Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:26

Аҳмад Шоҳ Маъсуд ва унинг ўғли Тожикистонда нега бу қадар машҳур?


Душанбеда янги туғилган чақалоққа Аҳмад Шоҳ Маъсуд ва унинг ўғли шарафига Маъсуд исми берилди.

“Панжшир арслони” лақаби билан машҳур Аҳмад Шоҳ Маъсуд бир пайтлар совет қўшинларига, кейинчалик толибларга қарши уруш олиб борган. У 2001 йил 9 сентябрь куни “Ал Қоида” уюштирган суиқасд натижасида ўлган эди.

Жажжи Маъсуд Афғонистонда, жумладан, Панжшир дарасида юз бераётган воқеаларни бутун Тожикистон ҳаяжон билан кузатиб турган кунларда дунёга келди. Панжширда афсонавий марҳум Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуд мамлакатни босиб олган толибларга қаршилик кўрсатиш ҳаракатига бошчилик қилмоқда.

“Маъсуднинг ғалабасини ният қилиб”

Мавзуна Ҳайдарова фарзандини 7 сентябрь куни пойтахтдаги “Истиқлол” тиббиёт марказида дунёга келтирди.

“Ўғлим Афғонистон воқеалари ва Аҳмад Маъсуд барчанинг тилидан тушмай қолган кунларда таваллуд топди. Илоҳим Аҳмад Маъсуд тарафдорларининг қўли баланд келсину Афғонистонда ниҳоят тинчлик ва хотиржамлик қарор топсин, деган ниятда фарзандимизга Маъсуд деб исм қўйдик”, дейди Мавзуна Ҳайдарова Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Отаси ўлганида Аҳмад Маъсуд 12 ёшли бола эди. “Панжшир арслони”нинг умрига “Ал Қоида” ҳудкуши завол бўлган эди: у дала қўмондони ҳузурига журналист қиёфасида ва ичига портловчи модда яширилган видеокамера билан келган.

Кенжа Аҳмад Маъсуд отасининг изидан бормоқда: аввалроқ у отаси “ислом фашистлари” деб атаган толибларга қарши сўнгги нафасигача жанг қилишини айтган эди.

Толибон радикал ҳаракати жангарилари 15 август куни Кобулга кириб, бутун Афғонистон ҳудуди (Панжширдан ташқари) улар назоратига ўтганини эълон қилишди. Бир ҳафтадан сўнг, 22 август куни толиблар кенжа Аҳмад Маъсуддан тўрт соат ичида Панжшир вилоятини топширишни талаб қилиб, акс ҳолда қаршилик ҳаракати аъзолари жазоланишини айтишди.

Қаршилик ҳаракати раҳбари ультиматумни рад этиб, минтақани толибларга таслим этишдан бош тортди. Шундан сўнг Панжшир дарасида қақшатқич жанглар бошланиб кетди. 6 сентябрь куни Толибон вилоятни ўз қўли остига олганини эълон қилди. Миллий қаршилик фронти эса бунга жавобан бутун Панжшир вилоятидаги стратегик нуқталарни эгаллаб турганини ва толибларга қарши урушни давом эттиришини билдирди.

“Маъсуд – ёшларнинг идеали”

Сўнгги кунларда оммабоп ижтимоий тармоқларнинг тожик сегменти панжширликларни ва қаршилик ҳаракати раҳбари Аҳмад Маъсудни қўллаб-қувватлашга чақирилган шиорларга тўлиб кетди.

Аҳмад Маъсуд шижоатли ва довюрак йигит бўлса-да, дунё уни аввало, ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ СССР қўшинларига қарши турган кучларнинг етакчиларидан бири бўлган отаси Аҳмад Шоҳ Маъсуд туфайли танийди.

Марҳум қўмондонни Тожикистон раҳбарияти ҳамон ҳурмат қилади. 2 сентябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Афғонистон миллий қаҳрамони Аҳмад Шоҳ Маъсуд билан Афғонистоннинг собиқ президенти, марҳум Бурҳониддин Раббонийни I даражали Исмоил Сомоний ордени билан тақдирлади.

Президент фармонида ёзилишича, қўшни мамлакатнинг таниқли сиёсий арбоблари “1993-1996 йилларда тожиклар ўртасида кечган музокараларда кўмаклашгани ва воситачилик қилгани ҳамда Тожикистонда тинчлик ўрнатилишига қўшган улкан ҳиссаси учун” давлат мукофотларига сазовор бўлишган.

Тожик адиби, “Маъсуди сипоҳсолор” (“Лашкарбоши Маъсуд”) романи муаллифи Сайид Раҳмон айтишича, Аҳмад Шоҳ Маъсуд Тожикистонда фуқаролик уруши йилларида айниқса довруғ қозонган. Ўша пайтлар у Бурҳониддин Раббоний ҳукуматида мудофаа вазири лавозимида ишларди.

Аҳмад Шоҳ Маъсуд урушдан қочиб Афғонистон шимолига кўчиб борган тожикистонликларга катта ёрдам кўрсатган. Қолаверса, унинг ва Бурҳониддин Раббонийнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Тожикистон ҳукумати ва Бирлашган тожик мухолифати музокара столига ўтирган.

“Кўп инсонлар умр бўйи ўзларига идеал қидириб яшайдилар. Фуқаролар уруши йиллари Тожикистонда кўпчилик ўз идеалини топди – у Аҳмад Шоҳ Маъсуд эди. Нафақат тожиклар, балки кўплаб ажнабийлар ҳам Маъсуд билан бир марта суҳбатлашгандан сўнг унга мафтун бўлишарди. Мужоҳидларга асир тушган бир рус аскари Маъсуднинг жасурлиги ва инсоний фазилатларидан чунон ҳайратга тушганки, пировардида унинг хизматига кириб, шахсий қўриқчисига айланган”, ҳикоя қилади ёзувчи.

Маъсудни Тожикистон билан қандай ришталар боғлайди?

Афғонистон Толибон назорати остида бўлган 90-йиллар охирида Аҳмад Шоҳ Маъсуд оиласи Тожикистонда яшаб турган. Дарвоқе, кенжа Маъсуд 5 синфгача Душанбедаги форсий мактабда ўқиган. Ўша йиллар Тожикистондан Афғонистон шимолига мунтазам равишда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар етказиб туриларди.

2001 йил 9 сентябрда “Ал Қоида” уюштирган суиқасдда оғир жароҳат олган Аҳмад Шоҳ Маъсудни Тоҳар вилоятидаги Хожа Баҳовуддин қишлоғидан дарҳол Тожикистонга жўнатишган эди, бироқ дала қўмондони кўп қон йўқотгани туфайли йўлда вафот этган.

2001 йилда Аҳмад Шоҳ Маъсудга Афғонистоннинг Миллий қаҳрамони унвони берилган.

Афғонистонда тўнғич Маъсуднинг мухлислари кўп, аммо душманлари ҳам топилади – улар қўмондонни, хусусан, Кобулга ҳужум қилганликда айблашади. Тарафдорлари эса айнан Маъсуднинг шарофати билан 1980-йилларда Панжшир вилояти Афғонистонга бостириб кирган СССР қўшинларига қаршилик марказларидан бири бўлганини урғулайдилар.

Айтганча, “Панжшир арслони” лақабини унга совет ҳарбийлари қўйишган – Аҳмад Шоҳ Маъсуд совет қўшинларининг вилоятга ҳужумини тўққиз марта қайтаргани учун.

1989 йили совет қўшинлари Афғонистонни тарк эди, тез орада СССР отли қудратли давлат ҳам барҳам топди.

Советлардан сўнг Аҳмад Шоҳ Маъсуд толибларга қарши урушди. 90-йилларда айнан унинг “касрига” Толибон Афғонистонни тўлиқ ишғол эта олмай қолди – Панжшир толибларга ҳам бўйсунмади.

“Ҳурматга сазовор душман”

Совет қўшинлари чекланган контингенти сафида Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган Сайидкарим Шокиров совет аскарлари “душманлар бошлиғи” бўлганига қарамай Аҳмад Шоҳ Маъсуд номини ҳурмат билан тилга олишганини айтади. Бунинг сабаби аввало, Маъсуднинг асирга тушган совет жангчиларига инсоний муомала қилганидадир.

“Маъсуд умум қабул қилинган уруш қоидаларига қаттиқ риоя қиларди. Маъсуднинг қўлида тутқунликда бўлган совет аскарлари унинг оқкўнгиллиги, мурувватпешалиги ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилишарди. Шу тариқа биз Маъсудни, “душман” деб билшишимизга қарамай ғойибона ҳурмат қила бошладик”, дейди Сайидкарим Шокиров.

Аҳмад Шоҳ Маъсуд 1 сентябрда 68 ёшга тўлган бўлур эди. Буюк қўмондон Панжширдаги Жангалак номли тожик қишлоғида туғилиб, вояга етган. Унинг юрти ҳозирда Толибонга қарши кураш рамзига айланган, бу курашга эса ўғли – кенжа Аҳмад Маъсуд бошчилик қилмоқда.

XS
SM
MD
LG