Линклар

Шошилинч хабар
20 май 2024, Тошкент вақти: 09:54

Абдуқодир Мўминов иши: Судга кўплаб журналистлар киритилмагани қатор саволларни пайдо қилди


Блогер Абдуқодир Мўминов судидан лавҳа, 2023 йил 25 июли (Олий суд матбуот хизмати фотоси)
Блогер Абдуқодир Мўминов судидан лавҳа, 2023 йил 25 июли (Олий суд матбуот хизмати фотоси)

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида куни кеча бошланган блогер Абдуқодир Мўминов судига кўпчилик, шу жумладан қатор журналистлар киритилмаган.

Судга борганларнинг гувоҳликларига кўра, маҳкама мажлисига блогернинг яқинлари, даъвогарлар ва бир неча журналист қўйилган, холос.

Абдуқодирнинг суди бўлаётган жойга бордим. Киритиламан деб умид ҳам қилганим йўқ албатта. Аввал қариндошларидан онасини ва яна кимнидир чақиришди ва киритишди. Кейин журналистлар киришга уринди ва фақат Навбаҳор Имомованинг кирганини кўрдим холос”, деб ёзган блогер Фаррух Самарқандий.

Номи юқорида зикр этилган “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова эса кечаги суд ҳақида Фейсбук саҳифасида қуйидагиларни ёзди:

Бугун Абдуқодир Мўминовнинг суди бошланар экан, анча бақир-чақир бўлди. Судга келганларнинг аксарияти кира олмади, чунки суд зали каталакдек. Форумлар саройларидан кўра адолат ва қонун устуворлиги йўлида хизмат қилиши керак бўлган иншоотларга эътибор қаратилса бўлмайдими? Ҳаммага жой етмаслиги мумкин, аммо ўтган ҳафта ва бу ҳафта Тошкент шаҳрида биз кирган суд заллари атайлаб шундай ноқулай ва тордек. Кўрилаётган ишлар эса гигант. Ё одамларга олдиндан айтиш керак, "келманг, суд залларимизга, ўзимиз зўрға сиғамиз", деб. Бир томондан суд очиқ деб, иккинчи томондан жой жуда кичик дея одамларни қайтариш фақат ғазабга етаклайди”.

Бу мулоҳазалар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “Абдуқодир Мўминов суди ҳақиқатан ҳам очиқ ўтказилаяптими?” деган саволни ўртага чиқарди.

Тармоқларда тарқалган видеолардан бирида Миробод туман суди вакилининг маҳкамага нима учун кам одам киритилгани юзасидан берган изоҳи тарқалган. Унда суд вакили маҳкама ўтказилаётган хона судланувчининг яқин қариндошлари, даъвогарлар ва судни тасвирга олаётган бир неча киши билан тўлиб қолганини айтган.

Маҳкама бошланганидан кейин суд биноси ёнида йиғилган 100 га яқин одам олдига Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов чиққан. Йиғилганларнинг: “Судни кўпроқ журналист ёритишига имкон яратиладими?” деган саволига мулозим: “имкон қадар ҳаракат қиламиз”, дея жавоб берган.

Миробод туман судида 25 июль куни блогер Абдуқодир Мўминов суди бошлангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Айни мавзу 26 июль оқшомида “ОзодНазар” дастурида ҳам атрофлича муҳокама қилинган:

Айни пайтда тармоқ фаоллари тунов кунги судга журналист ўлароқ киритилганларнинг аксариятини маҳаллий журналистлар танимагани ҳақида ёзишмоқда. Бу эса уларда “Судга киритилган тасвирчиларнинг ҳаммаси ҳам ОАВ вакилларими?” қабилидаги саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, 27 июль куни блогер иши бўйича иккинчи суд мажлиси бошланган, судда жабрланувчилар тингланяпти.

Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган блогер Абдуқодир Мўминов Ўзбекистон Жиноят кодексининг бешта моддаси бўйича судланмоқда.

Олий суд матбуот хизмати қайдича, судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланяпти.

YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов шу йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Беш ойдан буён ҳибсда сақланаётган ва бир неча марта адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзига қўйилаётган айбловларни тан олиб-олмаганига оид тафсилотли маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.

Блогер Абдуқодир Мўминов ўтган йилнинг 23 декабрь куни Тошкентда номаълум шахслар ҳужумига учраганди. Озодлик билан суҳбатда у “ҳаётига суиқасд қилингани”ни иддао қилган. Ўша пайтда Мўминовга уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очилган. Аммо Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан блогернинг онаси Сабоҳат Абдуллаевага шу йил 22 июнида йўлланган билдиришномада Абдуқодир Мўминовга ҳужум қилганларнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмагани важидан мазкур жиноят иши 2023 йил 1 мартида ёпилгани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG