Линклар

Шошилинч хабар
05 март 2024, Тошкент вақти: 03:48

Улуғбек Ашур: Алламжонов "Негатив"ни судга бермоқчи


Улуғбек Ашур, "Негатив" дастури. Видео скриншоти.
Улуғбек Ашур, "Негатив" дастури. Видео скриншоти.

Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов мустақил журналист, YouTube даги Negative канали муаллифи Улуғбек Ашур устидан судга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Бу ҳақда Улуғбек Ашурнинг ўзи 10 декабрь куни Фейсбук саҳифасидаги видео постида Алламжоновнинг адвокатларига иқтибосан маълум қилди.

Ҳозирда Канадада яшаётган журналистнинг Озодликка билдиришича, Алламжоновнинг канадалик адвокатлари йўллаган мактубда “Комил Алламжоновга нисбатан туҳмат ва муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши” ҳақида сўз боради.

Адвокатлар ўз мижози YouTube даги Negative каналида жорий йилнинг 23 август ҳамда 14 октябрь кунлари эълон қилинган “ёлғон ва туҳмат” материаллардан норози эканини билдирган.

23 август куни эълон қилинган видеода президент администрациясининг мулозими бўлган Алламжонов терговдаги блогер “Абдуқодир Мўминовни кўриш учун Тошкентдаги ҳибсхонага киргани ва унга барча айбларга иқрор бўлиш ва судда кўп гапирмаслик эвазига енгилроқ жазо ваъда қилгани” иддао қилинган.

“Газетчилар тахтга яқинлашганда” сарлавҳали иккинчи видеода эса, муаллиф таъбирича, “Алламжонов шахсияти ва унинг омад формуласи” ҳақида сўз боради.

Унда муаллиф, жумладан, “Алламжонов оммавий ахборот воситалари, вебсайтлар, блогер ва журналистлардан ўз манфаати йўлида фойдаланиши”ни иддао қилади.

Канадалик адвокатларнинг даъво қилишича, бу иддаолар асоссиз ва “Комил Алламжоновнинг обрўсига сезиларли даражада зарар етказган”.

Ҳар икки видеолавҳа (“Алламжонов ҳибсдаги блогер билан учрашганми?”, “Газетчилар тахтга яқинлашганда”) Алламжонов адвокатларининг мактуби ортидан муаллиф томонидан YouTube дан олиб қўйилган. Озодлик билан суҳбатда Улуғбек Ашур уларни муаллифлик ҳуқуқи важидан, шунингдек, “ўз манбаларини ҳимоя қилиш мақсадида” олиб қўйганини таъкидлади.

Айни пайтда у канадалик адвокатларнинг мактубида келтирилган “Комил Алламжоновдан кечирим сўраш ва туҳмат мазмунидаги баёнотларга раддия бериш” ҳақидаги талабни бажаришдан бош тортишини билдирди.

Улуғбек Ашур ушбу видеолавҳалардаги муаллифлик ҳуқуқи масаласи ҳал қилинганидан сўнг улар қайта нашр қилинишини айтмоқда.

Алламжоновнинг адвокатлари видеолар жорий йил 14 декабрига қадар олиб ташланмагани тақдирда Улуғбек Ашурга нисбатан “маҳкама даъвосини бошлаш ҳақидаги йўриқномани кутишлари” ҳақида огоҳлантирган.

Аммо адвокатларнинг мактубидан журналистнинг "кечирим сўраш" ҳақидаги талабни бажармаслиги маҳкама даъвоси бошланишига сабаб бўладими, йўқми, англашилмайди.

Комил Алламжонов: “Пул топиш ёмон эмас, гап пулни қандай топишда!”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:43:13 0:00

Улуғбек Ашур эҳтимолий маҳкамада ўзини ҳимоя қилишга тайёрлигини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу каби маҳкама Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлигининг ҳақиқий аҳволини кўрсатади.

Алламжоновнинг ўзи Улуғбек Ашурга нисбатан бошламоқчи бўлаётган маҳкама даъвоси юзасидан бирон изоҳ берганича йўқ.

У 2022 йил июнида Германиядаги адвокатлар орқали мустақил “Элтуз” нашрида ўзи ҳақида эълон қилинган мақола юзасидан судга мурожаат қилмоқчи бўлгани маълум.

"Алламжонов 4,2 млн долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга алоқадор" экани айтилган мақола юзасидан очилган даъво пировардида судгача етиб бормаган ва “Элтуз” нашри мақоладаги фактлар тасдиқланмагани учун Алламжоновдан кечирим сўраганди.

2022 йил июлида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича суди мақолани кўчириб босган Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежковга нисбатан суд ишини айбдорлик масаласига аниқлик киритмасдан тўхтатган. Алламжонов "Ежков хато қилгани ва узр сўрагани туфайли ўз аризасини қайтариб олишга қарор қилгани" ҳақида ёзган.

Алламжоновнинг қайтиши: Матбуот эмас, 'мафкура котиби'
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:03 0:00

39 яшар Комил Алламжонов Президент администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимига тайинлангунига қадар ПА раҳбарининг ўринбосари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ҳамда Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси лавозимларида ишлаган.

Озодлик манбалари Алламжонов администрациянинг шу йил 25 августида тасдиқланган янги вертикалида амалда Саида Мирзиёевадан кейин учинчи одамга айланганини айтишган.

Ўз чиқишларида сўз ва матбуот эркинлиги тарафдори эканини урғулаб келадиган Комил Алламжонов 2021 йилда нашр этилган “Алламжонов айбдор” номли китобида ўзининг монополист экани ва сиёсий лавозимларидан шахсий бойлик орттириш йўлида фойдалангани ҳақида маҳаллий ва халқаро матбуотдаги иддаоларни рад этган.

У 2022 йил июлида Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланган пайт ўзининг "барча бизнес лойиҳалари ва компанияларини бошқа эгаларига топшириши"ни эълон қилган эди.

Ўтган вақт мобайнида Алламжоновга алоқадор компанияларнинг давлат буюртмаларидан пул қилаётгани ҳақидаги иддаолар тўхтамаган ва Алламжоновнинг ўзи олдинроқ Озодлик билан суҳбатда бу иддаолар билан боғлиқ саволларга жавоб берган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG