерда мутлақо ҳимоясиз. Чунки ўзбек муҳожирларини қўлловчи ноҳукумат ташкилотлари деярли йўқ. Улар тиббий хизматдан бебаҳра, болалари билан келган оилаларнинг фарзандлари таълим олишдан маҳрум, дейди Елена Тюрюканова.

Миграция масалалари бўйича тадқиқотлар марказининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ишловчи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, маҳаллий аҳоли томонидан меҳнат муҳожирларига нисбатан тоқатсизлик ҳолатлари муҳожирларнинг энг жиддий муаммоларидан бири.

Тадқиқотда қатнашган муҳожирлардан 16 фоизи уларга нисбатан маҳаллий аҳоли томонидан муносабат ёмонлигини айтса, 12 фоизи ўз ҳавфсизлигидан хавотир билдирган.
XS
SM
MD
LG