Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:47

Олмазор маҳалласида уйлар бузилди


Олмазор маҳалласи Тошкентни "ободонлаштириш" деб аталаётган тадбирнинг навбатдаги қурбони бўлди.
Олмазор маҳалласи Тошкентни "ободонлаштириш" деб аталаётган тадбирнинг навбатдаги қурбони бўлди.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла бузилиб, хонадонлар эгалари шаҳарнинг турли ҳудудларига кўчирилди.


Олмазор маҳалласи Тошкентнинг Навоий кўчасида бузиб ташланган савдо дўконлари ҳудудига уланиб кетади. Расмийлар бу ҳудудда катта парк қурилишини айтмоқдалар.

Бу парк лойиҳасига Олмазор маҳалласидаги тўққизта уй ҳам қўшилиб қолганлиги учун, бузилишга тушган.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимовнинг Олмазор маҳалла қўмитаси раисининг ўринбосари гапига таяниб айтишича, бу хонадонлар қисқа муддатларда шаҳарнинг турли ҳудудларига кўчирилган:

- Маҳаллада уйлари бузилган тўққизта оила шаҳарнинг Ибн Сино, Қорақамиш, Сирғали, Чилонзор мавзеларига кўчирилган. Уларга жуда эски домлардан уй берилган. Бироқ, суҳбатдошимнинг айтишича, бу одамлар уйларидан кўчирилиши ҳақида аввалдан огоҳлантирилмаган,- дейди тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов.

Uznews.net Интернет сайтининг ёзишича, Олмазор маҳалласидан кўчирилган одамлар кўч-кўронларини олиб чиқиб улгурмасидан бульдозерлар келиб уйларни бузишни бошлаган.

Айни пайтда 35 гектар майдонда парк қуриш ишлари шиддат билан давом этаётгани айтилади. Баъзи хабарларга кўра, келажакда тарихий Олмазор маҳалласи бутунлай бузилиши ва унинг ўрнида кўп қаватли турар-жой бинолари ҳам қурилиши мумкин.

Бироқ бу хабарларни ҳозирча мустақил манбалар ҳам, расмий манбалар ҳам тасдиқлагани йўқ.

Бунга қадар шаҳарнинг Навоий кўчасидаги ярмарка ҳам бузилган эди ва у ердаги дўконлар шаҳардаги Ўрикзор бозори ва собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносида очилган савдо мажмуасига кўчирила бошлаган.

Бундан ташқари, сўнгги ҳафталар ичида Тошкент шаҳри метрополитенининг “Машинасозлар” бекати устида жойлашган бозор, Юнусобод, Олой, Паркент бозорининг айрим қисмлари бузилди.

Тошкентнинг Учтепа туманида жойлашган Фарҳод савдо ярмаркаси ер билан текисланди.

Бу ҳудудларда савдо қилиб турган савдогарлар ёҳуд кичик тадбиркорларнинг айримлари Озодлик билан суҳбатда бу бузилишларда уларнинг ҳаққи инобатга олиниши ва уларнинг асосий ҳаққи бўлган товон пули берилиши ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаётганини айтган эди.

Бу бозорлардан айримларининг Озодликка сўзлаган мутасаддилари бузилишлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида шаҳарни ободонлаштириш ва катта кўчалари кўринишига янги, замонавий тус бериш режаси доирасида амалга оширилаётганини айтмоқда.

6 апрел куни Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлашга тайëргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чеккан эди ва кузатувларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ана шу қарор ижросига қаттиқ киришган.
XS
SM
MD
LG