Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:12

Наманганда қишлоқ ўртасидаги мактаб карантин маскани қилинаётганига аҳоли норозилик билдирмоқда


Наманган вилоят, Поп туманидаги Қўшминор қишлоғи аҳолиси шу қишлоқдаги коллеж ётоқхонаси коронавирус юқтирганликда гумон қилинаётганлар учун карантин масканига айлантирилаётганидан норозилик билдирмоқда.

Қўшминорликларнинг Озодликка айтишича, қишлоқдаги 69-умумтаълим мактабига қўшиб берилган бу ётоқхона қишлоқнинг ўртасида жойлашган, аҳоли уйларига жуда яқин ва атрофи изоляция қилинмаган, шу сабаб қишлоқ аҳлига жиддий хавф солиши мумкин.

Поп туман ҳокимлиги мулозими "барча касалхоналар карантинга олинганлар билан тўлиб бўлгани учун" вақтинча бу ётоқхонадан фойдаланиб туришга қарор қилинганини билдирди.

Қўшминор маҳалласида яшайдиган, тўрт фарзандли отанинг айтишича, қишлоқ ўртасида карантиндагиларни сақлаш аҳоли учун жуда жиддий хавф туғдиради:

“Биз ҳам вазиятни тушунамиз, лекин хавфни янада ошириш керак эмас. Қишлоқнинг ўртасида ким бундай карантин зона қилади? Бизнинг уйимиз ана шу ётоқхонадан 50 метр бу ёқда. Атроф ўралмаган, изоляция қилинмаган. Фарзандларим, қари ота-онам учун бу жуда катта хавф. Ҳамқишлоқларимиз ҳам бу қарордан норози”.

69-умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчисига кўра, мактаб ҳудудида коронавирусда гумонланганларни сақлаш, ҳеч бир қоидага тўғри келмайди:

Бу ерда ичимлик сувнинг ўзи йўқ, ичкарида ҳожатхоналар ишламайди.


“Бу коллеж биноси ҳозир мактабнинг ихтиёрига ўтган. Учинчи курслар ва бизнинг 13 та синф ўқувчилари шу коллеж биносида ўқишади. Коллежнинг ётоқхонаси бор. Қарийб 15 нафар коллеж ўқувчиси шу ётоқхонада турарди. Бу ерда ичимлик сувнинг ўзи йўқ, ичкарида ҳожатхоналар ишламайди. Касал одам барибир ҳожатга ташқарига чиқадику! Вирус учиб 40-50 метр яқиндаги уйларда яшайдиган аҳолига юқмайди деб, ким кафолат бера олади. Бугундан бошлаб хоналарни жиҳозлашга киришишди. Ўқитувчилар бориб норозилик билдирса, ҳаммасини ҳайдаб чиқаришяпти”.

Қўшминор маҳалласининг исми қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, маҳалла аҳли билдираётган норозиликни туман ҳокимлиги инобатга олмаяпти:

Депутатимиз ҳам келиб, норозилик билдирди. Бор йўғи 28 одам, ҳеч нарса бўлмайди, дейишди.


“Бугун эрталаб туман ҳокимлиги ва ИИБдан келишиб, ана шу ётоқхонага жой қиламиз, деди. Маҳалламиз раиси “бу қишлоқнинг ўртаси, хавф катта бўлади, бошқа жой йўқми" деса, "йўқ”, дейишди. Депутатимиз ҳам келиб, норозилик билдирди. Бор-йўғи 28 одам, ҳеч нарса бўлмайди, дейишди. Ётоқхонанинг шундай олдида 70 та замонавий коттеж бор, орқасида ҳам, ёнларида ҳам уйлар бор. Одамлар раисимизга мурожаат қилиб, қўйманг деб талаб қиляпти. Раиснинг эса гапи ҳокимликка ўтмаяпти”.

Поп туман ҳокимлигидаги карантин масалалари бўйича масъул шахс Исмоил Ҳайитбоев Озодликнинг бу мавзудаги саволини эшитиши билан алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Поп туман ҳокимлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, карантинга олинаётганларга жой қолмагани сабабли, ҳокимлик қишлоқ ўртасидаги ётоқхонани тайёрлашга мажбур бўлган:

Вазият жиддий. Қўшминорга иложсизликдан вақтинча жойлаштиряпмиз.


“Карантинга олишга жой қолмади. Юқумли касалликлар касалхонамиз бор эди, тўлди. Халқободда коллеж бор эди, у ҳам тўлди. Чартер рейс билан олиб келинганлар ҳам бор, касалхонанинг ўзида юқтириб олиб, уйига келиб оила аъзолари билан мулоқотда бўлганлар ҳам бор. Уйғур қишлоғида бешта маҳалла тамоман карантинга олинган. Вазият жиддий. Қўшминорга иложсизликдан вақтинча жойлаштиряпмиз. Атрофи изоляция қилинади. Тошкент йўлида, ҳарбий қисм ёнида контейнер касалхона қуриляпти, бир ҳафтада битиб қолса керак. Кейин ўша ерга кўчирамиз”.

Наманган вилоятидаги исми сир қолишини сўраган инфекционист врачлардан бирининг айтишича, аҳоли зич яшайдиган қишлоқ яқинида карантин ҳудуд ташкил қилиш санитария талабларига зиддир:

"Бундай карантин ҳудудлар аҳоли яшайдиган жойдан камида беш километр узоқликда бўлиши керак. Қишлоқ ўртасида бундай карантин зоналарини ташкил қилиш, вирусни юқтириш эҳтимолини яна бир неча карра оширади".

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, 12 апрель куни аҳолига мурожаат қилиб, вазият жиддий эканлиги, карантин кучайтирилгани ҳақида гапирган эди.

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 13 апрель соат 06:00 дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилди.​

XS
SM
MD
LG