Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

"Адабиёт газетаси"нинг навбатдаги "сохта сони"да янги тузилаётган партия раҳбари фельетон қилинди


"Адабиёт газетаси" нинг 30 октябрда босилган ушбу сони, газета муассисининг айтишича, сохта.
"Адабиёт газетаси" нинг 30 октябрда босилган ушбу сони, газета муассисининг айтишича, сохта.

30 октябрь куни мустақил “Адабиёт газетаси"да Ўзбекистонда тузилаётган икки янги сиёсий партиядан бири – “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси ташаббус гуруҳи раҳбари, профессор Хидирназар Аллақулов ҳақида фельетон босилди.

Фельетон "муаллифи", газета муассиси ва бош муҳаррири Бахтиёр Каримнинг Озодликка билдиришича, газетанинг ушбу сони "сохта" ва унинг имзоси билан чоп этилган Хидирназар Аллақулов тўғрисидаги фельетонни у ёзмаган.

Номаълум шахслар томонидан иккинчи марта сохта сони чоп этилган газета муассиси 2 ноябрда яшаш манзили бўйича Сергели туман прокуратурасига газетанинг сохта сонини чоп этган номаълум шахслар устидан шикоят аризаси топширди. Бахтиёр Карим, шуниннгдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига (АОКА) ҳам арз қилиш ниятида эканини билдирди.

“Адабиёт газетаси" муассиси ва бош муҳаррири Бахтиёр Каримнинг Озодликка айтишича, у газетасининг навбатдаги сонини ташкилий муаммолар билан боис бир неча ҳафтадан буён чоп этолмаётган эди. 30 октябрь, эрталаб соат 10 ларда машинаси ойнасига қистириб кетилган газетани кўрган.

Бахтиёр Каримнинг Тошкент шаҳар, Сергели туман прокуратурасига 2 ноябрда топширган аризаси.
Бахтиёр Каримнинг Тошкент шаҳар, Сергели туман прокуратурасига 2 ноябрда топширган аризаси.

“Қўлимга олиб қараб, газетадаги материалларнинг тахминан 75 фоизи ўзим тайёрлаган материаллар эканини кўрдим. Қолганлари бу сохта сонни чиқарган номаълум шахслар томонидан жойлаштирилган”, - дейди Бахтиёр Карим.

Сохта сонда босилган материалларнинг 75 фоизи ўзиники эканлигини, бу материаллар сохта сонга қандай кириб қолганини Бахтиёр Карим мана бундай изоҳлади:

"Электрон почтамдаги, Телеграмимдаги материалларни дизайнерларимни чақириб, уларга тазйиққа ўтказиб олишган ва макет қилишган. Дизайнерларим уларнинг кимлигини менга айтишга қўрқишяпти".

Муассиснинг сўзларига кўра, сохта сондан “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ҳақида унинг имзоси билан партия ташаббусчилари гуруҳи раҳбари Хидирназар Аллақулов ҳақида фельетон ҳамда партия ҳақидаги "масхараомуз бош мақола" ўрин олган.

Ўзи ёзмаган, лекин муаллиф сифатида исм-фамилияси келтирилган фельетоннинг мазмуни тўғрисида Бахтиёр Карим бундай деди:

“Хидирназар ака ҳақидаги гўёки мен ёзган фельетондаги асосий фикр шуки, у киши коронавирус туфайли анча ҳолдан тойган эмиш, буни сезган домла лидерликни ихтиёрий топширмоқчи эмиш, биз унга илмий ишларида муваффақият тилаб, маслаҳатларидан бегона қилмаслигини сўрамоқчимизмиш”.

Бош муҳаррир Бахтиёр Каримнинг айтишича, "Адабиёт" газетасининг 30 октябрда чоп этилган сохта сонидаги бу мақолага унинг алоқаси йўқ.
Бош муҳаррир Бахтиёр Каримнинг айтишича, "Адабиёт" газетасининг 30 октябрда чоп этилган сохта сонидаги бу мақолага унинг алоқаси йўқ.

Бахтиёр Карим газетанинг сохта сонида босилган фельетонга мутлақо алоқаси йўқлигини 2 ноябрь куни Озодлик билан мулоқотда яна бир бор таъкидлар экан, “ҳозиргина Сергели туман прокуратурасига газетанинг сохта сонини чиқарганлар устидан шикоят аризаси топшириб чиққанини” билдирди.

Газета сохта сонини чиқарганларнинг мақсади тўғрисида Бахтиёр Карим бундай деди:

“Муддао аниқ, ҳали тузилмаган партия фаоллари ичига нифоқ солиш, газетани обрўсизлантиришдир”.

Бош муҳаррирнинг айтишича, сохта сон 30 октябрдаёқ газета дўконларига ҳам тарқатилган: “Камида тўрт дўкончи менга телефон қилиб, газетани неча пулдан сотишлари кераклигини сўрашди”.

“Адабиёт газетаси" бош муҳаррири Бахтиёр Карим “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясини тузмоқчи бўлаётган профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги ташаббусчилар гуруҳининг энг фаол аъзоларидан.

Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка билдиришича, у газетанинг сохта сонини 30 октябрь куни "ҳовлиси эшигига қистириб кетилган ҳолда" топган.

“Бу ишни (сохта газета чиқаришни) қилганлар янги партия тузилишини тўхтата олмасликларини тушунишгани билиниб турибди. Бироқ улар бундай партия мустақил эмас, балки ҳукумат назорати остидаги партия бўлишини исташяпти. Бундай найранглари билан улар мени қўрқита олмайди”, - деди Озодликка Хидирназар Аллақулов.

Газетанинг сохта сони Ўзбекистонда бошқа бир партия - “Халқ манфаатлари” демократик партияси ташаббусчилар гуруҳи аъзоларига ҳам етиб боргани маълум бўлди. Бу гуруҳ аъзоси, юрист Журъат Тожиев газета босилган босмахона манзилига оид маълумот ёлғон эканлигини аниқлаганини билдирди.

"Адабиёт" газетасининг 30 октябрда чиққан сони Урганчдаги босмахонада босилгани кўрсатилган.
"Адабиёт" газетасининг 30 октябрда чиққан сони Урганчдаги босмахонада босилгани кўрсатилган.

"Газетада у босилган босмахона манзили “Урганч шаҳри, Искандар Дўсов кўчаси, 2- уй” деб кўрсатилган. Мен ўзим хоразмлик бўлганим учун у ерда ҳеч қачон босмахона бўлмаганини билар эдим. Шундай бўлсағда, босмахона адреси кўрсатилган манзилдаги идорага боғландим. У ерда вилоят меҳнат бошқармаси жойлашган”.

Юрист Журъат Тожиевнинг фикрича, “Адабиёт газетаси"нинг сохта сонини чиқариш "жиноят" ва бу ишни қилганлар учун Жиноят кодексининг 149-моддасида (Муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш) жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

149- моддада бундай дейилган:

“Тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Ҳуқуқшунос фикрича, сохта соннинг баъзи материалларида Жиноят кодексининг 139- моддаси (Туҳмат) бўйича малакалаш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Бахтиёр Каримнинг “Адабиёт газетаси" мамлакатдаги бошқа барча ОАВ қатори Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан (ҳозирда АОКА - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) 2017 йил, 12 июлда 926-рақам билан рўйхатга олинган.

“Шунинг учун АОКАнинг Босма ва электрон ОАВ бўлимига қўнғироқ қилдим, номаълум шахслар газетамнинг сохта сонини чиқарганини айтдим. Бўлим ходими ёзма мурожаат қилишимни айтди. Ахир иккинчи марта сохта сон чиқаришяпти, қарамайсизларми десам, “бу сизнинг проблемангиз” деди. Прокуратурага ариза топшириб чиқдим, энди АОКА кетяпман”, деди Бахтиёр Карим 2 ноябрда.

Озодлик 2 ноябрь куни АОКА матбуот хизмати билан боғланди. Озодлик саволларини эшитган матбуот хизмати ходими “мажлисга кириб кетаётганини, кейинроқ телефон қилишни” айтиб, алоқани узиб қўйди.

“Адабиёт газетаси"нинг 30 октябрда чоп этилган сони газетанинг иккинчи сохта сонидир.

Жорий йилнинг 24 июлида газетанинг сохта сони чиққани тўғрисида Бахтиёр Карим ижтимоий тармоқлар орқали 26 июлда хабар қилган эди.

Биринчи сохта сонда ҳам “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясини тузишга уринаётган профессор Хидирназар Аллақулов ҳақида “Профессорнинг найранглари” деган сарлавҳа остида фельетоннамо материал босилган эди.

“Биринчи сохта сон чиққани юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилганимизга қарамай, текширилмади”, - деди Бахтиёр Карим.

Бахтиёр Карим муҳаррирлик қилаётган “Адабиёт газетаси" ташкил топганига уч йилдан ошди. Газетхонлар фикрича, нашр ҳурфикр минбарига айланишга улгурди.

Жамол Камолнинг 2018 йилда чоп этилган “Фикрсизлик фожиаси” мақоласи “Ўзбекистон 25 йил давомида бир одамнинг ақли билангина яшади, қолганларга фақат қарсак чалиш ҳуқуқи берилди холос”, деган сўзлар билан бошланган эди.

Шукрулло, Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Темур Пўлатов, Жаҳонгир Муҳаммад сингари Ўзбекистонда расмий ва норасмий тақиқ қўйилган муаллифларнинг мақолалари охирги ўн йилларда илк бор "Адабиёт газетаси"да дунё юзини кўрди.

“Албатта, бу юқорига ёқмасди. Шунинг учун улар 2018 йили газетанинг бир сонини мусодара қилдилар. Тошкент босмахоналари шартнома тузмай қўйгач, ноилож вилоятларга бориб, газетани чоп этишга мажбур бўляпман”, - деган эди Бахтиёр Карим Озодликка.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида Бахтиёр Карим ва оиласи бир неча ҳафта Ўртачирчиқ туманининг Ўртасарой қишлоғидаги карантин марказида ушлаб турилганди.

Кейинроқ коронавирус ташхиси қўйилган 61 ёшли Бахтиёр Карим вирусни карантин марказида юқтирган бўлиши мумкинлигини айтган. У ўзи ва оиласининг мажбуран карантин марказига жойлаштирилиши сиёсий партия тузиш йўлидаги фаолияти билан боғлиқ эканини иддао қилганди.

АОКА ва "Матбуот тарқатувчи" акциядорлик компанияси Бахтиёр Карим муассиси бўлган мустақил газетанинг сохта сонлари юзасидан ҳозирча бирон расмий изоҳ бермади.

Ўзбекистонда матбуот, жумладан босма нашрлар давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади, давлат корхоналари уларни чоп этиш ва тарқатиш бўйича монополияга эга.

Ўтган ҳафта президент фармони билан давлат тасарруфидаги қатор газета-журнал ва матбаачилик корхоналари хусусий инвесторлар учун сотувга қўйилди.

XS
SM
MD
LG