Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 30 октябрь куни Анқарада ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида қатнашмаяпти. Унинг иштирок этмаётгани мактабларда ҳижоб ўрашга қўйилган чекловлар юзасидан Боку ва Анқара ўртасидаги очиқ баҳс фонида кузатилмоқда. Бироқ бу қарорнинг мазкур баҳсга боғлиқлиги тасдиқланмаган.
Озарбайжоннинг Report агентлиги Алиевнинг саммитда қатнашмаслигини аввалдан режалаштирилган тадбирлар ва иш жадвали тиғизлиги билан изоҳлади. Президент топшириғига кўра, мамлакат номидан ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов иштирок этмоқда.
Агентлик хабарида Алиев 30 октябрда Бокуда FIFA U-15 жаҳон чемпионати ва фестивали финалчиларини тақдирлаши белгилангани айтилган. Унинг ушбу маросимдаги иштироки олдиндан режалаштирилган.
Анқарадаги 13-саммитда ташкилотга раислик Озарбайжондан Туркияга ўтиши кутилмоқда. Кун тартибига савдо, инвестиция, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари киритилган. Саммит якунида Анқара декларацияси ҳамда қатор қўшма ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилган.
Мирзиёев Анқарада: бешта ҳужжат имзоланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев саммитда иштирок этиш учун 29 октябрда Анқарага келди. Шу куни у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. Музокараларда икки томонлама муносабатлар, савдо ва инвестиция ҳамкорлиги, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича бешта ҳужжат имзоланди. Улар бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни ташкил этиш, имтиёзли савдо келишуви доирасидаги товарлар рўйхатини кенгайтириш, ижтимоий таъминот ҳамда чегарадан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашишни қамраб олади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, келишувлар савдони кенгайтириш, тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш ва икки мамлакат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Туркия томонининг маълум қилишича, Эрдўғон Мирзиёевни Анталияда ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференцияси доирасидаги етакчилар саммитига ҳам таклиф қилган.
Боку ва Анқара ўртасидаги баҳс
Туркия Озарбайжоннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири. Аммо озарбайжонлик ўқувчи қизларнинг ҳижоб сабабли дарсларга киритилмаётгани ҳақидаги хабарлар икки мамлакат вакиллари ўртасида кескин баёнотларга сабаб бўлди.
Эрдўғоннинг маслаҳатчиси Ўктой Сарал ҳижоб ўраган ўқувчиларни таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни "йўл қўйиб бўлмайдиган" ҳолат деб атади.
"Озарбайжон бу хатони имкон қадар тез тузатишини кутамиз", деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.
Озарбайжоннинг ҳукмрон "Янги Озарбайжон" партияси Саралнинг гапларини "масъулиятсиз" деб баҳолади ва бундай баёнотлар икки мамлакат муносабатларига зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Истанбулдаги Озарбайжон консуллиги олдида ҳам чекловларга қарши намойишлар ўтказилди.
Ҳижоб тилга олинмаган, аммо қизлар дарсга киритилмаяпти
Баҳс Озарбайжон Вазирлар маҳкамаси 21 сентябрда мактаб формасига оид янги талабларни тасдиқлаганидан сўнг бошланди. Ўзгартишлар мактаб формасига мос келмайдиган ёки дунёвий таълим тамойилларига зид кийимларни тақиқлайди.
Ҳужжатда ҳижоб бевосита тилга олинмаган. Шу сабабли талабларни қандай қўллаш амалда мактаб маъмуриятлари ихтиёрида қолмоқда.
Боку ва бошқа шаҳарлардаги ота-оналар мактаб раҳбарияти қизлардан рўмолини ечишни талаб қилаётгани, айримларини эса дарсларга киритмаётганидан шикоят қилган. Баъзи ўқувчилар норозилик сифатида дарсларга бормай қўйган.
12 октябрда Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги янги талабларга бўйсунмаслик ва жамоат тартибини бузишга уриниш айбловлари билан 37 киши ушланганини маълум қилди.
Дунёвий таълим ва эътиқод эркинлиги
Чеклов тарафдорлари янги талаблар болаларни оила ва атрофдагиларнинг диний босимидан ҳимоя қилишини айтмоқда.
Ҳукмрон партия депутати Элнара Акимова Озод Европа/Озодлик радиосининг Озарбайжон хизматига болаларнинг дунёқараши, танлови ва қарорлари кўпинча оиласи ҳамда атрофдагилар таъсирида шаклланишини билдирган. Унинг айтишича, ўзгартишлардан мақсад — таълим муҳитининг бетарафлигини таъминлаш.
Чекловларга қаршилар эса қоидалардаги ноаниқлик ва уларнинг турлича қўлланиши болаларнинг таълим олишига асоссиз тўсиқ яратаётганини таъкидламоқда.
Бокуда яшовчи Гулмира Асланова пойтахтнинг Наримонов туманидаги 172-мактаб маъмурияти қизидан дарсларга рўмолсиз келишни талаб қилганини айтган. Унинг фикрича, бу талаб Конституцияда кафолатланган эътиқод эркинлиги ва таълим олиш ҳуқуқига зид.
"Мамлакатимизда ўрта таълим мажбурий ва ҳар бир бола мактабда ўқиши керак", деган Асланова.
Мамлакат жанубидаги Жалилобод шаҳрида ҳам ота-оналар шунга ўхшаш шикоятлар билан чиққан.
Аввал ҳам намойишларга сабаб бўлган масала
Озарбайжонда мактабда ҳижоб ўраш масаласи аввал ҳам норозиликларга сабаб бўлган. 2010 йил декабрда мактаб формаси талабларига қарши юзлаб киши Бокуда намойишга чиққан. Полиция кейинги акцияларни тарқатган, аммо норозиликлар 2011 йилда ҳам давом этган.
Аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган Озарбайжон Конституциясида давлатнинг дунёвийлиги ва эътиқод эркинлиги белгиланган. Айни пайтда ҳукумат диний фаолият устидан қаттиқ назоратни сақлаб келади.
АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси — USCIRF 2026 йилги ҳисоботида "диний эркинликнинг жиддий бузилишлари" сабабли Озарбайжонни Давлат департаментининг махсус кузатув рўйхатида сақлаб қолишни тавсия қилган.
Туркиянинг ўзида ҳам университетлар ва давлат муассасаларида рўмол ўрашга узоқ йиллар чекловлар амал қилган. Бу тақиқлар 2010–2017 йилларда босқичма-босқич бекор қилинган.